Спортнинг зеҳнни чархловчи
шахмат тури — бугунги кунга келиб, кўплаб ўз мухлисларини топди. 64 катакли
шахмат тахтаси устида ҳаракатланадиган оқ ва қора доналар рақибларни ҳам,
томошабинларни ҳам мушоҳадага чорлайди. Вилоятимизнинг ўзига хос шахмат мактаби
тарбияланувчиларининг эришаётган ютуқлари нафақат республикамизда, балки дунёда
ҳам ўз ўрнини эгаллаб бораётганидан ғурурланамиз, албатта. Хусусан, боёвутлик
ёш шахматчи Сарвиноз Қурбонбоеванинг халқаро гроссмейстер мақомига
эришганлигидан кўнглимиз фахр туйғусини туяди. Нуфузли мусобақаларда юртимиз
шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилиб, чемпионлар ортидан эргашаётган
навқирон авлод вакилларининг сони ортаётганлиги ҳам бежиз эмас, албатта.
—Мактабимизда шахмат тўгараги 10 йилдан буён давом
этади, — дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Исмоил Эшонқулов. — Ўқувчиларимиз
орасида Ёшлар иттифоқи томонидан ҳар йили ўтказилиб келинаётган «Ёшлар шахмат
тахтаси» ва «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларида ҳамда мактаблараро ўртоқлик
учрашувларида муносиб иштирок этишмоқда. Ўтган йили «Ёшлар шахмат тахтаси»
мусобақасининг вилоят босқичида ўқувчиларимиз фахрли 3-ўринни эгаллашди.
Шахмат тўгараги ўқувчиларнинг ёш тоифаларига бўлинган
ҳолда 10-12 кишидан иборат гуруҳларга бўлинган ҳолда иш олиб боради. Хусусан,
1-4, 5-7 ва 8-11-синф ўқувчилари алоҳида тоифаларга ажратилган. Булар орасидан
энди бошловчилар, ўрта ва кучли даражадагилар ҳам сараланади. Тўгарак асосан
тушдан кейин ўтказиладиган бўлиб, ҳар бир машғулот 90 дақиқани ўз ичига олади.
5-10 дақиқаси умумлаштирувчи машқларга, 10-15 дақиқаси назарий маълумотларга,
қолган қисмида эса амалий турга ажратилган. Ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни
ошириш мақсадида машғулотлар сўнгида кичик мусобақа ташкил этилади.
—11 йиллик таълимга ўтилгандан сўнг мактабимизда синф
хоналари тақчил бўлиб қолди, —дейди Гулистон туманидаги 6-умумий ўрта таълим
мактаби директори Юнус Эгамқулов. —Шунинг учун ҳозирда бўш турган мактаб
ошхонаси биносида тўгарак машғулотларини йўлга қўйганмиз. Тўгарак
машғулотларида видеопрожектор, компьютер қурилмаларидан фойдаланамиз. Келгуси
ўқув йилида алоҳида хона ажратиш масаласи режамизда бор.
Тўгарак аъзолари орасида 11-синф ўқувчиси Отабек
Бектўраев, ака-ука Ойбек ва Кенжабек Тошбоевлар (8-3-синф ўқувчилари), 5-синф
ўқувчилари Азиза Примқулова, Малоҳат Мустафоқулова, 2-синф ўқувчиси Барно
Саидалиевалар алоҳида иқтидорлари билан тенгдошларидан ажралиб туришади.
—Охирги марта 2007 йилда тўгарагимизга спорт мактаби
томонидан шахмат тахтаси берилган, — дейди И.Эшонқулов суҳбатимиз давомида. —
Шахмат тахтасининг яроқлилик муддати 5 йил деб кўрсатилган. Ҳозирда ўзимиздаги
мавжуд шахмат тахтаси гуруҳ аъзоларига етишмайди. Шу сабабдан машғулотлар
пайтида ўқувчилар ўзларининг шахмат тахталарини олиб келишади. Ўқув йилининг
бошида Ёшлар иттифоқи Гулистон туман кенгашига битта магнитли ёзув тахтаси, 10
та шахмат тахтаси, 10 та секундомер соат ва шахматга оид китоблар сўраб,
мурожаат қилганмиз. Яқин орада биз сўраган спорт қуролларини олиб келишларига
умид қилаяпмиз.
Тўгарак машғулотлари ва 2-синф ўқувчиларининг дарс
фаолиятларини янада жонлантириш учун ҳаракатни кўриб, хурсанд бўлдик. Тез орада
сўралган спорт анжомлари келтирилса, ўқувчилар замон билан ҳамнафас ҳолда
машғулотлардан баҳраманд бўлишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Эҳтимол, бу
масканда бўлажак гроссмейстерлар улғайишаётгандир. Сиз бунга нима дейсиз?
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий