Шаҳноза болалигидан спортга ошно тутинган муҳитда
улғайди. Оиланинг кенжаси опалари ва акаси каби соғлом турмуш тарзига амал қилишни
дадаси Ҳикматулло Абдураҳмоновдан ўрганган десак, адашмаймиз. Сабаби, оила
бошлиғи спортнинг самбо ва турон кураши бўйича спорт устаси, мунтазам шуғулланишни
канда қилган эмас. Бугун фарзандлар камолоти йўлида қилинган саъй-ҳаркатлар
бесамар кетмаганини биргина 17 ёшли Шаҳнозанинг қўлга киритаётган ютуқларидан
далолат бериб турибди.
Табиатан шўх-шодон, гапга чечан спортчимиз
дастлаб ақл машқи ҳисобланмиш шахмат билан 5 йил давомида тажрибали мураббий
Маматқул Ҳайлаев қўл остида шуғулланди.
Эришган мувафаққиятлар ҳам ўзига яраша бўлди. Хусусан, 2012 йилда “Камолот”
ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиниб
келинадиган “Камолот” шахмат тахтаси” танловининг республика босқичида фахрли
1-ўринни эгаллагани аҳамиятга молик.
Йиллар ўтиши билан Шаҳноза шахмат оламидан
сониялар ичида ғолибликни ҳал қилувчи спорт тури ҳисобланган армбреслингга қизиқиш
пайдо бўлади. Бундан уч йил илгари 11 карра Жаҳон чемпиони, тажрибали мураббий
Умид Аҳмедов Шаҳнозани кўрганида “Шахмат
доналарини кўтарган қизни энди тош кўтаришга ўргатамиз” деган ҳазиломуз гаплар
билан қарши олади. Шундан сўнг қаҳрамонимиз ўзи учун янги бўлган спорт
майдончасида машғулотларга киришиб кетади.
Спортчининг ютуғида албатта, мураббийнинг ҳиссаси
катта. Мураббий яхши бўлсаю, спортчи яхши бўлмаса ёки аксинча, ғалабага етишиш қийин.
Чунки олдинда турган мақсадга
эришиш учун бир бутун бўлиб ҳаракат қилиш лозим. Шу сабабдан бўлса керакки, Шаҳноза
армбреслингдаги илк мусобақадаги иштирокиданоқ, совринли ўринни эгаллади.
Хусусан, 2014 йилда Навоий шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 2-ўринни
банд этди. 2015 йилда Қозоғистоннинг Тарас шаҳрида катталар ва ёшлар ўртасида 60 кг вазн тоифасида қизлар
ўртасида Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритди. Ўша йилнинг ўзида спорт устаси
бўлди.
– Ўша йилги Осиё кубоги
бир умр ёдда қоладиган воқеага айланиб қолди, - дейди қаҳрамонимиз Шаҳноза
Абдураҳмонова. – Бунга ккита
сабаб бор: илк бор мана шундай нуфузли мусобақада иштирок этишим ва
жамоамиз ҳисобига биринчи олтин медални қўлга киритганлигимдир. Юртимиз мадҳияси
ўзга элда янграганида, байроғимиз баланд кўтарилганини кўриб, мусобақага
тайёргарлик машғулотларимдаги қийинчиликларни ҳам унутдим. Ўзимда янада янги марраларни забт этиш учун иштиёқ
сездим.
Шаҳноза ўтган йили 65 кг вазндаги қизлар
ўртасида Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди. Тошкент шаҳри мезбонлик
қилган Осиё чемпионатида эса шоҳсупанинг
3-поғонасидан жой олди. Шундан сўнг
Болгария давлатида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам қуруқ қўл билан қайтмасдан
бронза медалига эга чиқди.
2017 йил ҳам спортчимиз
учун омадли бошланди. Сабаби мазкур ойда Навоий шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон
чемпионатида қизлар ўртасида 70
кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаш насиб этди.
Спортчи қизимиз жамоат
ишларида ҳам ўз ўрнига эга. “Камолот” ЁИҲ Оқолтин тумани Кенгашининг фаол
аъзоларидан. У Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида пойтахтимизда ташкил
этилган “Истиқлол фарзандлари” республика ёшлар фетивали иштирокчиси.
Шунингдек, “Биз буюк юрт фарзандларимиз!”, “Сен билан “Камолот” сари” тарғибот-ташвиқотларда
фаол қатнашиб келмоқда. Бундан ташқари Шаҳноза O`zLiDeP партиясининг тадбирларида фаол иштирок
этади.
– Ҳар гал дадам
ёшликлари ҳақидаги ҳикояларини сўзлаб берганларида, ўзимга нисбатан ишончим
ортганини ҳис этаман, - дейди Шаҳноза суҳбатимиз давомида. – Сабаби дадам қишлоқда
қўй боқишга чиқиб, соатлаб чанг кўчаларда километрлаб югуриб, чемпион бўлиш
орзусидан қайтмаганлар. Қиш кунлари об-ҳаво ноқулай бўлига қарамасдан машғулотларни
тўхтатмаганман, дейдилар. Бугун эса бизда барча шароит бор, фақат оқилона
фойдаланишимиз керак.
Қаҳрамонимиз инглиз
тилига қизиқади. Шу туфайли олган билимларини синаб кўриш мақсадида 2012 йили
вилоят ҳокимининг “Хорижий тил билағони” кўрик-танловида иштирок этиб, ғолиб ва
стипендия соҳибаси бўлади.
– Китоб мутолаа қилиш
инсон тафаккурини ўсишига ёрдам беради, - дейди қаҳрамонимиз. – Маънавий
оламингиз бўш бўлса, у сизга панд беради. Суҳбатдошингиз берган саволга жўяли
жавоб бериш учун ҳам сизга билим керак. Билимни эса биз албатта, китобдан
оламиз. Ҳеч бир соҳа йўқки, китобга мурожаат этмасак. Ўзим ҳам бўш вақт топдим
дегунча, китоб ўқишга киришаман.
Шаҳноза Абдураҳмонова
айни пайтда Оқолтин гидромелиорация ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг
“Транспортларни ташиш ва бошқаришни ташкил этиш йўналиши” бўйича 2-босқичда таҳсил
олмоқда. У коллежни тамомлагач, олийгоҳнинг жисмоний тарбия йўналиши бўйича ўқишни давом эттирмоқчи. Келажакда устози Умид Аҳмедов
каби тажрибали мураббий бўлиш етишишни ният қилган. Биз ҳам Шаҳноза ўз ниятига
етишиб, янги номларни кашф этишига умид қиламиз!
Шаҳло
АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий