четверг, 13 декабря 2018 г.

ТАСКИН (ҳикоя)

Юлдузнинг бир томчи кўз ёши дафтарга ёзилган ёзув устига тушганида ручканинг сиёғи ёйилиб кетди. У дафтарнинг нам бўлган варағини қуритмоқчи бўлиб, қўлига олди. Лекин ўша томчининг ёнига яна иккита томчи келиб тушди. Энди  у кўзларидан шашқатор бўлиб оқаётган ёшларни тўхтата олмас, бунинг учун унинг иродаси етмасди. Қиз  дафтарни қуритишга ортиқ уринмас, чунки бошини стол устига қўйганча йиғлаётган эди. Кўнгил озорлиги ёнида дафтардаги ёзувлар бўялиб кетса нима бўлипти? Нари борса, янги дафтар сотиб олиб, икки ойдан буён машғулотларда ёзганларини қайта кўчирса, аслидай бўлади-қолади. Кошки ўксик кўнглига ҳам таскин чораси топилса, бир эмас, ўн дафтарни қайта кўчиришга рози эди у.
Йиғлагани сари хаёлида воқеалар қайтадан гавдаланар, аламданми, чорасизлигиданми ё иккиси бир бўлибми, йиғларди. Хонада шовқин тинди. Йиғи товуши ўрнига сукунат қоплаганди. Қиз шу зайлда қанча вақт ўтганини билмади. Дераза ортида баргларнинг шитирлаган товуши қулоғига чалиниб, алланечук ўзига келтирди. Аччиқ кўз ёшларига ювилган дафтардан бошини кўтариб, атрофга боқди. Куз келганини энди пайқади. Дераза ёнига келиб, сарғайган баргларнинг бирма-бир ўйноқлаб ерга тўкилишини кузатиб турди. Осмонга боқди. Қушлар ҳам унинг орзулари каби энди баланд учмас, қуёш ҳам булутлар ортидан умидсизланиб нур сочаётгандек туюлди. Чуқур нафас олди. Токчадаги гул тувакларни нари суриб, деразани очди. Хонага шамол билан бирга салқин ҳаво кириб келди. Совуқдан эти жунжикди. Йиғидан шишган қовоқларига муз босгандек, оғриқларига малҳам бўлди. Нафас олиши ҳам меъёрлашди. Сўнг ланг очилган деразани қиялатиб, дарс столига қайтиб ўтирди. Қўлига илинганча оқ қоғозларни олиб, хат ёзишга киришди.
“Ассалому алайкум! Ҳа, мен ҳамон ўша-ўша, сиз таниган Юлдузман! Лекин сизни охирги пайтларда таний олмай қолдим. Нега муносабатларимиз бирданига зидлашиб кетди? Сабабини тушунолмай, туну кун ўйга чўмаяпман. Сиз томон қадам ташлаб, яқинлашганим сайин ўзингизни мендан олиб қочаяпсиз. На қўнғироқларимга, на юборган хабарларимга жавоб йўллайсиз. Мендан нима хато ўтдики, сиз ранжидингиз? Айтинг, ҳаммасини рўйи-рост айтинг! Хатойимни тушуниб етай, сиздан лозим бўлса, кечирим сўрай, ахир. Билишни хоҳлайман, ҳақиқатни билишни хоҳлайман! “Бир умрга” деган аҳдимиз бор-йўғи тўрт йилга етдими? Ишонгим келмаяпти. Шубҳаларим эт-этимни емираяпти, гумонлар бошимда ғужғон бўлиб ўйнаяпти. Биласизми, ҳаммасини Сарвиноздан кўраяпман. Нимага ҳам у бизнинг университитетга ўқишини кўчириб, айнан гуруҳимизга қўшилди, деяпман. Ҳаммаси у келганидан кейин ўзгара бошлади. Шундай! Тўғри, у ҳозир гуруҳимиздаги қизлар орасида энг чиройи ва ақлли эканлиги айрим аълочи қизларни ғайирлигини келтираяпти. У кучли билими билан ҳаммамизни ортда қолдираяпти. Юриш-туришлари, қад-қоматларини тутишлари, нозик ҳаракатлари билан нафақат гуруҳимизни, балки факультетимиздагиларнинг ҳам эътиборига тушди. Домлаларимиз ҳам унга қўшимча топшириқларни кўп беришар, у эса ҳеч кимга рад жавобини бермай, сўзсиз бажариш эвазига эса эътироф оляпти. Бу ҳолат менда заррача бўлса ҳам бахиллик ҳиссини уйғотмаяпти, ишонинг. Аксинча, у билан яқин дугона бўлиш истаги кун сайин кучли бўлиб бораяпти. Ундан ўрганганларим ва ўрганмоқчи бўлганларим жуда кўп экан. Сарвинознинг самимий қиз эканлиги юз-кўзидан кўриниб турибди. Ёрдам сўрасам, сидқидилдан ёрдамини аямайди. Сафимизга қўшилганига икки ой бўлса ҳам гўё тўрт йилдан буён бирга ўқиётгандекман. Ўқишимиз тугагунига қадар у билан қалин дугоналар бўлиб кетишимизга кўзим етиб турибди. Бироқ... Сиз... Ўйлаяпман, сизда қачон рашк, ҳасад, адоват уруғи сочилдики, мен бунинг олдини ололмадим. Сиз ҳам баъзи курсдош-қизларимизга қўшилиб, уни четлатаяпсиз. У билан дугона бўламан деганим, сиздан воз кечдим, деганим эмас-ку! Сиз менинг энг яқин сирдошим эдингиз ва шундай бўлиб қоласиз. Дилдора, Сарвинознинг дилкаш қиз эканлигини билиш учун унга меҳр билан боқинг. У билан яқиндан танишсангиз, ўзингиз мендан ҳам кўпроқ унга боғланиб қолмасангиз, деб қўрқа бошлаяпман. Майли, шундай бўлса ҳам розиман. Фақат сиз мендан узоқлашманг. Сизни жуда ҳам яхши кўраман, дугонажон! Ҳа, мен ўша-ўша, сиз таниган Юлдузман”.
Юлдуз битигини хатжилдга солиб, елимлаб, устига “Қадрдоним Дилдорага” дея катта қилиб ёзиб қўйди. Энди уни дугонасига етказиш йўлини ўйлаётганди. Шу пайт хона эшиги қия очилди-да, хатжилд полга “тап” этиб тушди. Юлдуз хатжилдни қўлига олиши билан қўллари титрай бошлади. Хатни шоша-пиша ўқишга тутинди. Кўзларидан ёшлар томчилаб, хатнинг устига келиб тушарди. Лекин бу сафар у кўз ёшларига парво қилмаётганди. Чунки бу мактуб Дилдорадан келган бўлиб, ахири у қилган ишидан пушаймонлигини баён қилганди. Ҳаммаси яхшилик билан тугаганини, қадрдони билан яна узоқ-узоқ диллашишини ўйлаб, юзига табассум югурди. У мактубни ўқиб, тугатганида хонада бояги хорғинликдан асар ҳам қолмай, фақат шодлик шабадаси кезарди. Худди буни куз фасли олиб келгандек эди... 


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий