вторник, 29 января 2019 г.

“КИТОБЛАР КАРВОНИ” СИРДАРЁДА



Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан янги лойиҳа амалга оширилмоқда. “Ёшлар кутубхонаси” деб номланган лойиҳа доирасида “Китоблар карвони” йўлга чиқиб, барча вилоятларнинг умумий ўрта таълим мактабларига китоблар жамланмаси туҳфа қилинмоқда. Жумладан, вилоятимизнинг фаол ўқувчи-ёшлари ҳам “Damas” автомашинларига ортилган 10 минг нусхадан ортиқ “Китоблар карвони”ни Гулистон шаҳрида тантанали кутиб олишди.

Вилоят “Маънавият ва маърифат” марказида бўлиб ўтган тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева сўзга чиқиб, китоб мутолаасининг инсон ҳаётида тутган ўрни ва роли ҳақида сўз юритишди. Хусусан, бу борада Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилинаётганлиги нотиқлар томонидан таъкидланди.
Тадбирда “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг иштирокчлари Ёрқинжон Ҳайитбоев ва Матлуба Собиржоновалар ташкилотчиларга ёшлар номидан ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишди.
— Мактабимиз кутубхонаси янги адабиётлар билан бойиши ҳақидаги хабарни эшитиб, хурсанд бўлдим, - дейди Гулистон шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Наврўза Турсунова. — Сабаби мен ҳам тенгдошларим каби китоб ўқишга қизиқаман. Айниқса, болалар адабиётини ёқтираман. Ўзим ҳам шеърий қораламалар машқ қиламан. Иқтидоримни ривожлантиришда бадиий адабиёт муҳим ўрин тутади. Узлуксиз мутолаа туфайли оғзаки ва ёзма нутқим ўсмоқда. Бунинг учун китобдан беҳад миннатдорман.

Ш.АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий