Нозик жуссаси билан тикув машинаси қаршисида ўтириб,
болалар кийимини тикаётган Мадинани кузата туриб, чеварнинг сири унинг
бармоқларида эканлигига яна бир бор инондик. Аслида унда онасидан ўтган туғма
иқтидор ҳам бор. Ўқувчилик йиллариданоқ тикув машинасининг “тили”ни ўрганишга
астойдил киришган лавҳамиз қаҳрамони Мадина Кенжаева бугун якка тартибдаги
тадбиркор сифатида фаолиятини йўлга қўйди.
Бу борада эса унга “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида 5 йилга
мўлжалланган йиллик 7 фоизли имтиёзли кредит маблағлари мадад бўлди. Банк
томонидан ажратилган 27 миллион 645 минг сўм эвазига у 6 та замонавий тикув
машинаси, рашма, аверлок, 2 та бичиш столи, 15 та стул ва бошқа керакли
анжомларни шаҳримиз дўконларининг биридан буюртма асосида харид қилди. Гулистон
компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи раҳбарияти билан минимал
қийматдаги ижара шартномасини тузиб, ўқувчилар турар жойидан шинамгина хонага
эга бўлди. Хонани таъмирдан чиқариб, янги эшик, ром ва темир панжара
ўрнатганидан сўнг чеварчилик асбоб-ускуналарини жойлади. Қарабсизки, унинг
болаликдаги орзусининг бир қисми рўйёбга чиқди. Эндиликда мижозларга
бир-биридан чиройли бежирим либослару бошқа буюртмаларни сўнгги русумдаги тикув
машиналарида тикмоқда.
Қаҳрамонимиз ўқувчилик даврида Ўзбекистон Бадиий
академияси тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида амалий санъат
йўналиши бўйича ҳам таҳсил олиб, каштачилик, зардўзлик, гилам тўқиш, бисер
қадашни ўрганган. Ўзининг меҳнат маҳсуллари билан кўплаб вилоят ва республика
кўрик-танловларда, фестивалларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган.
Тикувчилик хонасига қўл меҳнатлари асосида яратилган ўша асарлари ўзгача кўрк
бериб турибди.
Ёш тадбиркор 19 ёшда. Ҳар кунини бесамар ўтказмайди.
Мадина вақтдан унумли фойдаланиб, Республика ёшлар маркази вилоят бўлинмаси
Гулистон шаҳар тикувчилик тўгараги раҳбари сифатида ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Аввал ўрган, кейин ўргат, деган мақолга амал қилган ҳолда у 38 нафар тўгарак
аъзоларига чеварчилик сир-асрорларини қунт билан ўргатмоқда. Меҳнатига яраша
марказ томонидан тайинланган ойлик маошини олмоқда.
— Хонам тўгарак фаолиятим учун бироз торлик қилаяпти,
- дейди Мадина. — Кенгроқ хонага эҳтиёжимиз бор. Ҳозирча эса бунинг иложи
бўлмаяпти. Бичиш-тикиш ва дарсхона учун алоҳида хона бўлса, нур устига аъло нур
бўлар эди. Жой торлиги туфайли кредит эвазига олган иккита бичиш столимнинг
биттаси хонага сиғмади.
Тўгарак аъзоларидан ташқари ўзининг маҳалласидаги
уюшмаган ёшлар ҳам келиб, Мадинадан чеварчиликни ўрганишмоқда. Ётоқхонада
турадиган қизлар бўш вақт топдим, дегунча унинг ёнига ошиқишади. Унинг сўзларига
қараганда, шогирдларига нисбатан ўта талабчан экан. Тўғри-да, вақтни бесамар
кетгазишдан не фойда? Аёл киши учун муҳим ҳунарни ўрганса, оиланинг кам-кўстини
бутлаб турса, нимаси ёмон?
— Тадбиркорчилик тавакалчиликка асосланган, - дейди у
суҳбатимиз асносида. — Бозор расталарига синов тариқасида ўнта-ўнтадан чойшаб,
эркаклар трикосини сотувга чиқардим. Маҳсулотларим сифатли матолардан
тайёрланганлиги боис ҳам харидоргир бўлди. Эндиликда буюртма асосида яна кўпроқ
товар ишлаб чиқариб, фойда олишни режалаштираяпман.
Ҳаётда ўз йўлини топаётган Мадинанинг ютуқларидан
мамнун бўлиб, унга ҳавас қилдик. Халқимиз: “Ҳунар, ҳунардан унар”, дея бежиз
мақол тўқишмаган. Бетакрор мўъжизалар яратадиган қўллари асло толмасин, деб
қоламиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий