понедельник, 14 января 2019 г.

ФАОЛЛИКНИ ОШИРИБ

Сирдарё туманидаги “Интилиш” (аввалги “Малик”) маҳалласида жойлашган 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтган 2017-2018 ўқув йилида қувонарли натижаларга эришилди. Тажрибали мутахассис Шокир Мустафаев директорлик қилаётган ушбу масканни 30 нафар ўғил ва қиз мусиқа ва санъатнинг бир неча йўналишлари бўйича муваффақиятли битириб чиққан эди. Уларнинг деярли барчаси республикамиздаги олий ва ўрта махсус билим юртларига ўқишга қабул қилинди. Бунда уларга устозлари томонидан мусиқа ва санъат сирлари пухта воқиф этилганлиги аҳамиятлидир.

Эътиборли томони шундаки, мактаб ўқувчилари ўтган ўқув йили даврида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Истеъдод” деб номланган халқаро танловда дамли чолғулар йўналиши бўйича қатнашган Зуҳриддин Исаков 2-ўринга сазовор бўлди. Унинг мактабдошлари Давлатбек Ҳавасов ўзбек халқ чолғу созлари йўналишида, Озода Турсунқулова ва Сабрина Велишаевалар эса фортепиано йўналишида мазкур танловда 4-ўринни эгалладилар.
Шунингдек, Тошкентда ўтказилган анъанавий “Санъат ғунчалари” республика танловида ушбу мактаб вакиллари ўз истеъдодларини муносиб намойиш этишди. Геннадий Водолазов, Руслан Мамбетовлар дамли чолғулар йўналишида 4-ўринга сазовор бўлдилар. Бу борада уларнинг устозлари Рафаэль Кикнадзе, Асад Бойматов, Зокир Алиқулов, Алиме Мустафаева, Марина Водолазоваларнинг хизматлари катта бўлди.
Кенг, шинам ва замон талаблари даражасида дид билан жиҳозланган хоналарда кун  бўйи мусиқа садолари янграб туради. Жамоа янги ўқув йилида ўз ўқувчилари сафини 60 нафарга кенгайтирди. Санъат ғунчалари ўзлари танлаган йўналишлар бўйича мусиқа сирларини сабот билан ўрганишаяпти. Талабчан устозларнинг эзгу мақсадлари ўқув йили даврида шогирдларини республика ва халқаро миқёсидаги танловларда янада юқори натижаларга эришишларини таъминлашдир.

Қаҳрамон ҲОЖИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.


Комментариев нет:

Отправить комментарий