Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар
ўртасида жаҳон чемпионатда Гулистон олимпия захиралари коллежининг 2-босқич ўқувчиси,
гулистонлик Жамшид Маъруфов эркин кураш тури бўйича иштирок этиб, диёримизга
олтин медални қўлга киритди. 16 ёшли спортчининг бу ғалабасидан сўнг унинг
исми тарих саҳифаларида муҳрланадиган бўлди. Сабаби 1998 йилда мазкур
мусобақада ёш ўсмир Дилшод Мансуров олтин медални қўлга киритганидан сўнг эркин
кураш бўйича ўсмирларимиз жаҳон чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллай
олишмаганди. Орадан 20 йил вақт ўтиб, суҳбатдошимиз Жамшид Маъруфов бу натижани
қайта янгилашга мушарраф бўлди.
— Жамшид, ўсмирлар ўртасида спортнинг эркин кураш тури бўйича
жаҳон чемпиони бўлганингиз билан табриклаймиз! Суҳбатимиз аввалида
таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Раҳмат! Жаҳон чемпионатида биринчи марта иштирок этишим эди.
Мураббийларимизнинг ўз вақтида берган кўрсатмаларига амал қилганлигим
натижасида ғалаба қозондим. Тақдирлаш маросимида шоҳсупага чақирилганимда
кўнглим бўшаб кетди. Ватанимиз мадҳияси янграганида ва байроғимиз баланд
кўтарилганда гарчи спортчи бўлсам ҳам кўзимда ёш қалқиди. Бу ҳолатимни сўз
билан ифодалай олмайман… Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда бизни кутиб
олишганларида барча қийинчиликлар унут бўлди. Карнай-сурнай садолари, зарбоф
тўнлар, гуллар… Ҳаммаси ўзгача бўлди! Пойтахтимиз бўйлаб ўша Рио
олимпиадачиларимиз чиққан усти очиқ автобусларда бизни айлантиришди.
— Жаҳон чемпионатида қайси жанг қийин кечди? Рақибларингиз орасида
сиз танийдиганларингиз ҳам бормиди?
— Ярим финал ва финал баҳслари мураккаб тарзда ўтди. Финалда
яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғалаба қозонган япониялик
полвонга қарши чиқдим. Гарчи у билан гиламда биринчи марта учрашган бўлсам-да,
мураббийларимиз тўғри кўрсатма бериб туришди.
— Жамшид, ўзи эркин кураш билан қачондан бери шуғулланасиз?
— 8 ёшимдан бошлаб спортнинг эркин кураш тури билан мунтазам
шуғулланиб келмоқдаман. Оилада битта ўғил фарзандман. Дадам соғлом бўлиб ўсишим
учун ҳам мени спортга жалб қилганлар. Спорт турини танлаш ихтиёрини ўзимга
қўйиб берганлар, лекин дадамнинг танловига машғулотлар давомида қизиқиб
қолганман. Шу-шу, эркин кураш ҳаётимнинг мазмунига айланди. Бунинг учун
мураббийим Дилшод Исмоиловдан миннатдорман.
— Шу кунга қадар нечта мусобақаларда қатнашгансиз?
— Тўғрисини айтсам, кўплаб мусобақаларда иштирок этганман, лекин
уларнинг сонини санамаган эканман. Иштирок этган мусобақаларим орасида халқаро
турнирлар ҳам бор. Хусусан, Озарбайжон ва Россия давлатларида бўлиб ўтган
халқаро турнирларда қатнашиб, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритганман.
Ўтган йили пойтахтимиз мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза медалига лойиқ
топилдим.
— Машғулотлардан бўшаган пайтларингизда қандай тарзда ҳордиқ
чиқарасиз?
— Бўш вақтларимда ўртоқларим билан тоза ҳавода сайр қиламиз.
Кўпроқ сузишга борамиз. Чунки сузиш асносида мушаклар дам олади. Баъзида бадиий
китоблар ҳам ўқийман.
— Қайси эркин курашчиларга ҳавасингиз келади?
— Уч карра олимпиада чемпиони Артур Таймазов, Рио-2016
олимпиадасининг бронза медаллари соҳиби Ихтиёр Нав-рўзов ва Магомед
Ибрагимовларга ҳавасим келади. Ихтиёр Наврўзовнинг жангларини кўпроқ кузатиб
бораман. Унинг курашиш услуби менга жуда ёқади.
— Гиламда доим рақибингиз, ҳаётда эса ўртоғингиз бўлган курашчи
борми?
— Ҳа, бор. Машғулот залида бирга доимий шуғулланадиган
воҳадошларим Акбар ва Жаъфар – яқин ўртоқларим. Улар билан ҳаётда ўртоқман,
гиламда эса рақиб бўлишлари менга ноқулайлик туғдиради. Шундай бўлса-да,
гиламга чиққанда аяш йўқ! Ғалабага эришиш мақсадида ҳар биримиз ўзимиз учун
курашамиз.
— Мусобақалардан сўнг қанча вақт танаффус қиласиз?
— Икки ҳафта ёки бир ой дам оламан. Шу вақтда кўпроқ сузаман ва
ухлайман. Шунда танам аввалги ҳолатига тез қайтади ва мен машғулотларга тайёр
бўламан.
— Машғулотларингизда ранг-ба-ранглик бўладими?
— Мураббийимиз машғулотларни ҳар хил тарзда ўтади. Баъзида
ўйинлардан фойдаланамиз. Ҳаммамиз бирга сузишга борамиз. Назарий маълумотлар
ҳам оламиз. Спорт залида прожекторлар ёрдамида эркин курашчиларнинг жанглари туширилган
видеотасвирларни томоша қиламиз.
— Сиз амал қиладиган шиор?
— Ҳар қандай қийинчиликни сабр билан енгиш кераклигига амал
қилиш.
— Спортчи учун энг муҳим учта жиҳатни айта оласизми?
— Устоз-мураббийларни рози қилиш, яъни уларнинг кўрсатмаларини
ўз вақтида бажариш. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шукр қилиб яшаш ва олдинга қараб
интилиш кераклигини айта оламан.
— Келажакдаги орзуингиз?
— Худо хоҳласа, мана шундай қувончли натижаларни келгусида ҳам
қўлга киритиш ниятим бор. Халқаро мусобақаларда, Осиё ва жаҳон чемпионатларида
иштирок этиб, юртимиз байроғини кўтармоқчиман. Энг катта орзуим эса Олимпиадада
иштирок этиб, ғолиб бўлиш.
— Ниятларингизга етишингизда сизга омад тилаймиз. Вилоятимиздан
олимпиада чемпиони чиқишига умид билдирамиз.
Суҳбатдош: Шаҳло
АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий