Мамлакатимизда
аҳоли фаровонлигини яхшилаш, одамларни уй-жой билан таъминлашга катта эътибор
берилаётганлиги натижасида миллионлаб фуқароларимиз янги турар жойларга эга
бўлмоқдалар. Қишлоқ туманларида Президентимиз лойиҳалари асосида барпо
этилаётган янги уй-жойлардаги шарт-шароитлар шаҳардагидан қолишмайди. Тошкент,
Самарқанд, Андижон, Фарғона вилоятларида янгитдан бунёд этилган массивлар,
равон кўчалар, янги уй жойлар олдида қурилган мактаб, қишлоқ врачлик пунктлари,
аҳолига сервис хизмати кўрсатиш шохобчаларини кўриб, ҳавасингиз келади. Бундай
уйларда бир умр ҳузур қилиб яшаса бўлади.
Бироқ
Биринчи Президентимиз қарорлари асосида қурилган, янгитдан барпо этилган баъзи
массивларда уй-жойларни сифатсиз топшириш, пала-партишлик ҳолларига йўл
қўйилди. Бундай қусурлар ҳамон учраб турганлигини Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига
бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида ҳам алоҳида тилга олиб ўтдилар.
Мендан кетгунча, эгасига етгунча, қабилида иш тутиб, уй-жойлар қурилишини
охирига етказмай, одамларни сарсон қилаётган қурувчилар, афсуски, ҳали ҳам йўқ
эмас.
Гулистон
шаҳри, Улуғбек кўчасида яшовчи Ёқубжон Фахриддинов ҳам эзгу ниятлар билан 2016
йил манзилли дастур асосида Боёвут туманининг «Гулистон» массивида қурилаётган
уйлардан бирини олиш учун «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖнинг вилоят филиали билан
шартнома тузганди. Шунга кўра, уй жойни қуриш пудратчи ташкилот «Строй мега
класс» масъулияти чекланган жамияти қурувчиларига топширилди. Шартномага кўра,
Ё.Фахриддинов оладиган уй-жой 2017 йилнинг январида қуриб, битказилиши
мўлжалланган эди. Таажжубки, тўя гўшти еган уйнинг фасад қисмида деворлар кўчиб
ётибди. Уйга ҳалигача аристон ўрнатилмаган, том қисмида эса пластик ишлар адо
этилмаган. Боз устига ҳожатхона ва омборхонанинг акфа эшиклари йўқ, мўрилар
ўрнатилмаган. Электр ва газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари икки йилдан буён
аччиқ ичакдек чўзиб келинаяпти. Яна хоналардаги поллар бўялмаганлиги, АГВга
уланмаганлиги, газ плиталар ўрнатилмаганлиги, сантехника жиҳозлари
қўйилмаганлигига нима дейсиз? Ёқубжон Фахриддинов уй жой сифатсиз қурилганлиги,
жиҳозларни ўрнатиш ишлари йиллаб чўзилаётганлигидан ташвишланиб, Ўзбекистон
Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига, вилоят прокуратурасига, вилоят
ҳокимлигига мурожаат қилди.
Пудратчи
ташкилот раҳбари Анорбой Ўрмонов чала қолган қурилиш ишларини 2018 йилнинг 20
январигача тугаллаб бераман, деб ваъда бердилар. Минг афсуски, «Строй мега
класс» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анорбой Ўрмоновнинг бу ваъдалари
ҳам пуч экан. Мана, яна бир йил ўтаяптики, у Ё.Фахриддиновни «Бугун-эрта
уй-жойингизнинг камчилигини битказиб бераман», деб яна алдаб юрибди.
«Гулистон»
массивидан уй-жой олган фуқаро Шамсиддин Ашуров, Доробек Йўлдошевларнинг турар
жойи қурилишида ҳам худди шундай сифатсизлик, масъулиятсизликка йўл қўйилган.
Олган уй-жойлари чала битказилганлигидан улар ҳам бир йилдан бери орзу қилган
олти сотихли, замонавий ҳовлиларига кўчиб кира олмай сарсон бўлиб юришибди.
Ахир,
ваъдабозликнинг ҳам чегараси бор-да, Анорбой Ўрмонов! Хўш, янги уй соҳиблари
сизнинг пуч ваъдаларингизга ишониб, қачонгача кутишади? «Қишлоқ қурилиш инвест»
масъулияти чекланган жамияти вилоят филиали раҳбарлари фуқароларнинг йиллар
мобайнида давом этиб келаётган сарсонгарчиликларига тезда барҳам бериб, ёлғон
ваъдабозликларга, албатта, чек қўядилар, деган умиддамиз.
Бозорбой
БЕКМУРОДОВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий