четверг, 13 декабря 2018 г.

БИР УЙ-ЖОЙГА ИККИ КИШИ ДАЪВОГАР. УЛАРНИНГ ҚАЙ БИРИ ҲАҚ?

Ўтган асрнинг 60-йиллари Мирза воҳасини ўзлаштириш мамлакат миқёсидаги катта «фронт»га айланди. Чўл ўзлаштиришга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан кўнгиллилар кела бошладилар. Шундай кўнгиллилар сафида Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи Мамасидиқ Абдухалиқов ҳам бор эди. Янги оила Оқолтин туманининг Сардоба қўрғонига келиб жойлашди. Мамасидиқ ака механизаторлик касбини ардоқлаб, шу ерда ҳурмат-эътибор топди, туп отиб, палак ёзди. Кўз ўнгида фарзандлари – Марип, Ориф ва Йўлдош камол топди. Улар бир умр сирдарёликка айланиб қолдилар.

1975 йилда Мамасидиқ ака Андижондан келин қилиб, катта ўғли Марипни уйлади. Чўлқуварлар диёрида ажойиб тўй бўлди. Турли миллат ва элат вакилларини ягона оиладек бирлаштирган оқолтинликлар сафига яна бир бахтиёр оила қўшилди.
Оёқ-қўли чаққон, хушмуомала келин бўлмиш Гавҳархон оила аъзоларининг чинакам меҳрини қозонди. Икки ёшнинг аҳил-иноқлигига ҳамманинг ҳаваси келарди. Оилани мустаҳкам боғловчи ришта аслида фарзандлар экан. Фарзанди йўқ уй гўё зимистонга айланаркан. Қай кўргулик, ҳаётнинг шафқатсизлигини қарангки, орадан ўн йил ўтди ҳамки, Гавҳархон фарзанд кўра олмади. Шифокорлар ҳам унинг фарзандли бўла олмаслигини айтишди.
Ниҳоят, орадан ўн беш йиллар ўтгач, Гавҳархон Марипга:
—Сиз умрингизни умидсиз ўтказманг, уйланинг, мен розиман, —деди.
Марип никоҳни бекор қилмаган ҳолда уйдан чиқиб кетди. Гавҳархон эса Марип иккиси яшаган уйда яшайверди. Гавҳархоннинг кетишига қайнотаси Мамасидиқ ака ҳам изн бермадилар.
—Қизим, сиз иссиқ жойингизни совутмай, шу ҳовлида яшайверинг, —дедилар.
Гавҳархон орадан бироз вақт ўтгач, ёш гўдак – Авазбекни асраб олди. Марип эса Зарифа Курталиевага уйланиб, бир ўғилли бўлди. Икки оила ҳам фарзандларининг камолини ўйлаб, тинчгина яшайвердилар.
1990 йилнинг 3 январида халқ депутатлари Сардоба қўрғони ижроия қўмитасининг 1/1-сонли қарори билан Марип ва Гавҳархон Абдухалиқов – яшаётган ҳовлидаги 25 сотихли ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи Марип Абдухалиқовга берилади. Орадан тўрт йил ўтиб, 1994 йил 3 июнда эса Сардоба қўрғони фуқаролар йиғининг қарори билан айнан шу ер участкаси (Г.Абдухалиқова яшаётган уйнинг олдидаги) шахсий уй қуриш учун Гавҳархон Абдухалиқова номига расмийлаштирилади. Бир ер участкасига икки қарор ҳам Сардоба қўрғони фуқаролар йиғинининг раиси Қ.Худашев имзоси билан чиқарилган. Валломатларнинг сахийлигини қаранг, бир жойга бир эмас, икки қарор. Ажабланганингиздан кулишни ҳам, куйинишни ҳам билмайсиз.
Ҳаммасидан ҳам қизиғи, туман архитектура бўлимининг «учар»лари 2017 йилнинг бошида Оқолтин тумани ҳокими Д.Фозиловни чалғитиб, Г.Абдухалиқова яшаб турган уйни унинг номига расмийлаштириб бериш ҳақидаги қарорни чиқартиришади. Оқолтин тумани ер-мулк кадастр давлат корхонаси ижрочилари эса шунга биноан, 2017 йил 8 февралда тўрт хонали, пойдеворлари ҳам билинмай, нураб кетган уйни Г.Абдухалиқова номига ўтказиб беришади. Ҳеч ким: «Бу уй аслида кимга қарашли бўлган?» деб сўрамайди.
Бу воқеалардан хабар топган Марип Абдухалиқов мол-мулкни бўлиб бериш бўйича 2017 йилнинг октябрь ойида фуқаролик судига мурожаат қилади. Суд М.Абдухалиқовнинг талабларини рад этади ва уй-жой Г.Абдухалиқованинг ўзида қолдирилади.
Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Оқолтин тумани филиалининг кейинги бошлиғи Ю.Иняминов ўртадаги тортишувга ойдинлик киритиш мақсадида 2017 йил 16 ноябрда Пахтазор кўчаси 14-уйда яшовчи Гавҳархон Абдухалиқовага ушбу турар-жой биноси Халқ депутатлари «ижроия қўмитасининг 1990 йил 3 январдаги 1/1-сонли қарорига асосан Абдухалиқов Марипга берилган. Шу туфайли сизнинг номингизга фойдаланувчи сифатида Пахтазор кўчаси 14-уй учун тайёрлаб берилган кадастр ҳужжати ўз кучини йўқотганлигини маълум қиламиз» деган 17/25-41-сонли хатни юборади.
Хўш, шундай экан, уйнинг асл эгаси ким? Биз воқеага ойдинлик киритиш мақсадида ушбу уйга аввал эгалик қилган, ҳозирда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшаётган Назарбек Абдухалиқовни Сирдарёга чақириб суҳбатлашдик.
—Мен Гавҳар Абдухалиқова яшаётган уйни қозоқ миллатига мансуб кишидан сотиб олганман, —дейди Назарбек Абдухалиқов. —Шу уйда бироз муддат яшадим. 1993 йилда Андижонга кўчиб кетгач, вақтинча яшаб туриш учун уйни тоғам Марип Абдухалиқовга бериб кетдим. 1995 йилда эса доимий яшаши учун Марип Абдухалиқовга уйни уч минг сўмга сотдим.
—Қайнотам Мамасидиқ Абдухалиқов (вафот этмасларидан олдин)» бу уйни сенга бердим. Сен яшайвер», деб айтганлар, —дейди Гавҳар Абдухалиқова. —Шундай экан, бу турар-жойнинг эгаси менман. Қолаверса, кўп йилдан бери мулк солиғини ҳам ўзим тўлаб келаяпман. Марип Абдухалиқовнинг Дружба кўчаси, 4-уйда икки хонали хонадони бўлган. Уй-жойга зор бўлмаслиги учун уни сотиб юбормаслиги керак эди.
Аниқ айтишимиз мумкин, Мамасидиқ Абдухалиқов Гавҳархонга: «Шу уйда яшайвер» деган-у, лекин уни қонуний номига расмийлаштириб бермаган.
—Акам Марип Абдухалиқовнинг ҳалигача муқим яшайдиган уй-жойи йўқ, -дейди Ориф Абдухалиқов сўзида давом этиб. —Дружба кўчаси, 4-уйдаги 6-хонадон ҳам аслида меники эди. Ҳовлили уйга кўчиб ўтгач, акам Марипга оиласи билан вақтинча яшаб туришлари учун квартирани уларга бердим. Турмуш ўртоғим оғир хасталикка учрагач, Дружба кўчасидаги акамлар яшаётган квартирани сотишга мажбур бўлдим.
Ориф Абдухалиқов хонадонни сотгач, Марип Абдухалиқов оиласи билан турли дала шийпонида яшаб юрди. Ҳозир эса хотини, коллежни тамомлаган ўғли Умар билан Сардоба шаҳарчасидаги коллеж гаражи қоровулхонасида аянчли турмуш кечираяпти. Қиличини қайраб қиш келаяпти. Қишнинг изғиринли кунларида бу оиланинг тақдири, турмуши қандай кечади? Наҳотки, Оқолтин тумани «Нуроний» жамғармаси, маҳалла фаоллари 68 ёшли мўйсафид оиласининг шундай аянчли тақдирига, эртаги нурафшон кунлардан умидвор улғаяётган ёш ўспирин Умаржоннинг келажагига бефарқ қараб келаётган бўлсалар? Қаршингизда уйсиз-жойсиз оила сизлардан нажот, мурувват кутиб яшаяпти. Меҳрингизни дариғ тутманг, яхшилар! Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари ҳам масалага одилона ойдинлик киритадилар деган ниятдамиз.
—Мен Гавҳар Абдухалиқова ҳозирда яшаётган уйга бутунлай эгалик қилиш фикридан йироқман, —дейди Маруп Абдухалиқов. —Фақат шу ҳовлидаги 25 сотихлик участкадан 10-15 сотихини уй-жой қуришим учун ажратиб беришса, бўлгани, барчасига розиман.

           Бозорбой БЕКМУРОДОВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий