вторник, 18 декабря 2018 г.

УВОЛ БЎЛАЁГАН УШОҚЛАР

Эрта тонгдан тандирдан узилган бир жуфт нонни кафтларим орасида қўяман. Бунчалар ҳам қайноқ бўлмаса, худди она меҳридек! Ноннинг иси димоғимга урилади, ҳидига сармаст бўламан. Бободеҳқонларимизнинг пешона териси эвазига бош кўтарган буғдой пояси тегирмонда янчилиб, унга айланади, хамир қорилиб, нон ёпилади. Сўнгра кўриб турганингиздек, дастурхонни зийнатлантиради.
Ўзбекнинг қайси хонадонига кирманг, “нондан олинг”, “бир тишлам насибадан қайтманг”, дея олдингизга нон ушатишади. Ҳатто янги туғилган гўдакни бешикка белашда ҳам ризқи, насибаси бутун бўлсин, дея ёстиқчаси тагига яхши ният билан кулча қўйишади. Болали хонадонларда тандирда нон ёпишганда, албатта, кулча нон ҳам қўшиб пиширишади. Бир-биридан тотли ва мазали ёпилган нонларимиз мадҳи ҳатто чет эллик сайёҳларнинг ҳам тилидан тушмайди. Узоқ сафарга отланувчи йўловчилар-ю ҳарбий хизматга кетувчи йигитларнинг белига бир жуфт нон боғлашади ёки “хонадондан ризқи узилмасин” деб нон тишлатишади. Умуман олганда халқимизнинг бирон-бир урф-одати, анъанаси, қадрияти йўқки, нон билан боғлиқ бўлмаса, хоҳ у тўй бўлсин, хоҳ у марака. Шу сабабдан ҳам нон азиз ва мукаррам ҳисобланади. 
Яратганга шукр, мана шундай тўкин-сокинчилик даврида яшапмиз. Баъзида эса шу тўкинчиликка хиёнат қилмаяпмизмикан, деган ўй қамраб олади. Сўнгги пайтларда пиёдалар йўлагида (асосан тушдан кейинги пайтларда), болалар ўйнайдиган майдончаларда нон ушоғига, бўлакларига кўзингиз тушади. Баъзида тупроққа қоришиб кетган урвоқни кўриб, инсон юрагида оғриқ туради. Ачинарлиси, улуғ неъматни оёқ остида қолиб кетаётганлигидир. Ҳозир нонни ким ҳам кўчага ташлар дерсиз? Сизга оддийгина жавоб: дўкон расталарига кириб келган “кириешки” номли маҳсулот — қотирилган нон бўлаги. Ана шу маҳсулот хоҳлаган жойда, хоҳлаган ерга улоқтириб кетиш оқибати кўп учрамоқда. Бундан ҳам баттар бир ҳолатга гувоҳ бўлганимда дилим хуфтон бўлди. Қолипли нон — “буханка”ни пишишини 20-30 дақиқача кутиб, навбатда туриб қолдик. 3-4 кишидан кейин бир эркакнинг навбати келди. У қопини очиб, ичига нонларни жойлай бошлади. Навбатда турганлар “бизга етмай қолади” дейишига ҳам парво қилмади. Дўкондан чиқаётиб, эркак киши оғзини тўлдириб: “новвос боқаяпман, буханка нон еса, тез семиради-да”, деди. Унинг бу гапи ҳамманинг хуноби ошди.  Бу билан бир бурда нон учун қанчалар машаққат чекиб яшаган аждодларимизни олдида нонкўрлик қилмаяпмизмикан? Нонга ҳурмат —  элга ҳурмат, дейишган доно халқимиз. “Биз бугун бу ҳурматни мана шундай кўринишда намоён қилапмизми?”, деган ҳақли савол туғилди. Йўл-йўлакай бобомнинг нон ҳақида айтиб берган ҳаётий ҳикояси эсимга тушди.
Ё ҲАЁТ, Ё ЎЛИМ
1918 йилларда очарчилик бошланган. Қишлоқда кўп одамлар очликдан ўлиб қолишаябти. Амаким камбағалларни ҳимоя қилиб юргани учун кўпчилик уни “раис” деб аташарди. Ана шундай очарчилик кунида амакимнинг олдида тоғаси келиб:
— Жамол, уйдамисан? Энди нима қиламиз?! Очликдан ўлиб кетамизми? – дебди тоғаси.
— Эл тўғри бўлса, тўғри бўл. Элдан чиқма, деган гап бор. Ҳадемай арпа пишиб қолади, – дебди амаким.
Лекин тоғалари ўзига пишиқ одам бўлган. Ўша пайтлари кимлардир уйнинг ичида ўра қазишиб, буғдойини жойлаштириб устида ётишган. Айримлари эса буғдойни ҳовлига яшириб қўйишган. Жамол амаким тоғасиникида иккита ўра борлигини биларди. Эртасига маҳалладан тўрт нафар дўстини чақириб, тоғасининг уйига боради.
— Мен томнинг тепасида ўтираман. Сизлар ўрани излайсизлар. Мабодо тоғам билиб, ташқарига чиқса, тепадан устига пичан ташлайман, - дея амаким режа тузади.
Улар иккала ўрани ҳам топишади. Биридан арпа, биридан буғдой чиқади. Тоғасига раҳми келиб, ўттиз килограммча буғдой қолдириб, қолганини олиб, муҳтож хонадонларга икки килограммдан буғдой, арпа тарқатиб чиқишади. У пайтлар ҳамманинг уйида ёғирчоқ —  қўлаки тегирмон бўларди. Тонг отиши билан тоғаси амакимникига ҳақиқий йиғиси билан келади. Жамол амаким буни олдиндан сезгандек онасига: “Кечаси пичан ғарами томонга қоровулликка кетган, денг”, деб тайинлабди. Хуллас, ўша кезларда амаким кўпчиликни очликдан сақлаб қолган экан.
Бобом қандай ҳикоя айтмасин, нон билан бевосита боғланарди. Киши бошига ҳисоб билан нон тарқатилган замонларда туни билан турнақатор бўлиб навбатда туриб, нон олган пайтларини эслаганларида кўзларидан доим ёш қалқирди, ўйчан нигоҳлари эса ўтмиш хотираларига бориб тақаларди. Биз бу воқеалар ўтиб кетди, энди замон ўзгача дейимшимиз мумкин. Бироқ, ҳозир ҳам дунёнинг бир четида бир тишлам нонга зор бўлаётганлар озми?
Яқинда дўстларим билан гаплашаётганимда суҳбатимиз нонга уланиб кетди. Кореяда докторантурада таҳсил олаётган дўстимизнинг айтган гаплари беихтиёр кўзларимизни намлантирди.
 Мусофирчиликда нонимизнинг қадри жуда билинди, - дейди у. – Ўзбекмиз, нонсиз таом ейишга одатланмаганмиз. Ўзга юртда дўконларни, бозорларни кезиб, нон қидирдик. Охири бошқа шаҳарда ўзбеклар нон пишириб, сотиши ҳақидаги даракни эшитиб, ўша томонга ўқдек учдик. Битта нонни 3 АҚШ долларига сотиб оладиган бўлдик.  Шундай қилиб, ўқишимизнинг уч ойи давомида бошқа шаҳарга нон учун навбатма-навбат қатнадик. Тўртинчи ойга келиб, ўзимиз нон тайёрлашга қарор қилдик. Интеренет орқали уйдагилар нон тайёрлаш босқичини кўрсатиб туришди, биз эса бу ерда туриб жараённи қайтардик. Кейин ўзимиз нон пиширишга одатландик. Нон исини соғинганидан ўқишини тамомламай Ватанимизга қайтиб кетган дўстларимиз ҳам бўлди...
Мусофирчиликни бошидан ўтказаётган дўстимнинг гапларидан қаттиқ таъсирландик. Анча вақтгача бир луқма нонни оғзимга олганимда бу воқеалар кўз олдимда гавдаланиб турди.
Улуғ неъматга бўлган муносабатимиз бизни ўзлигимизни англатади. Шундай экан, нонни оёқ ости қилишдан сақланайлик. 

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий