Кузнинг сўнгги ойи ярим
чорагини босиб ўтган бўлса ҳам ҳаво илиқ. Устига енгилроқ кийим кийиб олган
одамлар ҳаёт ташвишлари билан манзиллари томон шошилишмоқда. У бинонинг бешинчи
қаватидан маъюс нигоҳ билан ташқаридаги одамларни кузатганча ўйчан боқиб
турарди. Ҳорғинлик аломати унинг юзида акс этгани бир қарашдаёқ сезилади.
Хонада кимнингдир инграган товуши қулоғига чалиниши билан ортига ўгирилди. Бу
товуш палатада ётган бемор аёлларнинг бирининг овози эди. Уч кун бурун шу аёлни
шифокорлар операция қилишганди.
— Болаларимнинг уволи
тутади ҳали! Яратганнинг ўзи жазоингни берсин! Норасидаларимни ота меҳрисиз
қолдираётганинг учун бир умр қалбинг виждон азобига тўлсин!
Саида Ноиланинг
сўзларини биринчи марта эшитганида ҳаммасини тушунганди. Энди уни уйғотишга
ҳаракат ҳам қилмади. Майли, тушида бўлса ҳам дардларини тўкиб-сочиб, енгиллашиб
олсин, деб ўйлади.
Тўртинчи куни аёл
анчайин тетиклашиб қолди. Ўша тонг қуёш худди у билан уйғонгандек эди.
Мафтункор табассуми билан палатага нур улашаётгандек туюларди.
— Синглим, – дея
имлаганча Саидани ёнига чақирди аёл, — “синглим”, десам, хафа бўлмайсизми?
Қарасам, сингилларим қатори экансиз.
— Йўқ, асло, опажон.
Нима юмушингиз бор? Айтаверинг, – деди Саида у ётган кроватнинг ёнига келиб.
— Ҳозир сиз бизнинг
(аёл хонада ётган бошқа уч нафар аёлга ишора қилиб) қўл-оёғимизсиз. Илтимос,
мана шу тортмада турган пардоз буюмларимни олиб берсангиз, ўзимга бир қараб
олай. Ҳализамон хўжайиним хабар олгани келиб қолади. Мени бунақа аҳволда кўрса,
кўнгли қолмасин, дейман-да, - деди аёл кулимсираб.
Саида тортмани очиб,
айтилган нарсаларни олиб берди. Аёлнинг пардоз қилишини дераза ёнига келиб,
кузатиб турди. Пардознинг охирида аёл бўйнига атир сепди.
— Энди чиройли
бўлдимми? – деди у Саидага табассум билан қараб. Саида ҳам унга:
— Аъло даражада! Ниҳоятда жозибали
кўринаяпсиз, опа! – дея кўнглини кўтарди.
Орадан икки соатча вақт
ўтиб, кутилган инсон кириб келди. Буғдойрангдан келган, кўзлари сал қисиқроқ
гавдали кишининг устидан тамакининг ҳиди келиб турарди. Эркак аёлнинг ёнида
атиги ўн дақиқача турди-ю изига қайтиб кетди. Саида аёл унинг келишини учун бир
соат давомида ҳозирлик кўрганини эслаб, эркакка нисбатан нафрати ошди.
— Вақтлари тиғиз-да,
ишлари кўп. Оила, бола-чақа боқаман, деб куйиб-пишиб юрадилар. Менинг ҳам шу
пайтда касал бўлиб турганимни қаранг! – деди у Саиданинг қошлари
чимирилаётганини сезгандек бўлиб. Саида унинг гапларини тасдиқлагандек бош чайқаб қўйди.
Бир ҳафта давомида
Саида аёл билан қадрдонлардек бўлиб кетди. Лекин бирор марта ҳам қисматидан
нолимади. Унинг ўрнига фақат эрини мақтагани-мақтаган, кўкка кўтаргани-кўтарган
бўлди. Саккизинчи куни туш маҳали хона эшиги зарб билан очилди. Ичкарига
ажнабийча кийинган, атайин ўстирилган ҳар бир тирноғи турли рангларда бўялган
аёл тўғри Ноила ётган кроватнинг ёнига келиб, тўхтади.
— Ҳа, энди шуни ўйлаб
топдингми? Қачонгача йўлимизга ғов бўласан, жовдугар! – нотаниш аёлнинг
айтаётган гапларидан палатадаги беморлар довдираб қолишди. Ноиланинг юзлари
хижолатдан қизариб кетди.
— Малоҳатхон, келинг
ўтиринг, – деди оғриқли овозда зўрға. — Худо берган дард-да. Ўзимга қолса,
сўраб олармидим? Фарзандларимни ўйлаб, ўзи кўнглим... – аёл гапини тугатишга
улгурмасиданоқ нотаниш аёл унинг сўзларини шартта кесди:
— Етар! Бас қил энди!
Шундай қилсам, Тоҳир акамнинг раҳми келиб, пул беради, деб хомтама бўлма.
Сенсиз ҳам ташвишларимиз ўзимизга етарли, билдингми? Даф бўл қишлоғингга!
Ўзингни маъсумадек тутишни йиғиштир.
Аёл кундошининг
гапларини эшитар экан, кўзларидан ёш оқарди. Танасида турган қалтироқдан у
ётган кроват силкина бошлади. Унинг аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетди. Саида бор
овозда бақирганча шифокорларни чақирди. Ноилани тезда жонлантириш хонасига
олишди. Саида палатага қайтганида унинг кундоши аллақачон чиқиб кетганди.
Саиданинг опаси ҳам
тузалиб, шифокорлар уйга кетишга рухсат беришди. Опасининг бир дарддан
енгиллашганига хурсанд бўлса, бошқа томондан хаёли Ноилада эди. У ҳар куни
келиб, аёлнинг ҳолидан хабар олиб турди. Ниҳоят, орадан кунлар ўтиб, унга ҳам
шифокорлар жавоб беришди. Касалхона остонасида иккаласи бир-бирларини маҳкам
бағриларига босганча хайрлашишди.
— Албатта, ёзда опангиз
билан биз томонларга боринг. Боғимизда турфа хил мевалар ғарқ пишади. Жон деб
меҳмон қиламан сизларни, - деди Ноила.
Шу пайт “тез ёрдам”
машинасида оғир аҳволдаги аёлни шошилинч ҳолда келтиришди. Айтишларича, катта
йўлда уни тезлик билан келаётган юк машинаси уриб юборибди. Саида қонга ботган,
беҳуш ҳолатда касалхона ичкарисига олиб кириб кетилаётган аёлни танигандек
бўлди. Бироқ бу ҳақида Ноилага индамади. Аслида у ҳам жабрдийдани таниган
эди...
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий