Фариданинг Истамбулдек шаҳри
азимга келганига йил бўлгани йўқ. Назарида эса бутун умри шу ерда ўтганга
ўхшайди. Кунларнинг ўтиши бирам қийин, кечалари бирам узун, тонг отиши ундан-да
оғир. Баъзан тонг саҳарлаб уйқуси ўчади, қанийди ҳозир ўз уйида ётган бўлсайди.
Ўз уйида барвақт қичқирадиган хўроздан норози бўларди, ҳозир ўшанинг қичқириғигаям
зор. Бегона юртнинг ҳамма нарсаси бегоналигини энди тушуниб етаяпти...
Бахт дегани қўлингга қўниб турган қушдай
гап. Қушни узоқ ушлаб туриш мумкин
бўлмаганидек бахтни қай тарзда тутиб қолиш мумкинлигини у билмади. Билганида
эди, бегона элда тентираб юрмасди. Ҳозир инжиқ ва касалманд кампир ўз тилида
нималарнидир валдирайди, кейин жаҳл билан имо-ишорада тушунтиради. У бой
кампир, болалари Фаридага ўхшаган уч нафар аёлни уйга аллақанча пулга ёллашган.
Бирови ошхонада, бирови кир-чирларга қараса,
Фарида шу аёлга қарайди. Кампир ётиб қолган,
таглигини янгилаб керакли
дори-дамронларини, егуликларини вақтида бериб туради. Пул ўлсин, дейди баъзан
ичида. Шу кампирнинг қилиқлари жонига тегсаям айтганларини бажаришга мажбур, чунки бу ерда у ҳеч
киммас. Шунинг ўрнида қайнонаси
бўлганида борми? Аслида қайнонаси ҳозирги ақли билан ўйлаб кўрса унчалик ёмон
бўлмаган экан. Нега унинг фақат ёмон тарафларини кўрибман...
Фариданинг эри тузуккина жойда
ишларди, маошини онасига келтириб тутарди. Қайнотаси юмшоқ феълли киши, уй ҳаражатларига
умуман аралашмасди, ҳаммасини аёлига топшириб қўйган. Фаридага бу ёқмасди. Нега
янги оила қуришсаям эри унгамас, онасига маслаҳат солади, топганини унга
келтиради? Мана шунақа арзимас ёмон
хаёллар охири тилига кўча бошлади. Арзимаган жанжаллар, дилхираликлар
эрини ундан тобора узоқлаштира бошлади. Орадаги жарлик кенгайиб-кенгайиб суд
эшигигача етиб борди. Судда бирор бир жўяли сабаб топилмасада иккалови ҳам
бир-бировидан безиганини, ортиқ яшайолишмаслигини айтиб қатъий туриб олишди.
Хуллас, икки тарафга кетшди. Икки бола Фаридада қолди. Авваллари анчагача эри, қайнона-қайнотаси
болаларни кўргани боғчага, кейинчалик мактабига қатнашди. Фарида уларнинг
келишини таъқиқлаб қўйди. Шу билан улардан устунлигини кўрсатиб қўймоқчидек. Оқибатда
эри буткул бегоналашди ва ўзидан анча кичик ёшли қизга уйланиб олди.
Фаридага бу ҳолат қаттиқ таъсир
этсаям сездирмади. Болаларимни ўзим катта қиламан, садақасига-алиментига зор
эмасман, деб алиментдан воз кечди. Болаларнинг йилдан йилга бўйи ўсди, ақли ўсди. Айбдор кимлигига ақли етишмасаям нега
уйимиз йўқ, деб юракни эзадиган саволларни берадиган бўлишди. Фарида кўпроқ пул
топиш, уй олиш илинжида хорижда ишлаб
юрган дугонасига маслаҳат солди. У бир амаллаб Туркияда ўзи ишлайдиган шу
хонадонга олиб келди. Мана, бир йилга яқинлаб қолдики кўчагаям чиқмайди, дам
олиш нималигини билмайди. Оладиган пулини қисиб-қимтиб тўплайди. Болаларини қариндошларга
қолдирган. Қанийди ота-онаси тирик бўлганида... Фарида кўпинча шошма-шошқалоқлик
билан тақдирини ҳал қилганига болаларини тирик етим қилиб қўйганига
афсусланади. Шундоққина бахт қушини ўзининг инжиқлиги ва ўжарлиги, манманлиги
билан учириб юборди. Бироқ кейинги пушаймондан фойда йўқ. Ҳозир иложини
топса она юртига учиб кетишга рози. Аммо
бунинг иложи йўқ, оладиган меҳнат ҳақи учун тузилган шартнома бор...
Фарида ҳали-бери уйига қайтмаслигини
билади ва болаларининг овозини телефонда эшитиб юраклари соғинчдан сел бўлиб оқади.
-
Болам,
озгина кутинглар, албатта бораман. Уй оламиз, бошқа бу ерларга келмайман. Доим
бирга бўламиз, озгина сабр қилинглар...
Ҳар гал шу гапларни айтадию кўзларидан оқиб турган аччиқ аламли
ёшларини болалари кўрмаётганига севинади. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ,
деган гапнинг маъносини энди тушуниб етди. Ўз элинг, беминнат яшаш тарзинг,
элдошларинг, фарзандлар давраси... булар тирик
зот учун катта бойлик ва бетакрор дил хотиржамлиги эканини энди билди. Бироқ,
шу оддий ҳақиқатни англаши учун қанча бахтли кунларини, умрини шамолларга
совуриб юборди...
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий