среда, 12 декабря 2018 г.

ШАШКАМИЗ ШАҲЗОДАСИ

Кейинги йилларда ёшларимизнинг салоҳияти «ярқ» этиб кўзга ташланди. Бу нарса айниқса, спорт соҳасида яққол ўз тажассумини топди. Чунки спорт мамлакат ва миллатни дунёга жуда тез танитади. Илгарилари бирорта халқаро мусобақага отланмоқчи бўлган спортчи рухсат тегармикин, дея Москванинг қоши-қовоғига қараб турарди. Ана шу тариқа қанчадан-қанча иқтидорли спортчиларимиз Тўйтепадан нарига ўтолмай ўз фаолиятларини тугатишгани бор гап.



Шашка бўйича Халқаро тоифадаги спорт устаси, икки карра жаҳон чемпиони Шаҳзода Турсунмуродова истиқлол йилларида туғилиб, номи дунёга машҳур бўлган спортчилар сирасига киради. 2007 йил 7 ёшида у Сайхунобод туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфига ўқишга борди. Бу пайтда туман ўзининг шашка мактаби билан бутун диёримизда ҳақли равишда фахрланарди. Мамлакат чемпионатларида сайхунободлик шашкачиларга рўбарў келган бошқа вилоятлар вакиллари чўчиб туришарди. Чунки бу ерда таниқли мураббийлар, шашка бўйича Халқаро гроссмейстерлар Алишер Ортиқов, Сайёра Йўлдошеваларнинг сабоқларини олган ёш спортчилар ҳар қандай ҳарифларининг додини  беришарди.
Шаҳзода таҳсил олаётган мактабда шашка тўгараги гуриллаб ишлаб турарди. Унга бир неча карра Ўзбекистон ва Осиё чемпиони Дилафрўз Ортиқова раҳбарлик қиларди. Шашка бир қарашда осон ўйиндек туюлади. Юришларини билиб олсанг кифоя. Рақибинг билан дона сураверасан. Бироқ шашканинг бутун жозибаси унинг комбинацияли ўйинларида кўзга ташланади. Бирдан иккита тошингни рақибингга «ҳадя» этасанда, кейинги юришда учта тошни ютиб, дамкага чиқиб кетасан. Рақибинг бармоғини тишлаб қолаверади.
Шаҳзода Дилафрўз Ортиқованинг қўлида бир йил шуғулланиб, шашка спортига иқтидори баландлигини исботлади. 2008 йилда шашка бўйича Ўзбекистон чемпионати Сайхунобод туманида бўлиб ўтди. 8 ёшли Шаҳзода 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида кечган баҳсларда барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг тўрига кўтарилди. 64 катакли шашканинг классик йўналиши бўйича унга тенг келадиган рақиб топилмади. Ўзбекистон чемпиони деган номга эришган қизгинанинг  волидаи муҳтарамаси Маҳбубахон ва падари бузруквори Бегмат Эрдашевларнинг ўшандаги қувончларини таърифлашга тил ожиз. 2009 йилда вилоят ҳокими ёш иқтидорга компьютер жамламаси совға қилди.
У чемпионлик мақомини қўлга киритгандан буён ўн йил ўтибди. Бу давр орасида Шаҳзода ўн карра мамлакат чемпиони, бир неча карра Осиё ва жаҳон чемпиони деган шарафли номга ноил бўлди. 2010 йилда Россия давлатининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. 2016 йил Болгария давлатининг Кранево шаҳрида ўтган навбатдаги жаҳон чемпионатида 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида иккинчи марта дунёда тенгсизлигини исботлади.
—Галдаги орзуим катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлиш, – дейди Шаҳзода. – Бунинг учун имкониятларим етарли.
2017 йилда Тошкентда ўтган Осиё чемпионати Шаҳзоданинг бенефисига айланиб кетди. У бирваракайига 5 та олтин медалга эга чиқди. 64 катакли шашканинг блиц ва рапид йўналишларида 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида мутлақ ғолиб бўлди. 100 катакли шашканинг блиц, рапид ва классик йўналишларида Шаҳзода шоҳсупанинг тўрига уч марта кўтарилди.
Шаҳзоданинг мусобақаларда йиғлаган пайтлари ҳам бўлди. 2015 йил Тошкентда кечган шашка бўйича Осиё чемпионатида хитойлик Лю Пи билан гроссмейстерлик унвонига эришиш учун икки партиядан иборат ўйин бўлди. Номдор шашкачининг қаршисида ҳаяжонландими икки партияда ҳам ўйинни бой бериб қўйди.
—Хитойда кейинги йилларда интеллектуал ўйинлар ривожига катта эътибор берилмоқда, – дейди шашка бўйича Халқаро гроссмейстер Алишер Ортиқов. – Айни чоқда дунёнинг энг кучли мураббийлари Чин давлатига йиғилишган. Мен сизга айтсам, Бутунхитой ўйинларининг нуфузи тобора ошиб бораяпти. Ҳатто улар жаҳон чемпионатларига тенглаштирилмоқда. Иқтидорлилар орасида рақобат жуда кучли. Энг зўрлар халқаро мусобақаларга йўл олмоқда.
Дарҳақиқат, Хитойда сўнгги йилларда нафақат шашка ва шахмат, балки спортнинг барча турлари бўйича катта сакраш кузатилмоқда. Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси Олимпиада ўйинларида чинлик спортчилар пешқадамликни қўлдан бермай келишаяпти.
Таъбир жоиз бўлса, кейинги йилларда озод ва ҳур диёримизда ҳам спортнинг ривожланишига алоҳида эътибор берилаяпти. Натижада худди Шаҳзода Турсунмуродова каби ҳар бир спортнинг ўз шаҳзодалари пайдо бўлмоқда. Илло, бу жараён узлуксиз давом этаверсин!

                Муҳаммад АЛИ

Комментариев нет:

Отправить комментарий