Лобархон
Болтабоеванинг бошига бахт қуши қўнди, десак, адашмаган бўламиз. Унинг олий
таълим муассасасига ўқишга кириш орзуси бешинчи йилга келиб, тест синовларисиз
ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз муддатидан олдин амалга ошадиган бўлди.
Албатта, у бундай натижага осонликча эришгани йўқ. Ёшлар етакчисининг тинимсиз
саъй-ҳаракатлари, ўз устида ишлаши, ташаббускорлиги, соҳада қўлга киритаётган
ютуқлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан беэътибор қолмади. Натижада у Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон ёшлар
иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш
тўғрисида”ги 914-сонли қарорига мувофиқ олий таълим муассасасига кириш
тавсияномасига эга бўлиб, у Гулистон давлат университетининг Педагогика факультетига
давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
Мактабда ўқиб юрган
кезларидаёқ жамоат ишларига қизиқиши баланд бўлган қаҳрамонимиз Гулистон 2-педагогика
коллежида ҳам фаолликни қўлдан бой бермаганди. Ўқишни муваффақиятли тамомлаб,
тенгдошлари каби кўнглида лимо-лим орзу-умидлар билан Гулистон давлат
университетига ҳужжатларини топширди. Афсуски, тест синовларининг жавоби ижобий
бўлмади, лекин Лобархон тушкунликка тушмади, фақат ёрқин кунларни кутди. Бир
йил давомида коллеждаги мутахассислиги бўйича Мирзаобод туманидаги 10-сонли
мактабгача таълим муассасасида тарбиячи сифатида фаолият юритди. Кичкинтойлар
билан ишлаш қанчалик завқли бўлмасин, унинг бошқа қирраси, яъни етакчилиги
устунлик қиларди. Шу сабабдан ҳам у ўзи таҳсил олган Гулистон туманидаги
17-умумий ўрта таълим мактабида катта етакчи вазифасини зиммасига олиб,
ўқувчилар орасига кириб борди. Ўғил-қизларнинг дарду ташвишини ўзиники сифатида
қабул қилди, лозим пайтда улардан маслаҳатларини аямади. Кўпроқ кичик камчилиги
туфайли тенгдошларидан ажралиб қолаётган ўқувчилар билан ишлашга ҳаракат
қилади. Мактабда турли тадбирларнинг уюшқоқлик билан алоҳида қўшимча ўтишида
жонбозлик кўрсатади. Хусусан, Лобархон 4 йиллик меҳнат фаолияти давомида
маънавият-тарғибот маркази, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари,
тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ўқувчилар ўртасида
соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, уларнинг онгида
юртга садоқат, маданий меросимизга ҳурмат туйғуларини юксалтириш, миллий ва
умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, “оммавий маданият”нинг салбий
иллатлари таъсиридан ҳимоялашга қаратилган 100 дан ортиқ учрашув ва давра
суҳбатларини ташкил этди. Ёшлар етакчиси Лобархон ўзи ҳам ўқувчиларга
намуна кўрсатиб, бир қатор танловларда ўринларни қўлга киритмоқда. Хусусан,
2016 йилда Гулистон туман ҳокими томонидан “Ёшлар билан ишлашда энг фаол
бошланғич ташкилот етакчиси” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган эди. Ўша
йили ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг туман
босқичида 1-ўринни эгаллаган. 2017 йилда эса “Онажон мўътабар” лойиҳаси
доирасида бўлиб ўтган “Балли, етакчилар!” кўрик-танловининг вилоят босқичида
II-даражали диплом билан тақдирланган. Шунингдек, ўтган йили у “Энг намунали
бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг туман босқичи ғолибаси бўлди. Бундан
ташқари замондошимиз Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фаол аъзоларидан
бири. Шу сабабдан сиёсий билимларини янада чархлашда унга “Ёш сиёсатчи”
кўрик-танловининг ўрни бор. Бу йил мазкур танловнинг туман босқичида 1-ўринни
қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланмани олди. Мактаб ўқувчилари ҳам Ёшлар
етакчисига муносиб бўлиш мақсадида туман, вилоят, қолаверса, республика
миқиёсида ютуқларни қўлга киритишмоқда. 2018 йилда Нукус шаҳрида бўлиб ўтган
“Камалак билимдонлари” кўрик-танловининг Республика босқичида мактабнинг 5-синф
ўқувчиларидан таркиб топган “Бахтли болалар” жамоаси фахрли 1-ўринга сазовор
бўлишди.
– Ўзбекистон ёшлар
иттифоқи ташкил топганидан сўнг умумий ўрта таълим муассасаларида “Ёшлар
етакчиси” штат бирлиги жорий қилинди, - дейди Лобархон Болтабоева. – Унда фақат
олий маълумотли мутахассислар ишлаши талаб этила бошланди. Маълумотим ўрта
махсус бўлганлиги сабабли, ўтган вақт давомида кўп ўйладим. Шу пайтда имтиёзли
ўқишга киришим мумкинлиги ҳақидаги қарор чиқиши билан кўзларим чақнаб кетди.
Албатта, улардан бири ўзим бўламан, деган ўй келди ич-ичимдан. Ниятимга
фаришталар “омин” деган экан, Яратганга шукр, мана, талаба бўлиш остонасидаман.
Менга билдирилган бундай юксак ишончга муносиб бўлиб, етук кадр бўлиб етишиб, Ватанимиз,
жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи сифатида ўзимнинг бор имкониятимни ишга солишга
ваъда бераман.
Ҳа, Лобархон Болтабоева
сингари яна 13 нафар юртдошимиз мана шундай имтиёзли ўқишга киришга мушарраф
бўлишган. Бу диёрда ҳаракат қилган ўғил-қизнинг нияти тўкис бўлишига яна бир
исботдир.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий