среда, 12 декабря 2018 г.

“ТИЛ БИЛСАК, БИЗНИ ДУНЁ ТАНИЙДИ”


 Яхши ният билан ҳаракат қилган инсон ўз муродига етади. Мутафаккирлар: “Ҳар тонг уйғонганингда олдингда икки йўл бўлади: орзуларга берилиб уйқуни давом эттириш ёки уйғониб, ўша орзуларнинг кетидан қувиш”, дейишган. Демак, маъқул қарорни қабул қилиш кишининг ўзига боғлиқ экан. Суҳбатдошимиз Мадина Суннатова эса иккинчи йўлдан адашмай кетаётган умидли ёшларимиздан бири. У айни пайтда вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синфида таҳсил олмоқда. Француз тилига иштиёқи баланд бўлган Мадина яқинда республика I ўқувчи-қизлар саммитида (‘‘Girls development summit 2018’’) муваффақиятли иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг сертификати билан тақдирланди.

Мадина, француз тилига қизиқишингизга нима сабаб бўлган?
– Дунёда тиллар орасида француз тилининг ўз жозибаси ва сеҳри бўлакча. Менда айнан шу тилга меҳр уйғонишига француз тили ўқитувчимиз, Халқ таълими аълочиси Одил ака Мингжигитов сабабчи бўлган. Бунинг учун устозимдан миннатдорман. Мен ҳам энди дунёда қўлланилиши бўйича бешинчи ўринда турувчи ушбу тилда бемалол сўзлаша оламан. Албатта, бу саъй-ҳаркатлар, мақсад томон аниқ йўналтирилган машғулотлар натижасида юзага чиқмоқда.
Француз тилини ўрганиш баробарида қандай натижаларга эришмоқдасиз?
– Француз тилини ўрганишим жараёнида ҳар йили мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтадиган “Билимлар беллашуви” ва фанлар олимпиадасининг шаҳар, вилоят, республика босқичларида иштирок этиб келмоқдаман. Хусусан, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медал билан тақдирландим. 2016 йилда эса мазкур танловнинг мамлакат босқичида III даражали дипломни қўлга киритдим. Қолаверса, француз тили бўйича эришган ютуқларим эвазига Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодим қўйилиб, кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этдим.
Ўзингиз ўқувчи бўлишингизга қарамай, француз тилига қизиқувчилар учун қўлланма ҳам яратибсиз...
– “Француз тилини ўрганмоқчимисиз, марҳамат!” номли қўлланмамни яратишимга сабаб китоб дўконларида француз тилига оид манбалар жуда камлиги, айниқса, ушбу тилни ўрганмоқчи бўлган болажонлар учун осон ва содда ёзилганлари мавжуд эмас. Шунинг учун гўзал тилдан мен каби баҳраманд бўлишни истовчилар учун устозим билан ҳамкорликда қўлланма яратдик. Бу орқали эса келажакда ўзбек адабиётининг дунё миқиёсида танилишига ҳиссамиз қўшилса, ажаб эмас.
Айтинг-чи, француз тилини ўрганмоқчи бўлган тенгдошларингиз кўпроқ нималарга эътибор қаратишлари керак?
– Тил грамматикасини чуқур ўрганишлари лозим. Албатта, сўз бойлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш даркор. Шундагина тилни ўрганиш осонроқ бўлади.
Француз адибларининг асарларини аслиятдан ўқиганмисиз?
– Француз адабиётидан Александр Дюма, Виктор Уго ва Жул Вернларнинг асарларини қизиқиб мутолаа қиламан. Таржимадан кўра ўша китобни аслиятдан мутолаа қилишга нима етсин?
Яна қайси хорижий тилларни биласиз?
– Француз тилидан ташқари инглиз тилига ҳам қизиқаман. Бу тилни ҳам яхши ўзлаштирганман. 
Келгусидаги режаларингиз?
– Ҳозир олдимда катта мақсад турибди. У ҳам бўлса фанлар олимпиадасининг республика босқичида юқори ўринни қўлга киритишдир. Биз қанчалик юқори натижаларга эришсак, ота-оналаримиз, устозларимиз ютуқларимизни, камолимизни кўриб, хурсанд бўлишади. Шунинг учун доим ўқишимиз, изланишимиз даркор. Келажакда дипломат бўлиб, давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқчиман.
Мадинахон, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Орзуларингиз сизга қанот бўлишига ишонамиз.
Ташаккур!
Суҳбатдош: Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий