четверг, 30 марта 2017 г.

КИТОБ – БОЛАЛИКДЕК АЗИЗ

Китоб жавонидаги китобларни қўлимга олиб варақлар эканман, ёзилган дасхатга кўзим тушади: “Болаликнинг ёрқин хотираларидан дугонам Н.га”. Нақадар ажойиб совға! Дунёдан китобдан азизроқ дўст йўқ. Агар сизга уни дўстинг совға қилган бўлса унинг қадри янада баландроқ бўлади. Чунки у сизни ўзи каби маънавий дунёқараши кенг бўлишини хоҳлайди. Йиллар ўтиб мана шундай ёзувлар ҳақиқатдан ҳам ёрқин хотираларни эсга олишга кўмаклашади. Бу китобларнинг ёши менинг ёшимдан ҳам катта. Демак, уларни ёши онамнинг  ўқувчилик йилларига тўғри келади. Бежизга уларни онам кўз-қорачиғидек асрамайди-да. Уларни бир-бир варақлаганда онамнинг юзида ўзгача қувонч, янги шижоат пайдо бўлганини сезаман.

Бугуни ва эртасини  ўйлаган ёшларнинг китобга дўст тутиниши мақсадга мувофиқ. Мустақил янги оила остонасида турган ёшларнинг маънавий дунёқараши албатта китоб  мутолааси билан боғлиқ, деб биламан. Бир йигит билан қиз таниш-билишлар тавсиясига кўра учрашувга чиқишибди. Йигит қиздан қандай китобларни ўқиганини қизиқиб сўрабди. Қиз унга “Ўтган кунлар” романини ўқиганини завққа тўлиб айтибди. Йигитнинг навбатдаги саволи ушбу роман муаллифи ҳақида бўлибди. Уятдан боши эгилиб қиз ер чизганча жавоб беролмабди. Шунда кейин  ниҳоятда ақли теран зиёли йигит қиздан  узр сўраб,унга уйланаолмаслигини айтиб, хайрлашибди.   
Яна шунга ўхшаш воқеага гувоҳ бўлганман. Курсдошим уйига совчи қўйган йигит билан учрашувидан сўнг ёнимга келди. У йигит жуда ҳам маданиятли, кўп китоб ўқиганини англаганини айтди. Курсдошим ҳам бадиий китобга иштиёқманд бўлганлиги учун суҳбатлари мазмунли ва мақсадли ўтган. Йигитнинг гапларини дугонам такрорлади: “Фарзандларим келажаги учун оқила, ақли расо қизга уйланишим керак. Чунки оилада фарзандлар кўп вақтини онаси билан ўтказади. Уларнинг тарбиясида она катта рол ўйнайди”. Курсдошим ҳам ўқимишли, дунёқараши кенг бўлган турмуш ўртоғинг бўлса, оилада камолга етаётган фарзанд ҳам улардан ибрат оларди, дерди. Аслида ҳам иккисининг ҳам гапида ҳақиқат бор. Маънавиятга, маданиятга эътибор бериш олдинги замоннинг ҳам, ҳозирги замоннинг ҳам, келажакнинг ҳам талабидир.
Бир дугонамнинг уйига меҳмонга боргандим. Уч ёшли қизалоғи олдимизга эртак китобни кўтариб кириб келди:
- Бугун қайси эртакни ўқиб берасиз, аяжон?
Дугонам ҳам китобни қўлига олиб, эртакни ўқий бошлади. Қизалоқ онаси ўқиётган эртакни диққатини бузмай тинглади. Эртак ўқиб бўлингач, қизалоқ хурсанд ҳолда меҳмонхонани тарк этди. Дугонам унинг ҳаракатларини кузата туриб гап бошлади:
- Бешикдалигида момоларимиздан бизга мерос қолган аллани айтишни канда қилмадим. Қадам ташлашни бошлаганида кичик-кичик эртакларни ўқиб бера бошладим. Мана, кўриб турганингиздек, энди олдимга китоб кўтариб келаябди. Китобга меҳрни гўдаклик даврида бошлаган маъқул. Кўз тегмасин, шунинг учун тенгдошларига нисбатан зеҳни ўткир, тили ҳам бурро...
Унинг бола тарбиясида тутаётган самарали йўлидан мамнун бўлдим. Ота-боболаримздан бизга буюк маънавий бойлик қолганки, дунё халқлари орасида бунчалик меросга эга бўлган халқ камдан кам учрайди. Бугунги кунда улардан оқилона фойдаланиш керак, холос. Асрлар оша сайқаланиб, бизгача етиб келган халқ оғзаки ижод намунларимизнинг ўзида тарбиянинг ҳамма турларини қамраб олиш билан бирга бетакрор миллий анаъанларимиз, урф-одатларимизни ўзида акс эттирган. Бундан кўриниб турибдики, азалдан маърифатли авлоднинг вояга етишишига алоҳида аҳамият қаратилган.
Муҳаммад Карим, фото-журналист:
- Қишлоғимизда фақатгина мактаб кутубхонаси бўларди. Китоб камлигидан тенгдошларим билан талашиб ўқирдик. Баъзан эса жанжаллашишга ҳам борардик. Ҳозир эса китоблар кўп, кутубхоналар нафақт ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиёти намоёндаларининг сара асарлари билан бойитилган. Ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказишда алббат китобга мурожаат этишлари ва дунё сир-синоатларидан воқиф бўлишларига яқиндан кўмак бериши шубҳасиз.
Холдор Ҳакимжонов, ҳисобчи:
- Касбим ҳисоб-китоб билан боғлиқ бўлса ҳам, бўш вақт топдим дегунча бадиий китоб ўқишга қизиқаман. Китоб инсонга яқин сирдош, керак бўлганда беминнат малаҳатдош. Турли инсонлар билан мулоқот қилишда кўприк вазифасини ўтайди. Китобга меҳр болалигимдан уйғондан. Демак, ота-она, таълим муассасасидаги ўқитувчиларнинг ўзлари бунга бефарқ қарамасликлари даркор. Шундагина бола китоб мутолаасига ўрганади.
Наргиза Бобоназарова, чевар:
- Ўғлим Садор боғчага борган пайтлариданоқ китобга қизиқарди. Ўша пайтданоқ унга ҳайвонлар, теварак-атроф ҳақидаги ҳар хил расмлар билан бойитилган китоблар сотиб олиб берардим. Мактабга чиқиб, саводи чиққанида ўзи мустақил ўқий оладиган бадиий адабиётлар ҳарид қила бошладим. Бозорга чиққанимизда баъзи болаларга ўхшаб “бу ўйинчоқни олиб беринг”, “буни ейман”, деган эмас. Аксинча, китоб дўконига кириб, янги китоб сотиб олишга ундайди. Шукр, китобга ошно тутиниб, қалби беғубор, софдил бўлиб улғаймоқда.
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам китоб мутолаа қилган инсонда олижаноблик фазилатлари куртак ёза бошлайди. Хусусан, жамиятга, борлиққа меҳр уйғонади, сабр-қоноат, ирода шаклланиб боради. Ҳаётни танишда ва ўзлигини англашда китоб беминнат ёрдам кўрсатади. Шу сабабдан баркамол авлоднинг камол топишида китобга бўлган ташналикни тўла қонли қондириш лозим. Кўп китоб ўқиган болада нутқи равонлик, ҳар бир масалага мушоҳада билан ёндашиш ва саводхонлик даражаси  юқори бўлади.


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий