среда, 12 декабря 2018 г.

ЎГАЙ МАКТАБ (ФЕЛЬЕТОН)

«Ўгай» сўзи ҳар қандай эшитган қулоққа қиш чилласининг совуқ шамолидек ёмон таъсир кўрсатаркан. Тўғри-да!  Сирдарё шаҳрида ўзини ўгайдек ҳис қилаётган бир мактаб бормиш. Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашганмиш, деган гаплар қулоғимизга чалиндию ҳудудга йўл олдик. Ўгай, деб маломат қилишга шошилманг, дейсизми?! Бу гапингизда ҳам жон борга ўхшайди. Ўзингиз айтинг, мактаб туман халқ таълими бўлими билан девордармиён қўшни бўлса, ўқувчиларнинг овози туман ҳокимлигига эшитилиб турса, ўгай деб бўладими? Аслида туман ҳокимлиги, бошқа мутасадди ташкилотлар бу мактабга ўгай кўз билан қараганлиги боис муаммолар болалаб кетганлиги эса аччиқ ҳақиқатдир. Нафсиламрини айтганда, уларни ечишга мактаб маъмуриятининг қўли калталик қилаяпти.

Келинг, яхшиси «шап-шап», деб эзмалик қилгунча «шафтоли» деб қўя қолайлик. Сирдарё шаҳрининг қоқ марказида жойлашган бу мактаб 2011 йилда қўшни 43-умумий ўрта таълим мактабига қўшиб юборилган эди. Бу йил август ойида у яна мустақил мактаб мақомини олди. Чунки шаҳарда туғилиш кўп. Мактаб ёшидаги болалар гурас-гурас улғайишмоқда. Таълим муассасасига тажрибали мутахассис Шохира Юлдашева директор этиб тайинланди. Гарчанд у муқаддам катта давраларни кўрган бўлса ҳам янги мактабдаги муаммолар қаршисида ёш боладек боши айланиб қолди. (Шохирахон туман халқ таълими бўлими раҳбарлигигача бўлган катта йўлни босиб ўтган).
Раҳбар аввал баҳоли қудрат ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлди; муаммоларни мустақил ечишга бел боғлади. Бўлмади. Беҳуда ҳаракат белни синдиришини англаб етди. Мактаб филиал бўлган кезларда ҳовлидаги икки қаватли бино таг-туби билан бузиб ташланган экан. Шўролар даврида пойдеворга цементни роса кўп ишлатган экан, занғарлар. Бетон қолдиқларини кўчиришнинг иложи бўлмаяпти. Бунинг учун махсус техника ва мутахассислар кераклиги юқоридагиларнинг қулоғига етказилган. Ҳозирча мактаб ҳовлиси оғзида бир дона тиши йўқ, кирди-чиқдилар билан иши йўқ кайвонининг оғзидек очилиб ётибди. Ҳар куни ярим метр-бир метр жойнинг бетони ходимлар кучи билан тозаланмоқда.
—Мана шу жой тартибга келтирилса, бир томонини гулзор, иккинчи томонини болалар майдончаси қилишни режалаштириб турибмиз, — дейди Шохира Юлдашева.
Мактабнинг бош корпуси рўба-рўсидаги 192 ўринли қўшқаватли бино мукаммал таъмирга муҳтож.  Мактаб маъмурияти мукаммал таъмирлаш учун асқотадиган смета ҳужжатларини аллақачон туман ҳокимиятига тақдим этган. 461 миллион маблағ топилса, бино таъмирдан чиқарилиб, сонга киради.
—Бу бинонинг бир қисми Ёшлар маркази учун берилишини эшитганимизда хурсанд бўлдик. Шу баҳона зора бино эпақага келиб қолса, деб. Мактабимизнинг мажлислар зали йўқ. Бинонинг биринчи қаватдаги кенг фойесини машваратхона қилмоқчимиз. Бунинг учун аввал бинони таъмирдан чиқармоқ жоиз. Ҳозирча қўлимиздан келган ишни қилиб турибмиз. Бино томининг синган шиферларини алмаштириш учун янгиларини олиб келиб қўйдик, — дейди Шохира Юлдашева.
Директорнинг мавжуд муаммолардан ичи тўлиб кетган экан. Дардини дастурхон қилиб, анча тетиклашиб олди. Мактаб ҳовлисининг каттагина қисми калнинг бошидек тупроғи чиқиб ётибди. Қорли-ёмғирли кунларда лой болаларнинг оёғига елимдек ёпишмасин, деб жамоанинг кучи билан 30 квадрат метрга тоза шағал ётқазилибди. Мактабнинг жануб томонидаги кўпқаватли уйларда яшовчи хонадонларнинг қўшимча бинолари-ҳаммомлару омборхоналар, дўконлар таълим муассасаси ҳудудига бостириб кириб олган. Бу эса антисанитария муҳитини вужудга келтирмоқда. Мактаб қозонхонаси жойлашган бино орти хонадонларнинг чиқинди ташлайдиган жойига айланган экан. Мактаб жамоаси йўлакни шлакоблог билан уриб беркитибди. Бироқ аҳоли чиқиндихонага боришдан эриниб, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас қабилида эски жойларидан фойдаланиш мақсадида ғиштларни ўғирлашмоқда.
Мактабга кирадиган бош дарвоза йўқ. Бу муаммони ҳал қилиш учун ҳам камида 10 миллион сўм маблағ зарурлигини мактаб директори чуқур сўлиш олганча гапириб берди.
Ўқувчилар ҳозирча мактабнинг кунботиш томонидаги қўшимча дарвозадан ичкарига киришмоқда. Худди шу жойда «Тоза ҳудуд» корхонасининг чиқиндихонаси жойлашган. Ахлатхонани мактаб олдидан кўчириш ҳақида бир неча марта тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди. Бироқ муз жойидан кўчмаяпти. Чиқиндилар ҳафтада бир марта олиб кетилишини ҳисобга олсак, бадбўй ҳидлардан болалар бурунларини жийирадиган одат чиқаришибди. Улар мактабга кираётганларида оғиз-бурунларини рўмолча билан беркитиб ўтадиган бўлиб қолишибди.
Ўқув корпусининг кунботиш томонида, шундоқ мактаб ҳовлисида шаҳардаги бир неча кўчаларга электр токи берадиган трансформатор ўрнатилган. Унинг симлари худди эртаклардаги ажинанинг сочидек чалкашиб ётибди. Трансформаторни мактаб ҳудудидан кўчириш ҳақида туман электр тармоқлари корхонасига бир неча марта мурожаат қилинган. Лекин улар бунинг иложи йўқлигини қайта-қайта айтишмоқда. Нурчиларнинг қилган иши-трансформатор ёнидаги дов-дарахтларни буташдан нарига ўтмаяпти. Директорнинг эса мактаб ўқувчилари учун хавфсиз шароит яратиб бериш йўлида жони ҳалак.
Бу муаммоларнинг бари бир сари – бугунги кунда мактаб директорининг фаолият олиб бориши учун хос хонаси йўқ. Касабақўмнинг хонасида «ижарада» ўтирибди. Мактабнинг иккита хонасини эса «Баҳор» маҳалла фуқаролар йиғини эгаллаб олган.  Кейинги пайтларда таълим муассасасида бошқа ташкилотларнинг жойлашишини тақиқлаш бўйича кўп гаплар бўлаяпти. Бу ҳақда туман ҳокимига бир неча марта мурожаат қилинган. Лекин тош жойидан силжиганича йўқ. Мактаб директори ҳам ўзи ишлайдиган муассасада ўгай ходимдек ўтирибди.
Мактаб маъмуриятини ҳозирча бир нарса умидлантириб турибди. Мактабни мукаммал таъмирлаш бўйича ҳужжатлар тегишли ташкилотларга топширилган. У қачон давлат дастурига тушади — ҳозирча ноаён. Газетамизда эълон қилинаётган ушбу фельетонни ўқиган мутасаддилар, мактабнинг давлат дас-турига тушишини кутиб ўтирмай, балки ҳаракатга тушишар. Ўшанда мактаб ўгайлик балосидан қутилармиди? Қани кутайлик-чи?
        Муҳаммадали АҲМАД.
P.S. Фельетон қоғозга тушгач, бир ёқлама фикрладикми, деган ўй тинчлик бермади. Пахта йиғим-терими авж олган бир паллада ҳокимларни ҳар доим ҳам безовта қилиб бўлмайди. Ҳарқалай туман халқ таълими бўлими ҳам ҳокимиятнинг бир шохобчасику, дея унинг раҳбари Жаҳонгир Расуловдан муаммога муносабат билдиришни сўрадик.
—Фельетонингиз эълон қилингани билан ҳеч нарса ўзгармайди, — деди Жаҳонгир Синдорович. —Чунки мавжуд камчиликларни ечиш учун катта маблағ керак. Ҳурматли ҳокимимиз ҳам бир вақтлар шу мактабда таҳсил олганлар. Шу боис қўл қовуштириб қараб ўтирганлари йўқ. Мактаб 2019 йилнинг дастурига тушган. Мукаммал таъмир асно барча муаммолар ечилади.

Мудирнинг ҳам гапларида жон борлигига ҳеч қандай иддаомиз йўқ. Бироқ муаммолар орасида маблағ талаб қилмайдиганлари ҳам анча. Чиқиндихонани бошқа жойга кўчириш, «Баҳор» МФЙ идораси учун жой топиш ва бош-қалар. Мана шулар ҳақида ҳам ўйлаб кўрилса, мактабнинг дарди бирмунча енгиллашармиди?!

Комментариев нет:

Отправить комментарий