Ярим тунда
касалхонага оғир аҳволдаги беморни келтиришди. Шифокорларнинг сайъ-ҳаракатлари
билан жонлантириш бўлимида унинг ҳаёти сақланиб қолинди. Палатага олиб ўтилгач
эса бошқа беморлар 18 ёшлар атрофидаги
бу йигитнинг қўлидаги ёзувни кўриб даҳшатга тушдилар. Лезвия билан ўйиб “Мен
китман” деб катта қилиб ёзилганди. Йигит
ҳам ўлим билан якунланувчи ўйиннинг қурбонига айланиши муқаррар эди...
Бугунги
кунда интернет орқали “оммалашаётган”
“Кўк кит” деб аталувчи ўйин туфайли Россия, Украина, Қозоғистон давлатларида ўз
жонимга қасд қилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Инсон ихтироси – планшет ва
уяли алоқа воситаларининг ҳам фойдали, ҳам зарарли томонлари талайгина. Макон
ва замон чегарасини билмайдиган интернет тармоғининг хавфли томонидан огоҳ
бўлиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
“КЎК КИТ” ЁХУД ШАВҚАТСИЗ ЎЙИН
2015 йилда
ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган ўйиннинг янги кўриниши бўлиб,
администраторлар томонидан бериладиган топширииқлар реал ҳаётда сўзсиз
бажарилади. Ўйин шартига кўра, гуруҳга қўшилиш ва иштирок этиш иштиёқини
билдирган иштирокчи “мен кит бўлишга тайёрман” ёзувини ёзиб қолдиради.
Маълумотларга қараганда, оддийдан мураккабликка қараб кетиладиган жами 50 та
топшириқ берилади. Бундай топшириқлар сирасига ўз-ўзига шикаст етказиш, тана
аъзоларини жароҳатлаш орқали ёзиш ва расмлар чизиш, тонгдан уйқудан уйғониб
турли қўрқинчли видеолар кўриш, ноанъанавий мусиқа эшитиш, ҳаракатланаётган
автоулов воситалари йўлини ҳеч чўчимасдан кесиб ўтиш, баланд биноларнинг томи
четида қўрқмасдан туриш ва бошқалар киради. Шавқатсиз топшириқлар якуни
эса ўз жонига қасд қилиш, яъни суицид
билан тугайди.
ЎЙИН ЧАНГАЛИ
Мазкур ўйин
асосан ёшлар қатлами учун мўлжалланган бўлиб, маънавий бўшлиғи бор йигит-қизлар
билиб-билмай иштирокчисига айланиб қолишмоқда. Кўп вақтини ижтимоий тармоқларга
сарф қилувчи, ота-онаси назоратисиз қолган фарзандлар ўйин асосчилари
учун анчайин қўл келмоқда.
Дастлаб, уларга руҳий далда бериш орқали ўзларининг қабиҳ ниятли ўйинини
ўйнашга чорлайди. Натижада ҳар куни бир-бирига ўхшаш хавфли топшириқларни
бажаришни буюради. Иштирокчи сўнги нафасигача бўлган жараённи он-лайн тарзда
узатиб туриши, киши этини жунжитади. Энг ёмони ўйинни тарк этиш мушкул.
Иштирокчи ўйиндан чиқиш истагини билдирса, унга босим ўтказиш бошланади. Масалан,
яқинларига зиён етказаман, дея иштирокчи қўрқитилади. Маълумотларга қараганда,
Россия давлатида охирги 6 ой давомида 130 нафар ёшлар шу ўйин туфайли ҳаётдан
кўз юмишган.
БЕЛГИСИ НИМАЛАРДА НАМОЁН БЎЛАДИ?
Бу ўйин
иштирокчисига яқинлар билан мулоқот қилиш, гаплашиш таъқиқланади. Агар
атофдагиларга “Мен ўйиндаман”, “Мен китман”, “Мени 4.20 да уйғот” деб мурожаат
этиб қолса, билингки, у ўйин иштирокчисига айланган. Қўлларида игна ёки лезвия
билан ёзилган турли ёзувалар ва кит расми туширилган бўлади. Масалан, “Кўк кит”,
“F57”, “F58” ва бошқалар. Энг даҳшатлиси охири ўлим билан якунланадиган бу
ваҳшиёна ўйин якунланишига қадар юзлаб шартларни бажариш керак бўлади. Шартлар
эса бири-биридан ваҳимали, қўрқинчли.
ПСИХОЛОГ НИМА ДЕЙДИ?
Гулистон давлат
университети Педагогика факультетининг психология фанлари катта ўқитувчиси
Сабоҳат Шарапова:
- Бу ўйинлар
шунчаки ўйин эмас, балки маънавий ҳуруждир. Ёшларимизни, фарзандларимизни
маънавий онгини заҳарлаш, онгли назоратини вақтинчага тўхтатиб қўйиш ёки маълум
бир иллузияга солиш натижасида уларни ўз жонларига қасд қилишга ундаш ўйиннинг
фожеаси ҳисобланади. Ўйиннинг орқасида жуда катта манфаат ётибди. Улар қандай қилиб
онгини заҳарласак, қандай қилиб ўйинга жалб қилсак экан ,деб режа ишлаб
чиқармоқда. Иродаси кучсиз, тафаккури олами тор бўлган йигит-қизлар ўйин домига
илиниб қолаябди. Бунинг учун биз нима қилишимиз керак? Энг аввало,
ёшларимизнинг маънавий бўлиғини тўлдиришимиз керак. Нима билан машғул
эканликларига эътибор беришимиз, уларни назоратсиз қолдирмаслигимиз зарур. Уйда
ота-она, ўқув муассасаларида ўқитувчи-педагоглар “Кўк кит” ўйинининг салбий
оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришимиз лозим. Ўйиннинг
бир-биридан қўрқинчли, бир-биридан мудҳиш шартлари ҳаётига хавф солишини фарзанд
онгли равишда ҳис қилсин, англасин. Шундагина улар бу ўйинни ўйинчисига
айланишмайди.
ИДРОК МАШЪАЛИ СЎНМАСИН
Ёшларимизда
ғоявий иммунитетни шакллантиришда ота-она, таълим муассасалари ва маҳалланинг
ўрни катта. Фарзандларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётганини, қандай
ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганини назоратсиз қолдирмаслик керак. Ота-она
уларга ибрат кўрсатган ҳолда китоб дунёсига меҳр уйғотмоғи ва шу орқали
улардаги маънавий бўшлиқни тўлдирмоғи лозим. Шундагина ўсиб келаётган баркамол
авлод мафкуравий таҳдидларга қарши кураша олади. Оилада катталарнинг тарбия
борасидаги айтаётган ҳар бир мушоҳадали гаплари бора-бора ҳикматга айланиши
шубҳасиз. Шу сабабдан фарзандлар учун вақт ажратиб, улар билан мунтазам дилдан
суҳбатлашиб туриш мақсадга мувофиқдир. Ота-она билан чинакамига дўст тутинган
фарзанд тўғри йўлдан тоймайди. Зеро, эртанги кун эгаларимизнинг тарбияли
инсонлар бўлиши ўзимизга боғлиқ. Уларни
турли ёт ғоялардан, жонга қасд қилдиришгача етаклаб борадиган хавфли ўйинлардан асраш ҳаммамизга бирдек
боғлиқ ва бу ишлар учун масъулмиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий