Бошланғич
синфда ўқиб юрган кезларимизда мактаб кутубхонасида “Ғунча”, “Гулхан”
журналларини кўриб қолиб, уйимдагиларга шу нашрларга обуна бўлишларини
сўраганман. Журналлар ойда бир маротаба чиқар ва почтачи уйимизга олиб келишини
интиқлик билан кутардим. Бир кечада журналларнинг ҳамма саҳифаларини бирма-бир
ўқиб чиқардим. Ҳатто журналларнинг ўша йиллардаги тахлами ҳали-ҳануз уйимизда
сақланаётганлиги матбуотга бўлган меҳрим туфайли, деб биламан. Бир йиллик обуна
пулини тўлашимга қарамай, еттинчи ё саккизинчи ойдан кейин почтачи журналларни
келтирмай қўярди.
Яқинда
пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Қорақалпоғистон
Республикаси ҳамда барча вилоятлардаги ҳудудий газеталар мухбирлари учун ташкил
этилган икки кунлик семинар-тренингларда ҳам шу масалаларга тўхталиб ўтилди.
Ҳудудий нашрларнинг аҳволи деярли бир хил. “Обуна” сўзи эшитилиши билан
“кейинги тақдиримиз нима бўлади?”, деган савол кўпчиликни қийнаяпти. Айниқса,
муассислари бор, бироқ бефарқлик билан ёндошаётган мутасадди ташкилотлар эшик
қоқиб, ҳол-аҳвол сўрамаятган бир пайтда обуна ҳақида ўйлаш мумкинми? Мўлжалдаги
обуна бўлмагандан кейин туман ва шаҳар аҳолисини маҳаллий ахборот билан ўз
вақтида хабардор қилишнинг иложи бўлмайди.
Семинар
давомида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев
сўз олиб, бугунги кунда туман ва вилоят газеталаридаги реал аҳволига ўз
фикрларини билдирди. У республика миқёсида ўрганишлар натижасида ҳудудлардаги
кутубхоналар ёпилиб кетганлиги, 25 йил давомида бирон марта китоб берилмаган
кутубхонлар ҳам мавжудлигини кескин танқид қилди. Газеталарнинг
мазмун-мунжарижаси ўзганмагани (эски услуб сақланиб қолганлиги), ташқи
дизайнида ҳам ўзгаришлар сезилмаганлиги, мажбурий меҳнат, уйсиз-жойсиз
қолганлар, муаммолар кам ёритилиши муҳокама қилди. Шунингдек, ёш кадрларга
бўлган эҳтиёж юқори эканлигини ҳам алоҳида таъкидлади.
Бугунги
кунда кадрларга бўлган эҳтиёж катта. Республика миқёсида 32 фоизгина олий
маълумотли мутахассислар таҳририятларда фаолият кўрсатаётганлиги бу соҳанинг
оқсаётганидан далолат бермоқда. Ўз-ўзидан бу масала яна обунага бориб тақалади.
Умид билан қўлига диплом олган ёш ўрта махсус маълумотли кадрлар билан
тенглаштирилган маошга ишлашни истармиди? Биргина вилоятимизда фаолият
кўрсатаётган 21 та газеталарнинг 3 таси кадрлар танқислиги боис ёпилиш
арафасида. Вилоят матбуот ва ахборот бошқармасидан олинган маълумотга кўра
туман ва шаҳарларимиздаги таҳририятларда 10 яқин, вилоят ҳокимлиги матбуот
котиблиги лавозими эса салкам 3 ойдан буён вакант бўлиб турибди. Бундан кўриниб турибдики, вилоятдаги даврий
нашрларга олий маълумотли журналист
кадрлар зарур.
Мутахассисларнинг
таҳлилларга кўра туман ва шаҳар газеталарига ҳудуддаги аҳолининг ҳеч бўлмаса 4
фоизи обуна бўлиши орқали унинг қамров даражаси 20-25 фоизга етар экан. Мисол
учун 100 минг аҳоли яшайдиган ҳудудда обуна йўқ деганда 4 минг нусхада бўлиши
таҳририятларнинг молиявий имконияти яхшиланишга олиб келиши аниқланган.
Қанийди,
вилоятимиз маркази Гулистон шаҳрида Термиз шаҳридаги каби Матбуот уйи фаолият
кўрсатса, унинг қошида бўлажак журналистлар учун маҳорат дарслари олиб борилса.
Вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган, ҳозирда фаолият олиб бораётган устозларнинг
маҳоратидан, ҳаёт сабоқларидан бўлажак
мухбирлар баҳраманд бўлсалар...
Хулоса
ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фидойилик билан меҳнат қилаётган ОАВ ходимларига
эътибор ва молиявий рағбат керак. Шундагина уларнининг ижтимоий фаоллиги
янада ортиб, ижодларида юксалиш бўлади.
Шаҳло
АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий