вторник, 18 декабря 2018 г.

СОЗЛАРГА ОШУФТА ДИЛ

Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган “Мард ўғлон” Давлат мукофотининг илк эгаларига 30 июнь – Ёшлар кунида тантанали топширилди. Вилоятимизда икки нафар йигит мана шу нуфузли мукофотга сазовор ноил бўлди. Улардан бири Одилхўжа Қаюмхўжаевдир. У 2008 йили Тошкент шаҳрида анъанавий хонандалик бўйича ўтказилган Муҳиддин Қориёқубов номидаги республика кўрик-танловида олий ўринни, 2013 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган ёш ижрочиларнинг республика кўрик-танловида 3-ўринни эгаллаган. 2014 йили Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий созандалик бўйича ўтказилган “Балтийский берег” халқаро танловида фахрли 1-ўринни, 2015 йили “Созлар навоси” республика танловида бош совринни қўлган киритган.
ЧОРЛАГАН МАНЗИЛ...
Торли созлар... Улардан таралаётган куйлар... Қайта-қайта дадамнинг аудиотасмасини эшитишга қўяман. Қизиғ-а, бир хил куйни соатлаб ҳар куни эшитаман-у сира тўймайман. Мени ўзига мафтун этувчи сеҳрнинг сирини излагандек бўламан. Йўқ, барибир тополмайман. Дадамнинг рубобини қўлимга олганча тақлид қиламан ўша куйларга. Устоз кўрмаган 7 ёшли бола нимани ҳам эплаб чала оларди? Тўғри, бутун вужудим билан ҳаракат қилсам-да унддалай олмасдим. Чунки мен нота, антиғроғи, “рубоб тили”ни билмас эдим... Аммо ота-онам бу ҳаракатимни зимдан кузатиб юришган чоғи, шу соҳада камол топишимга биргаликда аҳд қилишди. Волидам қўлларимдан тутганча Бахт шаҳридаги 10-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб борганида ҳаётимда янги саҳифа очилди. Имтиҳондан ўтдим, мени ўқишга қабул қилишди. Шу ондан келажагим ипсиз мусиқа билан боғланди. “Мусиқа алифбоси”ни Ҳусниддин Оққулов ва Мамат Бўриевлардан қунт билан ўргана бошладим. Ахир бу мен орзу қилган нафас! Ҳар бир машғулот тобора мени қашқар рубобига ҳаминқадар яқинлаштирар, унинг ранг-баранг ижро безакларидан бохабар қилиб борарди. Рубоб торини чертишим билан юрагим ҳапқирар, ундан чиқаётган куйларга шайдо бўлардим...
ҚЎЛИМДА СОЗИМ...
 Қашқар рубоби, тор, дутор, танбур, соз ва деярли торли мусиқали асбобларни ҳаммасини чалишни ўргандим. Лекин улар орасида қашқар рубобини ҳаммасидан кўпроқ яхши кўраман. Ҳатто бетоб бўлиб қолганимда ҳам уни чалишдан тўхтамаганман. Мана шунақа ҳолат 2015 йилда бўлган. Тошкент шаҳрида ўтказилган “Созлар навоси” кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этишим керак эди. Туни билан иссиғим чиқдим. Эрталаб ҳал қилувчи танлов. Тонгда уяли телефоним тинимсиз жиринглайди. Беҳол бўлиб кўтарсам, устозим экан. Боролмайман, оёқда туришга ҳам кучим йўқ, дедим. Устозим касал ётган бўлсам ҳам менга умид билдирди. Шундан сўнг танловга отландим. Навбатим келганида саҳнага қандай чиққаним ва қандай ижро этганимни билмайман. Куйни чалиб бўлганимда қўл-оёғим авж олган истима туфайли қалтирар, мажолсизлана бошлагандим. Танлов якунланиб, натижалар бирин-кетин эълон қилинарди. Бунинг қарангки, бош соврин эгаси камина бўлиб чиқди! Севимли ва ардоқли созим бетоблигимда ҳам ғалаба олиб келган эди ўшанда...
ИМКОНИЯТ ЭШИГИ
20 ёшимда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий созандалик бўйича ўтказиладиган “Балтийский берег” халқаро танловида қатнашишга мушарраф бўлдим.  Устозларимдан олган сабоқларим асқотиб, нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан фахрли 1-ўринга лойиқ топилдим. Шундан сўнг Гулистон давлат университети Педагогика факультети мусиқа таълими йўналишига давлат гранти асосида ўқишга имтиёзли равишда қабул қилиндим. 1-курсни тамомлаганимдан сўнг Ўзбекистон маданияти ва санъати институтида Халқ ашула ва рақс ансамблларига раҳбарлик таълим йўналиши бўйича таҳсилни давом эттирдим. Бу йил мазкур институтнинг бакалавр дипломини қўлимга олдим. Яхши созанда бўлиб, устоз-санъаткорларнинг даражасига чиқиш учун интиламан. Шогирдлар тарбиялаб, санъатимизни ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятим бор.
ИЖОД ОЛАМИ
Созанда учун ижро биринчи ўринда туради. Ўз устимда тинимсиз ишлайман. Кўпроқ Муҳаммаджон Мирзаев, Тоҳир Ражабий каби устоз-санъаткорларнинг аудиотасмаларини эшитаман. Мустақил машғулотлар олиб борганимда иложи борича ўзимга тинчроқ бўлган жойни қидираман. Ҳеч ким халақит бермайдиган хонада 4-5 соатлаб машқ қиламан. Агар ундан ортиқ вақт шуғуллансам, ўзимда толиқиш сезаман. Бу эса кутилган натижа бермайди. “Мушкулоти дугоҳ”, “Ҳожиниёз”, “Настир ушшоқ”, “Хуррам” каби куйларни севиб ижро этаман.
БОШҚА ОРЗУИМ ҲАМ БЎЛГАН
Ёшликдан ҳарбий бўлишга ҳам қизиққанман. Ҳарбийларнинг либослари, уларнинг жиддийлиги, бирсўзлиги ёқарди. Ҳатто шу соҳадан кетишга ҳаракат ҳам қилиб кўрганман. Бир мунча вақт спортнинг бокс тури билан ҳам шуғулланганман. Лекин барибир санъатга бўлган ҳавасим устунлик қилди.
“МАРД ЎҒЛОН” УНВОНГА МУНОСИБМАНМИ?
Муносиб топилганим матбуотда эълон қилинган куниёқ ўзимга шу саволни бердим. Мен муносиб эдимми? Менимча, қўлга киритганимдан кўра киритишим керак бўлган натижалар ҳали бисёр. Зиммамда катта масъулият юкланди. Бунинг учун энди фақат ҳаракат, изланиш ва меҳнат қилишим лозим. Менга билдирилган ишонч учун Юртбошимиздан миннатдорман. Ўзим каби тенгдошларимга замин яратиб берилмоқдалар. Биздан эса шунга муносиб натижа кўрсатиш қолаётир, холос.
МЕНИ ҚЎЛЛАГУВЧИ БОР
Ҳаракатимга яраша Яратган эгам босқичма-босқич ниятларимга етишишни насиб қилмоқда. Орзуларим ҳали тугамади. Уларнинг ушалиши учун тинимсиз ҳаракатдаман. Яқинда оила қуриш арафасидаман. Севган ёримни бахтли қилиш, ҳурмат қилиб, эл корига ярашимиз керак. Хонадоним ибратли оилалар қаторида бўлишини ва ота-онам бизнинг роҳатимизни кўриб юришларини истардим. Уларнинг қувончи, севинчи, дуоси мен учун ҳамиша муҳим.


Суҳбатдош: Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий