вторник, 28 марта 2017 г.

КИТОБ – НУР

Қаноат опа исмли бир аёлни биламан. Ҳамиша китобдан миннатдор эканлигини айтиб юради. Айтишича, ўзининг онаси ҳам, қайнонаси ҳам барвақт вафот этиб кетишган экан. Фарзандли бўлганида дастлаб тажрибасизлигидан роса қийналибди. Сўнг китоб дўконига бориб бола парваришига оид китоблардан сотиб олибди. “Ишонасизми?” дейди у “Беш боламдан бирортаси ҳам касал бўлиб шифохонада ётмаганман. Китобда ёзилган ҳамма нарсага амал қилганман. Шу-шу китоб менинг маслаҳатгўйим. Кейинчалик бошқа адабиётларни ҳам оладиган бўлдим. Уйимда салмоқлигина кутубхонам бор. Ўзим китоб ўқиганим учун болаларим ҳам қизиқадиган бўлди. Мен фойдаланган китоблар энди уларга, келинларимга асқотаяпти”.


Дилором опа Ҳошимова бир умр бошланғич синфларга дарс берган. Ҳозир саксон ёшда. Бироқ, ҳамон тиниб-тинчимайди. Қачон қарасангиз қўли ишда. Бу онахоннинг тўқиган буюмларини кўрсангиз ҳайрон қоласиз. Чамандай гулларнинг нусхаси туширилган рўмоллар, пайпоқлар, болалар учун иссиқ кийимлар кўзингизни қувнатади. Онахондан бу ҳунарни  кимдан ўргангансиз, устозингиз ким, деб сўрасангиз “Устозим китоб” деб жавоб беради.
-  Бир куни  таниш дугонамнинг уйида “Тўқишни ўрганамиз” деган китобни кўриб қолдим. Бериб туришини сўрагандим, “олаверинг, бизга керакмас, ҳеч ким тўқишга қизиқмайди” деди. Унга кўз югуртириб бозордан тўқиш учун керакли бўлган нарсаларни дарҳол сотиб олдим. Уйга келиб ишга киришдим. Бошида унча қўлим келишмади. Қизиқиш устун келди чоғи аста-секин ишим ўхшай бошлади. Шунчалар берилиб кетдимки, сал қўлим бўшади дегунча тўқишга ўтирардим. Ўрганганим яхши бўлган экан, мана, зерикишга вақт йўқ. Бу машғулот одамни тинчлантиради, дам оламан. Энг муҳими қўшимча даромад. Китобни ҳамон асраб авайлайман. Ҳозир ундан невара қизларим фойдаланишаяпти. Шу биргина китоб туфайли ҳунарли бўлдим. Ҳунаримни қўни-қўшнилар, таниш-билишларга ўргатдим. Ҳаммаси китоб туфайли. Билганга китоб бебаҳо хазина.
Онахоннинг қунт ва ҳаракатларига ҳавасимиз келди. Биз буюк аллома, тиббиёт илмининг даҳоси  ибн Синонинг 16 ёшида кутубхонадаги барча китобларни ўқиб чиқиб шуурига жо айлаганини яхши биламиз. Ўтган барча  улуғ аждодларимиз ҳам илм, китоб ўқиш туфайли буюкликка етишишганидан хабаримиз бор. Баъзида онам “Биз ўқиб юрганимизда электр по ездидами, автобусми бошқа уловдами йўл-йўлакай китоб, газета  ўқиб кетардик. У пайтида китоб ўқиган кўп экан-да. Ҳозир ана шу манзарани кўравермайман. Ҳамманинг қўлида телефон, ўйин ўйнаб ўтиради” деб куйиниб гапириб қолади.  Ёши катталарнинг гаплари ўринли. Биз ёшларга бугун жуда катта имкониятлар яратилмоқда. Хоҳлаган китобимизни топиб ўқишимиз мумкин. Бошқача айтганда  давлатимиз ёруғ манзилларга олиб борадиган йўлга йўллаб турибди. Ана шу йўллардан мардона бориб эзгуликка эришишимиз учун эса жуда кўп билим ва тажриба даркор. Биз буларнинг барига китоб ўқиш, ўқиганда ҳам зарур ва кераклиларини билиб ўқиш билан етишамиз.
Бир сўз билан айтганда яхши ва ўқишли китоб мисоли нур. У аввало қалбимизни, ҳаётимизни ёритади. Қуёш нуридан баҳра олган табиат ҳамиша гуллаб яшнаганидай, китобдан ҳосил бўлган нур инсоннинг руҳиятини камол топтиради, ҳаётда ҳеч қачон адашмаслигига маёқ бўлади.
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий