Омад келса, қўшалоқлаб келади,
деганлари рост гап. Аммо омаднинг келиши кўп жиҳатдан кишининг ўзига боғлиқ.
Ўтаётган вақтдан оқилона фойдаланиш омад эшикларини бирин-кетин очилишига замин
яратади. Гулистон давлат университети Филология факультети хорижий тил ва адабиёти йўналиши 3-курс талабаси Шоҳсанам Анварова
мисолида бунга гувоҳ бўлдик. Қаҳрамонимиз учун ўтган 2018 йил хайрли кечди. У
“Халқаро Бешлар Иттифоқи (Union V)” конференсиясида, “Таълимда инновация”
халқаро форумида, “Қизлар фаоллигини ошириш саммити” (“Girls Development
Summit”)да, “Мунозара” I республика
форумида муваффақиятли иштирок этди.
МАНЗИЛ АНИҚ БЎЛСА, МАРРА ЯҚИН
Табиатан ўзим шунақаман: йўл
қанчалик машаққатли бўлмасин, ортга чекинмайман. Олдимга қўйган мақсадимга
интилишларим, ҳаракатларим туфайли аста-секинлик билан эришиб бораман. Уч йил
давомида ҳаракат қилиб, талабалар қаторидан жой ололмадим. Шундай бўлса-да,
олий маълумотли бўлиш орзуимдан воз кечмадим. Тўртинчи йили ўзим истаган
йўналиш бўйича тўлов-шартномаси асосида талабаликка қабул қилиндим. Таҳсил олишнинг
биринчи йиллариданоқ изланишлар олиб боришга киришдим. Илмий раҳбарим Ҳикмат
ака Уразбаев қизиқишларимни беэътибор
қолдирмасдан, қўллаб-қувватлади. “Олий таълим муассасаларида талабаларга инглиз
тилида касбий мулоқотга ўргатиш методикаси” мавзусида илимй тадқиқот ишимни
олиб бормоқдаман. Илмий изланишларим акс эттирилган мақолаларим вилоят,
республика ва халқаро тўплам ва журналларда эълон қилинмоқда. Бунинг барчасини
мақсадим аниқлигида ва иқтидоримни ривожлантиришимда, деб биламан.
ЎЗИМГА БЎЛГАН ИШОНЧИМ МАДАДКОР
Агар инсонда ўзига бўлган ишонч паст бўлса, у
ҳозирги даражаси қандай бўлса, шундайлигича қолаверади. Дунёқараши ва тафаккур
олами бой бўлиши учун кўп мутоллаа қилиш кераклигини яхши биламиз. Асар
қаҳрамонлари мисолида кўриш мумкинки, интилган инсон ҳеч қачон бенасиб
қолмайди. 2018 йил ҳаётимда унутилмас йил бўлиб муҳрланди. Бир йилнинг ўзида
иккита нуфузли стипендия соҳибаси бўлдим. Ўтган йилнинг февраль ойида
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендиясининг биринчи қалдирғочлари сафидан жой
олдим. Ҳаяжонларим тарк этмасдан туриб, 2018-2019 ўқув йилида Ислом Каримов
номидаги Давлат стипендиясига лойиқ топилдим. Олий таълимни тугатганимдан сўнг
берилган имтиёздан фойдаланиб, ўқишни магистратура босқичида давом
эттирмоқчиман. Ҳозирда эса Президент стипендиясига тайёргарлик кўряпман.
КУН ИШИНИ ТУН ЎЙЛА
Бежизга халқимиз бу мақолни
тўқимаган. Ҳар куни уйқуга кетишдан олдин хаёлан “Эртага нима қилмоқчиман?
Нималарга улгуришим керак?” аввалдан деган саволни ўзимга бераман. Эрталаб оила
даврасида нонушта қилиб бўлганимдан сўнг белгилаган режам асосида кун
тартибимни бошлайман. Кўпинча тенгдошларимдан режа асосида қилсам, ишим
унмайди, деган гапларни эшитиб қоламан. Аслида режа ўйлаб тузилса, зиёни
бўлмайди. Лекин менда ундай эмас. Олдимга мақсад қўйдимми, унга эришишга
ҳаракат қиламан. Вақтга амал қилиш ўзимга қўйган энг муҳим талабим. Немис тили
фанини чуқурроқ ўрганиш учун қўшимча дарс олганман. Битта тилни
ўрганганингиздан кейин иккинчисини ўрганишда қийинчилик туғдирмайди. Бунинг
учун хоҳиш керак. Келажакда хитой тили муракккаб бўлганлиги учун уни ўрганишга
сабрим етар эканми, шуни синаб кўрмоқчиман.
Ёшлар иттифоқи фаолиман. Дарсдан
бўш вақтларимда университет қошидаги Ёшлар марказига бориб, "Idea
exchange" (ғоялар) клубим
координаторлари билан биргаликда иш олиб борамиз. Яқинда Янги йил карнавалини
биргаликда ташкиллаштирдик.
ДАВР БИЛАН ЯШАЙМАН
Янгиликлар билан доимий равишда
танишиб бораман. Айниқса, таълимга оид бўлган хабарларни ўтказиб юбормайман.
Халқаро грантлар ва конференцияларга қизиқаман.
Менга маъқул келадиган оптимал вариантни қидираман. Баъзида интернет
орқали эълон қилинадиган танловларда ҳам қатнашиб тураман. Мисол учун ўтган
йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институтлари томонидан ўтказилган танловда иштирок этиб,
ғолибликни қўлга киритгач, уяли алоқа воситаси соҳибаси бўлдим. Танловнинг
шартлари бўйича уч нафар ғолиб саралаб олинди.
ЁШЛАРГА МОТИВАЦИЯ КЕРАК
Хорижий тил йўналишида таҳсил олганлигим
боис ҳар куни шу фанга ихтисослаштирган дарсларни ўтамиз ва курсдошларим билан
бирга мазкур тилда мулоқот олиб борамиз.
АҚШдан келган ўқитувчимиз Сара Ҳи фақат 4-курс талабалаирга дарс берса
ҳам биз дарсларимизга бир неча бор меҳмон сифатида таклиф қилганмиз. Тилни
мукаммал ўрганишда мана шундай хориждан мутахассислар кўпроқ жалб қилинса,
ёшларнинг мотивацияси кўпроқ ортади.
Суҳбатдош: Шаҳло АБДУСАИДОВА
Суратда: Шоҳсанам АНВАРОВА
Ajoyib maqola bo'libdi, ishlaringizga omad))
ОтветитьУдалить