пятница, 14 декабря 2018 г.

УЗИЛМАГАН РИШТА (ҳикоя)

Чарос онасининг бевақт ўлимидан сўнг опаларига анчайин суяниб қолди. Катта опаси Дилобар оилали, онда-сонда бўлса-да, синглилларидан ҳол-аҳвол сўраб туради. Ўзи табиатан у камгап ва тортинчоқ. Шунинг учун оилавий давраларда ҳам унинг бор ё йўқлиги деярли сезилмайди. Дилобардан кейинги синглиси Ҳуснияда ҳали турмушга чиқмаган. Олийгоҳни тамомлаб, коллежда дарс бермоқда. Чарос оиланинг кенжатой қизи бўлганлиги учунми, эркатой ва шаддод қиз бўлиб улғайди. Шундай бўлса-да, онасидан сўнг унинг эркаликлари ўз-ўзидан қолиб кетди. Коллежни тамомлагач, уни Ҳуснияда опаси ўз ёнига олиб, ишга жойлади. Шу-шу, улар ўтирса ҳам, турса ҳам бир-биридан ажралмайдиган бўлишди. Орадан икки йил ўтиб, бу опаси ҳам куёвга узатиладиган бўлди. Аввалига Ҳусния синглисини кўзи қиймай, келган совчиларга рад жавобини бераверди. Чарос опаси билан гаплашиб, уни кўндиришга уринди:
- Дадам борлар-ку, нега мендан хавотир оласиз? Катта қиз бўлсам, ўзимни ва дадамни эплай оламан. Аям раҳматли сизнинг тўйингизни қанча орзиқиб кутарди. Эсингиздами? Бахтли бўлинг. Биз – ҳаммамиз бахтли бўлишимиз керак. Ана шунда аям биздан хурсанд бўлиб, гўрида тинч ётадилар...
Чароснинг сўзлари таъсириданми, кечаси билан опа-сингил йиғлаб тонг оттиришди. Бу хонандонда “ёр-ёр” садолари остида қиз узатиладиган бўлди. Опасининг тўйи куни куёвнавкарлар келган замон Чароснинг ичида нимадир узилгандек бўлди. Тўй ташвишларидан елиб-югуриб толиққаниданми, ё ўзини ёлғиздек ҳис қилганиданми, кўзлари намлана бошлади. Ёлғизлиги сабабли тўй қариндош-уруғлар билан янада файзли ўтади. Уларнинг эса яқин қариндошлари йўқ эмас, бор, фақат қўшни давлатда яшашади. Тўйга фақат уруғларнинг каттаси – иккита тоғаси ва холаси, амакиси ва аммаси келишди. Чарос холалари билан кўришганида димоғига таниш ифор урилди. Бу – онасининг ифори эди. Холадан, онанинг иси келади, деб шунга айтишади-да. Тўйиб-тўйиб қучоқлади.
Тўй жуда ҳам чиройли тарзда ўтди, бироқ онанинг ўрни уларнинг кемтик юракларини тўлдиролмади.
Чарос опасининг тўйидан кейин ўзини ёлғизланиб қолгандек ҳис қила бошлади.  Кенг уйлар ҳувиллаб, одамни ютиб юбораётгандек туюларди. Тўғри, уни унчалик ёлғиз ҳам деб бўлмасди. Дадаси бор, фақат у билан зарурият юзасидан бир-икки оғиз суҳбатлашмаса, деярли гаплишмасди. Онаси раҳматли тириклигида ҳам дадасида бирон нимага рухсат ёки фикр сўрашмоқчи бўлишса ҳам ўзлари тўғридан-тўғри ҳеч қачон мурожаат қилишмаган, тартиб шундай эди. Ҳозир дадаси иккаласи ёлғиз қолишганда ҳам сўз қотишга ҳадди сиғмайди. Онасининг ўлимидан кейин дадаси кўп чекадиган одат чиқарди. Уйда бўлган пайтларида хона тамаки тутини билан тўладиган бўлди. Шу зайлда бир хил ҳаёт кечираётганига беш йил бўлди. Бироқ орадан йил ўтгани сайин дадаси билан муносабати ҳеч ҳам яхшиланмади, балки ришталар тобора таранглашиб борарди. Дадаси кундан-кунга инжиқ ва қайсар бўлиб борарди. Қизининг пиширган таомларинидан қониқмас, ювиб, дазмол босилган кийимларни қайтадан ўзи ювадиган одат чиқарди. Чарос бу ҳол қачонгача давом этишини билмай, фақат сабрга қаноат тутди. Тамакининг тутунидан буғилиб уйғонса-да бирон марта отасига чекманг, дея айтаолмади. У отасини шу аҳволда кўриб, ич-ичидан эзиларди. Бу ҳам камлик қилгандек, икки опасининг кўнглиларига ҳам қарарди. Поччалари ва жиянларининг туғилган кунларида ва байрамларда уларни йўқловсиз қолдирмасликка ҳаракат қиларди. Ҳусния опаси шу орада фарзандли бўлди. Унинг қайнонаси данғиллама бешик тўйи қилиш пайига тушди. Қуда хола Ҳусниянинг қўлига бешик тўйида уйдагилари нималарни олиб келиши кераклиги ҳақидаги рўйхатни тутқазди. Рўйхатни ўқиб, келинининг ранги оқариб, лабининг бир четини тишлади. Нарх-наволарни чамалаб кўриб, хўрлиги келди. Отаси нафақада бўлса, опаси эрининг қўлига қараган, ундан умидвор бўлиши қийин. Унинг ўзи уйдагиларидан рухсат тегиб, тўйга келса ҳам катта гап. Бор юк яна синглисининг елкасига тутишини ўйлаб, туни билан мижжа қоқмади. Тонгда синглисининг ёнига отланди. Бор гапни йиғлай-йиғлай айтди. Чарос опасини юпатди:
- Худо хоҳласа, ҳаммаси қуда холам айтганидек бўлади. Муҳими, сиз сиқилманг. Бироз жамғариб қўйган пулларим бор. Ҳозир ҳам буюртмаларим оз эмас. Ишдан қайтганимда тикиш-бичишимни қилаяпман, - деди у.
Чарос чеварчиликка болалигидан қизиқарди. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ яхши чеварга шогирд тушиб, тикиш-бичишни қунт билан ўрганди. Тикув машинасига ўтирганида ўн тўрт ёш эди. Салкам саккиз йилдан буён буюртмалар асосида бежирим либослар тикади. Ҳусния опасининг келиб кетганидан сўнг унга яна қўшимча буюртмалар тушди. Буюртмаларни ўз вақтида бажариб, меҳнатига яраша ҳақ олганида, кўнгли ёришди. Белгиланган кунда қуда хола билан бозорга борга отланишди. Қуда хола бозорда энг қиммат буюмларни танлади, Чарос талашиб-тортишмай, уларнинг пулларини тўлайверди. У нима қилсам ҳам жиянларимга қилаяпман-ку, дея зирқираган бармоқларини уқалаб-уқлаб, ўзига ўзи далда бераверди.
Бешик тўйи қуда хола истаганидек орзу-ҳавасли ўтди. Чарос Ҳусния опасининг юзидаги шодликни кўриб, барча чарчоқларини унутаёзди. Жиянчасини бағрига босиб, онасини эслади. Эҳ, шу кунларни кўрганидами онаси раҳматли! Жуда ҳам болажон аёл эди у. Қўшни аёлларнинг невара етаклаб юрганини кўрганида “менга ҳам насиб қилсин”, дея яхши ният қиларди. Катта қизи Дилобарнинг биринчи фарзанди кўрди. Энди ажак-чечак қадам босаётганида бу дунёдан рихлат қилди. Ўзи орзу қилганидек, қўлларидан етаклаб юролмади.
Бешик тўйи тугаб, ҳамма тарқала бошлади. Чарос ҳам йўлга тушди. Борадиган манзилини эслаб, юзига хоргинлик югурди. Хаёлан димоғига тамаки иси урилиб, сесканиб кетди. Шу ўйлар билан уйининг остонасига қай тарзда етиб келганини эслолмасди. Остона ҳатлаб ичкарига кирганида эса ҳушига келиб, жойида қотиб қолди. Йўлда хаёлан димоғига урилган тамаки иси йўқ эди. Қайта-қайда ҳидлади, ҳақиқатан сезмади. Хоналарга бирма-бир кириб чиқиб, дадасини ошхонада учратди.
- Келдингми, қизим? – деди дадаси меҳр билан унга боқиб. Чарос илк бора эшитган “қизим” деган сўздан гангиб қолди. – Кел, ўзим сенга яхшилаб балиқ қовурдим. Бирга еймиз. – Чарос шунча йилдан бери айтилмаган сўзлардан шошиб қолди. Ниҳоят бир дастурхон атрофида дадаси билан ота боладек гаплашадиган кун келганди. Чарос балиқни ер экан, тушми ё ўнгги эканлигини сира фарқлай олмасди. Қаршисида буткул ўзгача одам турарди. Ҳа, у орзу қилган ҳаёт остона қоқиб келганди... 

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий