пятница, 24 марта 2017 г.

УКРАИНАЛИК КЕЛИН

Бундан ўттиз йиллар бурун қишлоққа тарқалган “миш-миш” катта-кичикнинг оғзидан тушмай қолди. Нима  эмишки Аллашукур буванинг кенжатойи Собиржон  ҳарбий хизматда уйланганмиш ва  ўрис хотинини ўзи билан олиб келганмиш. Бунинг нечоғли рост ёки ёлғонлигини билиш ниятида аскар йигитни кўргани ёшу қари уруш иштирокчиси Аллашукур буваникига кела бошлади.

Оқ сариқдан келган, дўмбоққина, кўзлари мовий осмон рангли украин қизи ҳаммага бегонасираб термулади. Ўрис келинчак деганларининг олтинранг сочлари нотўғри боғланган ва умуман ярашмаган заррўмол тагидан патиладек чиқиб турарди. Тил билмагани учунми ҳамма ёвқараш қиларди. Қишлоқда рус тилини биладиганлар кам, айниқса аёллар орасида. Бир-икки ўқувчи қизлар чала-пула қилиб саволлар беришган бўладию тайинли жавоб олиб тушунтириб беришмайди. Келди-кетдининг қадами тингач, етмишнинг нари-берисидаги чолу кампир тўрт нафар ўғилни олдиларига чақириб кенгашишди.
-   Ўғлим, болалик қилиб катта хатога йўл қўймадингмикан деб ўйлаяпман,- деди бува оппоқ соқолини чангаллаб. – Миллати бошқани динимизга киргазиш жуда катта савоб, аммо бу аёлингнинг кўнглида нима борлигини ким билади? Шунчаки ҳою ҳавасда келдимикан бу ёқларга? Жуда ёш экан. Уволига қолмайлик бировнинг азиз боласи-да буям...
-   Гапни  айлантирмай, ростини айтаверинг ота,- деди катта ўғил. – Қишлоқда уятга қолдик, бир ками рус келинни тарбиялаш қолдими? Уларнинг кўпчилиги шунчаки айлангани келиб кетаверади, ана кинодагиларга ўхшаб...
-   Эртага поъездга билет топиб келайлик, яхшиси  юртига қайтариб юборганимиз тўғрироқ,- гапга аралашди ўртанчаси. – Ҳаммага томошабоғ бўлдик, бундан бир умрлик  йўлдош тарбиялаб бўлармиди?
-   Собиржонни ўзи кун келиб афсусланадими, деб қўрқаман, ота. Бизнинг урф-одатларни билмаса, тўй- ҳашамларга аралашмаса... Яхшиси  уни иссиғида уйига қайтариш керак,- астойдил куйинди кичик акаси.
-   Ҳаммаларингни гапларинг тўғри, қани ўзи нима деркан? - Бува бошини қуйи солиб ўтирган Собиржонга юзланди.
-   Аввало мени кечиринглар, рухсатсиз Ларисани олиб келдим. Ростини айтсам унга қўлимни теккизганим йўқ. Унинг отаси  бошлиғим эди, менга меҳри тушиб қолгани учун қизига уйланишимни илтимос қилди. Лариса ҳам рози бўлгани учун... Сизлар айтган ҳамма гапларни, миллийлигимизни, одатларимизни айтганман, ўзи, ота-оналари рози бўлишган. Сизлар нима десаларингиз розиман...
Иккинчи жаҳон урушида фронтда қон кечган буванинг кўзлари намланди ва болаларига, мўлтираб бир четда кўйлагининг четини ҳимариб ўтирган кампирига юзланди:
-   Демак, ота-онаси гулдек азиз қизини ишониб сенга топширибди. Ноумид қолдирмайлик. Муҳаббат миллат танламайди, болам. Шундайлар борки мусулмон бўла туриб имонсизнинг ишини тутади, шундай ғайри динлар борки имонлидан хайрлироқ ишларни қилади. Урушда ҳар турфасини кўрганман, бу балки синовдир, тақдири азалдир. Ваъда бериб лавз қилибсанми, сўзингда тургин. Элга ош бериб, уйлайман, мусулмончиликни қабул қилсин, имони саломат бўлсин. Кўнглида меҳр зўр бўлса тилниям, одатларимизниям ўрганиб кетади. Кампир, сен сиқилаверма, одамлар бир-икки ой бошқа янги  гап чиққунича эрмаклайди, кейин эсдан чиқаришади. Ҳаёт шундай. Сену биз не кунларни не азобларни кўрмаганмиз, бир эслагин. Бир мусофир динидан, элидан, ота-онаси ва жигарларидан кечиб бизга фарзанд тутинса-ю кўкрагидан итарамизми? Одамлар циркдаги ваҳший ҳайвонни тарбиялайди...
