четверг, 17 января 2019 г.

ВИРУСЛИ ГЕПАТИТ А — ИФЛОС ҚЎЛЛАР КАСАЛЛИГИ

Сариқ касаллиги деб ном олган вирусли гепатит касаллиги юқумли бўлиб, уларнинг бир неча турлари мавжуд. Вирусли гепатитнинг А ва Е турлари одамга оғиз орқали юқади ва кўпроқ болаларда учрайди. Касалликка кўп ҳолларда қўлларни совунлаб ювмасдан овқатланиш; мева сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш, сувни қайнатмай ичиш, рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзалари, айниқса, туриб қолган сувларда чўмилиш, истеъмолга тайёр озиқ-овқатларга пашшаларнинг ўтириши (қўниши) сабаб бўлади.
   Хасталик қуйидаги белгилар билан намоён бўлади: дармон қуриши, уйқучанлик, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгилнинг айниб туриши, баъзида, овқатлангандан кейин қайт қилиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, баъзан буруннинг битиши, оқиши, бош оғриши (гриппга ўхшаш), кўз оқи ва пастки қовоқ шиллиқ пардаси, тирноқ ва терининг сарғайиши, пешобнинг қизариши (нажаснинг оқариши (рангсизланиши).
Юқоридаги белгиларнинг бирортаси кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этинг. Гепатитнинг юқиш хавфи касалликнинг яширин, бошланғич даврлари ва сариқлик белгиларисиз кечадиган турларида юқори бўлади. Бунда бемор ўзи билмаган ҳолда оила аъзолари ва яқинларига касалликни юқтириши мумкин. Бемор фойдаланган идишлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак, ўйинчоқ, сўрғич, ҳожат анжомлари ва бемордан қолган овқат қолдиқлари вирус билан зарарланган бўлиши мумкин. Шунинг учун идишларни махсус ювиш воситалари ёрдамида ювишга одатланинг. Пол, эшик тутқичлари ва ишлатилишига қараб бошқа буюмларни, мунтазам зарарсизлантирувчи воситалар билан артиб туринг. Вирусли гепатит асоратлари билан хавфлидир. Касалликнинг белгиларига бефарқлик билан қараш, унинг узоқ давом этишига сабаб бўлиши мумкин. Вақтида зарур чораларнинг кўрилмаслиги эса жигар етишмовчилиги, жигар циррози каби оғир асоратларни юзага келтириш эҳтимоли бор.

Вирусли гепатит А касаллигининг олдини олишда энг самарали ҳимоя воситаси бу — вакцина билан эмлашдир. Эмлаш ишлари Гулистон шаҳар 4-оилавий поликлиникасида ўтказилмоқда. Эмлаш 1 ярим ёшдан катталарга тавсия этилган бўлиб, эмланганларда 15-20 йилга иммунитет ҳосил бўлади. Эмланган бола нафақат ўзининг, балки атрофдаги болаларнинг ҳам вирусли гепатит А касаллигига чалинишининг олдини олади.
Соғлом фарзанд — миллат келажаги. Шундай экан, фарзандларимиз истиқболига бефарқ бўлмайлик.
        Алишер БОЙҚУЛОВ,

вилоят ДСЭНМ маркази бактериолог шифокори

Комментариев нет:

Отправить комментарий