среда, 12 декабря 2018 г.

“МОМО ЕР” САҲНАДА

Вилоят мусиқади драма театри ижодий жамоаси Чингиз Айтматовнинг “Сомон йўли” асари асосида “Момо Ер” спектаклини саҳналаштириш ишларига  киришган эди.  Янги саҳна асари қисқа муддат ичида тайёр бўлди.
Ушбу спектакль тарихнинг энг ҳаяжонли ва даҳшатли воқеларидан бири – Иккинчи жаҳон уруши йиллари тасвирланган. Асарда уруш инсоният бошига қанчалик мудҳиш кулфатлар, айрилиқлар солгани билан  ҳаёт давом этиши, инсоний муносабатлар, меҳр-оқибат, муҳаббат деган муқаддас тушунчалар одамларнинг қалбида яшаши, охир-оқибат ғалаба қилиши  тўғрисида ҳикоя  қилинади.
Асарнинг бош қаҳрамони Тўғаной миллий характер доирасидан чиқиб, ўзида умумбашарий хусусиятларни акс эттирувчи оддий қирғиз аёлининг образи сифатида гавдаланади. У ер юзидаги олий мўътабар жонзот – инсоннинг мангу барҳаётлиги, шахс ва ижтимоий бурч, соф севги ҳамда масъулият сингари эзгу ғоялар учун курашади.
Спектакль  юксак савияда саҳналаштирилгани, ундаги  ролларни устоз санъаткорлар билан бирга иқтидорли ёш актёр ва актрисалар томонидан маҳорат билан ижро этилганлигини пойтахтдан ташриф буюрган театр санъати етук мутахассислари Ҳайитмат Расул (драматург) ва Муқаддас Аҳметжановалар  алоҳида эътироф этишди.
Янги асарни иқтидорли ёш режиссёр Нигора Ғойибназарова саҳналаштирди. Спектаклдаги асосий ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артислар М.Маматиллаохунова, О.Абдуллаева,  истеъдодли актёр И.Қосимов, Ш.Абдуллаев, Б.Мирсаитов, М.Жуманов, Ғ.Бозоров, С.Маманазаров, Д.Мирсолиева, Г.Муҳаммедова ва бошқалар ижро этишган.
Х.ЭШОНҚУЛОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий