Бобожоним агар ҳаёт бўлганларида юз билан юзлашармидилар? Юзларидан ёғилиб
турадиган нур у киши билан учрашган киши қалбига худди шундай илиқлик олиб
кирарди. Ниҳоятда оддий ва камтарин, самимий
феълли бобомни қишлоқдагилар
“Эргаш муаллим” деб аташарди. Баъзан
нега шаҳарликларга ўхшаб “домла”, “устоз” деб аташмас экан, деб оғриниб қўярдим. Негаки,
бобожонимнинг ўқиганлари, билганлари шунчалар кўпки, мана ман деган профессор ҳам
жимиб қоларди-да. Назаримда бобожонимга мана шу икки атама роса
мос келарди. Айниқса, тарихий воқеалар, кишилар ҳақида роса қизиқ нарсаларни
билардиларки, тинглаб тўймасдик.
Бобожоним бир умр суяги меҳнат қотганлардан.
45 йилдан зиёд қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилганлар. Шунгами ёши улуғлардан
тортиб боғча боласигача у кишини яхши танирди. Таътил бошланди дегунча
бобожонимнинг ёнига ошиқардик. Қишлоқда мазза! Тоза ҳаво, кенгликлар ва энг
яхшиси бобожонимнинг ҳаёт ҳақидаги эртаклари. Аслида уларни эртак деб бўлмасди.
Чунки воқеаларнинг ҳаммасини
ўзлари бошдан кечирганлар.
- Инсон
ҳамиша ердан оёғи узилмаслигини сўраб
илтижо қилиши керак, дердилар бобом. Биз ердан оёғи узилган, яъни
осмонда муаллақ турган кишиларни тасаввур этиб кулардик.
-
Биз
ҳам осмонга кўтарилиб ердан узилайлик, бобожон, деб ялинардик.
- Худо
сақласин, жужуқларим, астойдил қовоқ соларди бобом. – Ердан оёғи узилганларнинг
ҳеч бири рўшнолик кўрмаган, элнинг назаридан қолган холос...
Ўшанда бола бўлганмиз, бу
гапларнинг мағзини тушунмаганмиз...
-
Бобожон,
Хизр билан қандай учрашганингизни айтиб беринг,- такрор сўрардик.
- Бола
эдим, урушнинг охирги йиллари. Халқ ночор, одамлар кир-чир, ярим оч. Поъезд
вагонига осилиб лоақал биттагина зоғора нон топиб келиш учун Обручеводан анча
олис бўлган Ховос станциясига ишлашга борамиз. Ёмон одамлар, ўғрилар кўпайган.
Сал дурустроқ кийинган одам кўринса бўлди, муттаҳамлар унинг пайига тушади,
чўнтагини ўмаради. Бир ўрисникида молларини тагини тозалаб икки кун ишладим ва қишлоққа
қайтиб келардим. Ярим тунда поъезд деразасидан
қоронғуликни томоша қилиб совуқдан манзилга етишимни кутиб келардим.
Вагон вишиллаб бир ерда тўхтаб қолди. Одамлар безовталанди. Ҳайдовчилар белкуракларни олиб пастга
тушишди. Бола эмасманми, нима бўлганини билиш учун вагондан тушдим. Зулумотли
кеча, пастликда жарликлар ва биргина дарахтга кўзим тушди. Тавба, шундай тунда
дарахт тагида оппоқ кийимли, соволи нақд оёғига етадиган нуроний бир чол
ўтирарди! Одамлар мендан анча наридамиди эслолмайману шу чолга хаёлим кетибди.
Салом бериб, вагонга чиқиб олишини маслаҳат бердим. “Раҳмат болам, менинг
манзилу маконим борар ерим йўқ. Шунчалик раҳимдил экансан, кўнгилнгни Аллоҳ
тоза яратган экан, илоё бахтли бўл,
давлатманд ва саодатманд бўл. Шу қўлтиғингдаги нон қанча одам еса ҳаммасига
етсин, баракали бўлгин!” деди. Шу маҳал бир киши мени тезроқ вагонга чиқ, юриб
кетса чўлда бўриларга ем бўласан, деб судради.
-
Пастда
битта отахон ўтирибди, шуни олиб кетайлик, илтимос, дедим унга.
-
Эсинг
жойидами, қанақа отахон? Бу ердан қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди-ку? - Койиди ҳалиги одам.
Мен секин ўрнидан қўзғалган вагон
ойнасидан шошилиб пастга қарадим. Не кўз билан кўрайки, бояги отахон биздан
олдинроққа ўтиб олибди ва менга қўлларини силкитарди. Шундагина ўзимга келиб
ўйланиб қолдим, ким эканки поъезддан олдин юрса, яна қоп-қоронғу тунда-я?
Отам бу воқеани тинглаб, бошимни
силади ва шунинг учун келтирган икки дона нонинг бир уй одамга етди, баракали
бўлди. “Сенга Хизр бува кўринибди, Худо хоҳласа асло кам бўлмайсан”, деди
юзлари ёришиб.
Мана, бир этак бола-чақали бўлдим,
сендақа қирқдан ортиқ невараларим бор. Касбимдан ризқ топдим, обрў мартага
эришдим, бировдан кам яшамадим, минг шукр.
- Бобожон, яна ўша отахонни
кўрмаганмисиз?
- Кўрганман, ҳарбий хизматни Чита
деган давлатда ўтаб юрганимда яна ярим тунда кўриб, саломлашганман. Унинг қўллари
пахтадек юмшоқ ва кўзлари бениҳоя меҳрли
эди. Постда ёнимда пайдо бўлиб, ҳайратда қолдирган. Бу ҳам Аллоҳимнинг
иноятидир, ҳаммаси яхшиликка бўлган-да...
Бобом бизга болаликларидаги қизиқ
воқелардан, ўша даврнинг қийинчилиларию бугунги
дориломон кунларнинг ғаниматлилиги
ҳақида кўп ва узоқ ҳикоялар қилардилар.
Уларнинг замирида эса ҳамиша эзгулик, муродга етишишлик ва одамларга яхшилик қилиш
мақсадлари турарди. Ана шунақа бобожоним ҳаётий ҳикояларнинг ниҳоятда устаси
эди. Ўша айтиб берганлари биз набираларини ҳамиша яхшилкка, тинчлик қадрига
етишга ва она тупроқни севиб ардоқлашга, элга муносиб фарзандликка ундаб
туради. Ҳали бобомнинг ажойиб ҳикояларини катта китоб қилиб, ҳаммага туҳа этиш
тилагидаман.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий