среда, 12 декабря 2018 г.

МУВАФФАҚИЯТ МУБОРАК, ГУЛНОЗ!

Яқинда пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида 30 ёшгача бўлган ижодкор йигит-қизлар жам бўлишди. Сабаби яқиндагина “Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видеороликлар”, “Изҳор” миллий руҳдаги шеър ва ҳикоялар, “Ёш қўшиқ ижрочилари” республика танловлари эълон қилинган бўлиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан ижодий ишлар ўрганиб чиқиб, ғолиблар аниқланди. Шу куни танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш ҳамда “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳасининг тақдимот маросимлари  бўлиб ўтди. 
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Дилноза Каттахонова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда мана шу каби лойиҳалар самарали амалга оширилаётганини мамнуният билан айтишди. 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёзувчилар уюшмаси, Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Изҳор” миллий руҳдаги шеърлар ва ҳикоялар танлови ҳакамлар ҳайъатига 400 га яқин ижодий ишлар келиб тушган бўлиб, 10 нафар иштирокчи ғолиблар қаторидан жой олишга муваффақ бўлди. Улар орасида Боёвут туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Гулноз Мамарасулованинг борлиги бизни беҳад қувонтирди.
Ижтимоий тармоқлар орқали танлов ҳақидаги эълонни ўқиб қолдим, дейди Гулноз Мамарасулова. Ижод маҳсулотларим орасида мавжуд бўлган Ватан, она, озодлик, тинчлик мавзулари акс эттирилган сара ҳикояларимни танловга жўнатдим. Республика ёш ижодкорлар танловида фахрли 2-ўринга лойиқ топилганимдан хурсандман. Мана шундай танловлар ўз устимизда янада ишлашимизга шижоат бағишлайди.
Танловнинг барча ғолиблари ва совриндорлари ташкилотчиларнинг дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Ш.АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий