вторник, 8 января 2019 г.

ҲАММА БОЛАЛАР ҲАМ ҚЎҒИРЧОҚ ЎЙНАШГА ҲАҚЛИ ЭМАСМИ?

Сафдош китобхонлар, биласизми, китобларнинг даражаси ва ўрни унинг бежиримлиги ёхуд ҳажми билан белгиланмайди. Бу фикрнинг нечоғлик тўғри эканлигига бугун яна бир бор амин бўлдим.
«Афғонистонда болалар кўп, аммо болалик йўқ» - Холид Ҳусайннинг «Шамоллар ортидан югуриб» асаридан олинган биргина шу жумлани ўқидиму айрим мамлакатлардаги нотинчлик ва шу туфайли хурсандчилигини йўқотган халқ ҳақида ўйладим. Очлик ва унинг оқибатида халок бўлаётган кишилар, бешафқатлик ва  натижада мурғак юраги билан ҳали дунёни танишгада улгурмаган гўдаклар сурати кўз олдимдан ўтди.

Кўпчилик китобхонларда бўлганидек, менда ҳам  тезроқ бу асарни ўқиш ва ўзида жамлаган воқейликларни билиш истаги пайдо бўлди. Ўша куннинг ўзидаёқ китобни харид қилдиму мутолаага киришдим. Асар кишини шунчалик ўз оламига олиб кирарканки, ўқиган сари қизиқишингиз, билган сари ҳайратингиз ошиб бораверади. Худди шу қизиқиш билан китобни тонгга қадар ўқиб чиқдим. Аниқ айта оламанки, агар сиз ҳам бу асарни ўқиб якунласангиз, илк хулосангиз бир-бирмизникига яққол ўхшайди: Мутолаани якунлар эканман, тақдиримдан миннатдорлик ҳиссини туйдим. Тўғрироғи, ҳеч қандай ёвузлик, ўлим хавф солмайдиган тинч юртда туғилганим, мен ва тенгдошларимнинг ҳеч бир чекловларсиз таълим олаётганимизга шукроналик билдирдим.
Асарда бегуноҳ одамларни азоб бериш, чорасиз қолган аҳолини турли хил майда хатолар билан айблаб, қийнаш ва бундан роҳатланганларнинг қабиҳ ҳаракатлари аниқ кўрсатилган. Бу ҳаракатлар айниқса, болаларнинг болалигини олиб қўйгани, ўғирлагани ачинарли ҳол. Бизнинг мамлакатда кичкинтойлар ота-онасининг бағрида камол топаяпти. Уларнинг бирдан бир ўйлови ўйинчоқлар ўйнаш ва ширинлинликлар бўлган бир пайтда, нотинчлик ҳавоси эсиб турган юртларнинг ҳали 10-12 ёшга тўлмай улғайиб қолган фарзандлари фақат тинчлик истайди. Тинчлик сўраб тил чиқаради.
 Китобда 12 ёшли бола - Сухроб образи орқали ўша болаларда болаликнинг нафаси қолмаганини  фаҳмлаймиз: «Чарчадим....Қанийди ота-онам ёнимда бўлса, Саса ҳам, Раҳимхон соҳиб ҳам. Ўзимизнинг эски уйимизда бирга яшасак, - у бармоқлари билан кўзларининг ёшини артди»
«Мен дадамни, онамни, ҳамма яқинларимни соғинаман. Аммо бир ҳисобдан улар мени ҳозир кўришмаётганидан хурсандман, - деди Сухроб ўкинч билан - чунки мен гуноҳга ботганман»
Ҳа, биз болаликнинг шўх-шодон ва бахтли онларини хотирлаймиз улар эса кўз олдида қатл этилган кишилару ваҳшийликларни эслашади. Биз гоҳида дастурхонда турган ноз-неъматлардан нольисак, улар бир бурда нонни кўзга суртади. Тонгимизни қуёш ёритса, нотинч мамлакатлар  кунлари одамларнинг кўз-ёши, уввос солиши билан бошланади. Аммо ўша инсонлар ҳам хотиржам ҳаёт кечириш, бир оила бўлиб яшашга, у болалар ҳам қўғирчоқлар ўйнашга ҳақли эмасми?
Зулфизар МАВЛОНОВА, 

БухДУ талабаси

Комментариев нет:

Отправить комментарий