Хуллас, украин қизи Лариса билан ўзбек ўғлони Собиржоннинг никоҳ тўйлари бўлиб ўтди. Ҳамма келинларимиз европача либос кийса Лариса миллий либос кийди. Хонатласнинг ярашганини, оппоқ ҳарир рўмол остидаги чиройли гулгун тиниқ юзларинию кўм-кўк кўзларини айтмайсизми. Бирам чиройли келин бўлди қурмагур. Унга Лола деб ўзбекона исм беришди. Ҳарҳолда айтишга осон-да. Чолу кампир унга ўз ота-онасидан зиёда парвона бўлиб, билмаганларини ўргата бошлашди. Айниқса, овсинларни айтинг, бирови кир чайишни ўргатса, бирови қозон-товоқ билан шуғулланишни кўрсатади. Орадан йил ўтмасдан анчагина ўзбек тилини ўзлаштириб олган Лола қўчқордек ўғил туғиб берди. Уйдагиларнинг севинчини кўрсангиз эди. Лола ўзбек келинларидан фарқли ўлароқ, қайнонага тик қарамайди, ким нима деса бажаради. Болалардек маъсума нигоҳларида ҳуркаклик зоҳирин эдики унга қаттиқ гапиришга бетламасди киши. Ҳадемай украинадан ота-онаси, опалари меҳмонга келишди. Ўзбек оиласида боласининг қадр топганини, шу ернинг одатларига сингиб кетганини кўриб улар ҳайрон қолишди. Дадаси ўзбекларга бўлган кучли меҳри боис  қизини жўнатганини айтиб қудаларига таъзим  қилди. Бирон ой меҳмондорчиликда бўлган қудалари кетар чоғида совға-саломларни, мева-чеваларни кўриб бу ердаги оқибатга, одамийликка қойил қолишди.
Орадан йиллар ўтиб, Лола чинакамига ўзбек аёлига айланди-қолди. Ҳатто овсинларининг фаҳми етмаган баъзи ишларни қойилмақом бажарадики ўзлари тан беришади. Собиржон билан уч нафар ўғилни вояга етказишди. Айтганча чолу кампир  кенжа келин Лолани алқай-алқай оламдан ўтишди. Ҳар иккалови фарзандларига шу мусофир келиннинг дилига озор бермасликни, кўнглига қарашни насиҳат қилишди. Лола опа ҳозир қишлоқдаги тўй томошаларга қишлоқ аёллари  қилмаган одатларни бажаради. Тўйга бошига тугун қўйиб боради. Нега деганда қайнонаси раҳматли келин  бўлган пайти шундай ўргатган-да. Қишлоқдагилар унинг руслигини аллақачон унутиб ўзларининг оддий келини, янгасига, холасига айлантириб олишган.
Янги йил арафасида қишлоққа борганимда Лола янгани кўриб қолдим. Одам  яшаган ерига мослашишини аниқ билдим. Унинг ўзбек аёлларидан асло фарқи қолмабди. Уч ўғлини уйлаб, уч-тўрт неваранинг севимли бувижонига айланибди. Онамнинг айтишича, икки-уч йилда юртига, Житомирга бориб келаркан.
-   Бир ойга қолмай уйимга қайтгим келади, украинча гапиришга қийналиб қоламан. Ота-онамнинг қабрини зиёрат қиламан, жигарларимни дийдорига етаман, тамом болаларим, дадаси кўзимга кўринаверади. Менинг ватаним, уйим Ўзбекистон. Украинада туғилганман, холос. Тақдирим, умрим шу тупроққа боғланганига шукр-дермиш кулиб.
Лола опа тимсолида аёл зотининг меҳрини, турмуш ўртоғига садоқат ва улкан сабру матонатини кўраман. Оналар ҳамиша мана шундай таҳсинларга, олқиш ва ҳурмат-эҳтиромларга лойиқ аслида...  


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий