пятница, 14 декабря 2018 г.

МУСИҚАЛИ МАЖЛИСХОНА

—Ўртоқлар,  ғалла экишда ҳамон итнинг орқа оёғига айланиб турибмиз. Ишлар пачава!.. — минбардаги нотиқнинг нутқини скрипканинг майин овози бўлиб қўйди. Нотиқ истамайгина пешонасидаги терни рўмолчаси билан артаркан атрофга олазарак қаради.—Мусиқа қаердан келаяпти? Мен нима дейман, қўбизим нима дейди? Ҳозир қулоғимга скрипка тугул капгир овози ҳам ёқмайди. Қобилбой, мажлисни бузаётганларни тезда топиб келинг! Би-и-р танобини тортиб қўяйлик. Туманда биринчи раҳбар бўлатуриб, мазах қилишларига йўл қўймайман! Онасини Учқўрғондан кўрсатаман ўша бемазани! — раҳбар қўллари билан минбарни муштлаган эди, аллақандай ёқимсиз овоз чиқди.
Бошлиқнинг гапидан таъсирланган Қобилбой гавдасини эгган кўйи икки қўлини кўксига қўйганча залдан шахд-шиддат билан чиқиб кетди. Орадан бир-икки дақиқа ўтар-ўтмай, мусиқа садоси тинди. Зални аллақандай мунгли сукунат қоплади. Эшик очилиб, Қобилбой билан бирга пўрим кийинган бир киши кириб келди.
—Болалар мусиқа ва санъат мактабининг директори сенми?  Ўқитувчиларинг ва ўқувчиларингда фаросат борми? Залда туман иқтисодиётининг тақдирини ҳал қиладиган йиғилиш кетаётган бўлса! Мусиқага бало борми?! Тезда ўқувчиларинг «тинғир-тинғир»ини йиғиштиришсин! Жа-а, қўллари қичиб турган бўлса, уйларига бориб, ота-оналарининг қулоқларини қоматга келтиришсин! — раҳбарнинг важоҳатидан директор жовдираганча йиғилиш ўтаётган залга юзланди. Лекин Президентимизнинг таълим масалаларига бағишланган видеоселекторда айтган гаплари эсига тушиб, дадилланди.
—Бобораҳим Бобомуҳамедович, бу ер мусиқа ва санъат мактаби бўлса… Болалар танбур чалмай, чиллак ўйнасинми?! Кейинги кезларда концерт залимиз мажлисхонага айланиб, болаларнинг мусиқа асбоблари чалишдан қўли чиқиб қолаяпти. Юртбошимиз, вазиримиз (Ўзбекистон Маданият вазирлиги назарда тутилмоқда) селектор йиғилишида концерт залимизда йиғилиш ҳамда турли тадбирларни ўтказишни қатъиян ман қилиш ҳақида топшириқ берганидан ўзингизнинг ҳам хабарингиз бор-ку!..
Директорнинг танбеҳи най навосидек майин эшитилди.
—Ҳой, бола! — бўш келмади нотиқ. — Менга ақл ўргатаяпсанми? Бу гапларингни  уйингга борганда хотинингга айтасан! Мусиқа билан қорин тўядими? Зўр бўлса, туманимиздан Шаляпинлар чиқмас!  Нон эса ҳар куни керак!..
—Ҳоким бово, Шаляпин хонанда бўлган, — шаккоклик билан писанда қилди директор. Минбардаги нотиқ бўшашди. Лекин сир бой бермади.
—Мусиқадан ўзи сал йироқман-да, — оқлаган бўлди ўзини. —Ўқувчилик йилларимда мактабимизда Саттор Ярашов билан учрашув бўлганда оғзини кувача қилиб бир бақирганди… Қўрққанимдан залдан қочиб чиқиб кетганман. Бир тарафдан олиб қараганда, сенинг гапларингда ҳам жон борга ўхшайди. Юқоридан раҳбарлар шундай талабни қўйган бўлса, бўйсунамиз. Бироқ бугунча йиғилишимизни охирига етказмай қўймаймиз. Майли, бор! Ўқувчиларинг асбобларини созлайверишсин!
Совуқ тердан кўйлаги баданига ёпишган директор зални тарк этди. Ҳоким машваратни қолган жойидан давом эттирди.
—Қани, ўрнингдан тур-чи, падари қусур! Нега шу пайтгача ерни ғалла экишга тайёрламадинг?!  Ким айтади сени мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшадиган фермер деб?
Шу пайт қўшни хонадан ғижжакнинг дардли ноласи эшитилди. Нотиқнинг нутқи мусиқа садолари остида қумга сингган сувдек  ютилиб кетди. Кекирдагини хўрознинг бўйнидек чўзган нотиқ зал тўла издиҳомга қарата:
—Машваратимизнинг қолган қисмини эртага ҳокимликнинг мажлислар залида давом эттирамиз! — дея минбардан тушиб кетди.
Зални дилбар мусиқа садолари эгаллади. Директор Худога шукур, дегандай мийиғида кулганча ўриндиқларнинг бирига бориб чўкди. Шу пайт залга челагини кўтарганча фаррош Тозагул опа кириб келди. Пояндозларнинг остига туфланган нос даладан келган фермерларнинг пошнасидан кўчган лой-луй орасидаги дон-дунни кўриб, бу кетишда маданият маскани яқин ўртада буғдойзорга айланмасайди, дея ғудранганча зални тозалашга киришди.
P.S. Гўзаллик дунёни қутқаради, деган гап бор. Фарзандларимизнинг санъат ва мусиқага бўлган муҳаббатларини такомиллаштириш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида замонавий Болалар мусиқа ва санъат мактаблари бинолари қад ростлади. Жойлардаги санъат кошоналарига давлатимиз ўз ғазнасидан миллиард-миллиард сўмлаб маблағни аямади. Айни дамда мазкур мактабларда минглаб ўғил-қизларимиз мусиқа ва санъат йўналишларида  истеъдодларини чархлашмоқда, Хал-қаро танловларда ғолиб чиқиб, диёримиз довруғини дунёга таратишмоқда. Бироқ вилоятимизнинг айрим бурнидан нарисини кўролмайдиган раҳбарлари мусиқа ва санъат мактабларининг концерт залларини мажлисхоналарга айлантириб олишган. Натижада истеъдодли болалар ўзлари севган санъат турлари билан эмин-эркин шуғулланишлари йўлида сунъий ғовлар пайдо бўлаётир. Куни кеча таҳририятимизга Ховос ва Сирдарё туманларидаги 14 ва 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбарлари томонидан арзномалар келиб тушди. Мазкур мактаблар маъмурияти туманлар ҳокимликларига концерт залларида йиғилиш ўтказиш қатъиян ман этилганини айтиб, «ҳай-ҳай»лашига қарамай, мусиқали мажлисхонларда йиғилишлар бўлиб ўтибди. Газетада чоп этилган фельетонни ўқиб, ушбу масалага вилоят ҳокимлигининг масъул шахслари ўз сўзларини айтадилар, деб ишонамиз.

   Муҳаммадали АҲМАД

Комментариев нет:

Отправить комментарий