ҚАРҒИШ УРГАН УЙ
Бу хонадонда ким яшаса ҳам сира тинчлик бўлмайди.
Тундан то тонггача бақир-чақир, тўс-тўполон. Бирон тун йўқки, осуда ўтса. Кўп
қаватли уйда яшовчи бир отахон бу ҳолатни кузата туриб шундай деди:
- Бундан ўн йиллар илгари айни баҳор палласида мусича
шу хонадон деворига туташиб ўсган чирмовгулга ин қурганди. Полапонлари
бирин-кетин тухумларни ёриб чиқиб, чуғур-чуғури оламни тутарди. Хонадон эгаси
Зокир тонг отгандан қуёш ботгунига қадар тинчлик бермаяпти булар, деб тунда
чирмовгулни чопиб ташлади. Мусичанинг ини бузилди, полапонлари эса ҳалок бўлди.
Шу-шу, бу хонадонда тунда тинчлик йўқ: қарғиш олган уйга ўхшаб қолган.
Дарахт синса, “қарс” этади. Чақмоқ турса, осмон
гумбурлайди. Ёмғир ёғса, шитирлайди. Шамол елса, увиллайди. Кўнгил-чи, кўнгил?
Унинг на товуши бор, на шовқини. Фақат қалб вайрон бўлади, умид тори узилади.
ИЛТИЖО
Бу болакай ҳам юриш учун ҳаракат қилади, аммо унинг
оёқлари ўзига бўйсунмайди. Унинг тенгқурлари юриш у ёқда турсин, қувлашмачоқ
ўйнашади. Эндигина беш ёшни қаршилаган бўлса-да, дунёнинг ташвишлари туфайли
кўзида ёш. Аравачада михлангача қўшни болаларнинг ўйинини кузатади. Онасига ҳар
куни бир неча бора бир хил саволни беради: “Нега мен юролмайман?” У ҳам
тенгдошлари каби тўрт мучаси соғ ҳолда дунёга келган, бироқ уқувсиз ҳамширанинг
қўлидан тушиб кетиб, мана шу кўйга тушган. Фарзандининг беғуборлик даврида,
ўйнаб-куладиган пайтида кексаларга ўхшаб ўтиришини кўриш она учун оғир. Умид
билан тонларгни оттиради, Яратганга
илтижо қилиб, норисидаси учун шифо сўрайди. Эҳтимол унинг ниятлари ижобат
бўлар...
ВАТАН
Ўтган йили мана шу даҳлизга қушлар ин қуришганди.
Вақти келиб, полапонлари учиб кетганидан сўнг қишда уларнинг ини бузиб
ташланди. Баҳор келиб, ўша жойга арилар ин қурди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас ўнга
яқин қушлар ариларнинг инини бузишга ҳаракат қилишди. Ўйлашимча, буларнинг
киндик қони тўкилган жойни беришни исташмади. Кези келганда қушлар ҳам вайронага
айланган ватанларини бегоналардан қизғанишар экан. Уларда ҳам туғилиб, ўсган
жойга нисбатан меҳр-муҳаббат тортаркан.
ГЎДАК ИСИ
Бу хонадонда ҳамма нарса муҳайё. Меҳр-муҳаббат ҳам
ўзгаларникидан зиёдроқ. Бир-бирини қадрлаш, инсоний фазилатлар ҳам аъло. Бироқ,
бу ерга биргина гўдак иси етишмайди. Қанийди ўн йилдан буён умид билан
яшаётганларнинг бахтга тезроқ бутун бўлса...
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий