пятница, 14 декабря 2018 г.

“СЕВИНЧ” БАҒРИДА СЕВИНЧЛАР БАРДАВОМ

Гулистон шаҳридаги “Севинч” – хорижий тилларга ихтисослаштирилган нодавлат мактабгача таълим муассасаси шу йилнинг кўкламида ўз фаолиятини бошлаган бўлса-да, янги ўқув йилида мактабгача тайёрлов гуруҳининг 27 нафар илк қалдирғочлари 1-синфга қадам қўйишга улгуришди. Муассасанинг мўлжалдаги 130 ўринли жойлари аллақачон болажонлар билан тўлган. Айни пайтда 17 нафар ходим бу ерда фаолият юритишмоқда. Уларнинг 6 нафарини олий маълумотли, ўз касбини сидқидилдан севувчи мутахассилар ташкил этади.
Бинонинг ўзига хос кўриниши, ҳовли сатҳидаги  турли хил ўйин майдончалари ҳар қандай кишини бир қарашда ўзига жалб этади. Икки қаватли шинам муассаса биносига ҳамкасбим билан кирганимизда эртаклар оламига тушиб қолгандек бўлдик. Ҳа, замон ўзгарди, таълим ва тарбияга нисбатан талаб эса кундан-кунга ортмоқда. Муҳими келажак авлод мана шундай эртакнамо ажойиб шарт-шароитлардан баҳраманд бўлиб улғаймоқда.
Ўғил  ва қиз болалар  билан махсус  тузилган кун тартибига кўра иш олиб борилмоқда. Бу ерда болажонларга ўзбек, рус, инглиз, корейс ва хитой тиллари ёш хусусиятларига қараб ўргатилаётир. Икки ёшдан муаассасага қабул қилинган тарбияланувчилар мактаб ёшига етгунларига қадар бешта тилни бемалол ўзлаштира олишади. Бундан ташқари ҳафтада уч марта болаларнинг қизиқиш ва қобилиятига қараб турли тўгаракларга жалб қилинган. Спортнинг тэквон-до, бокс, сузиш (ёз ойларида), бадиий гимнастика, шашка, шахмат сингари турлари болаларни соғлом бўлиб ўсишига ёрдам бермоқда. Мусиқа, тасвирий санъат, кулолчилик, қўл меҳнат каби тўгараклар эса болаларда  эстетик завқни оширади. Мусиқа тўгарагининг ўзи бир қанча йўналишларга бўлинган ҳолда ўргатилади.
Республика бош прокуратураси 40 миллион сўмлик мусиқий асбобларни совға қилганлиги боис болалар иқтидори бўйича мутахассислардан сабоқ олишмоқда. Бундан ташқари муассасада таълим олаётган  1-4-синф ўқувчиларига қўшимча пулли хизматлар йўлга қўйилган. Ўқувчилар мактабдаги даврсларидан сўнг бу ерга келиб, дам олишади, овқатланишади, тиллар ўрганишади, уйга берилган вазифаларни бажаришади. Қўшимча шуғулланувчиларнинг 8 нафари шу муассасанинг собиқ тарбияланувчиларидир.
Масканда турли хил маънавий-маърифий тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилади. Хусусан, “Жажжи гўзаллар”, “Кичкинтой-ширинтойлар”, “Соғломжон-полвонжон”, “Нептун байрами”, “Мустақиллик байрами” кабилар шулар жумласидандир. Айни пайтда гуруҳлар “Ҳосил байрами”га қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Муассасанинг иккинчи қаватида мўъжазгина кутубхона ташкил этилган. Турли хорижий  тиллардаги эртак ва шеърий китоблар жавонлардан жой олган. Токчаларда турган китоблардан хат-саводи чиққан болажонлар бемалол юмшоқ ўриндиқларга ўтирган ҳолда фойдаланишлари мумкин.
–  Ўзим шу соҳада 20 йил ишладим, – дейди НМТМ мудираси Барчиной Усмонова суҳбатимиз давомида. – Ўз касбимни севганим учун нафақага чиққанимдан сўнг ҳам фаолиятимни давом эттириш мақсадида нодавлат таълим муассасаси очишни режалаштириб юргандим. Бироқ орзуим муддатидан олдин амалга ошадиган бўлди.  Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори истакларимнинг амалга ошишига катта ёрдам берди. Қарор туфайли давлатдан 1 фоизли имтиёзли кредит олдим. Эндиликда ходимларимизнинг, ишчиларимизнинг ойликлари давлат томонидан бериладиган бўлди. Болаларимизнинг 50 фоиз озиқ-овқатлари ҳам давлат томонидан молиялаштирилаяпти. Бунга жавобан кам таъминланган оилаларнинг 12 нафар фарзандини муассасага олдик. Улар давлат боғчаларига тўланадиган ҳақда пул тўлаб, хорижий тилларни ўзлаштиришмоқда.
Ҳар бир хонада махсус кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, боғча мудираси хонасида чиқмай туриб ҳам жараёнларни бемалол кузатиб ўтиради. Шунингдек, гуруҳларда телевизор ҳам бўлиб, барчаси интернет тармоғига уланган. Бир вақтнинг ўзида Туркия ва бошқа давлатлардаги боғчалар билан он-лайн тарзда боғланиб, машғулотларни кузатиб, тажриба алмашиш имконини бермоқда.
–  Ҳар куни тармоқ билан боғланаман, - дейди суҳбатдошимиз. – Таълим соҳаси ривожланган давлатларнинг боғчалари фаолиятини кузатиб бориб, янги методларни ўрганаман. Мисол учун Корея, Америка, Япония давлатларидаги таълим тизимини олишимиз мумкин. Шу йилнинг март ойида пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро тадбирда ҳам муассасамиз юртимиз номидан қатнашишга муваффақ бўлди. Кўплаб хорижий давлатларган келган муассасалар билан метод алмашдик. Форум саккиз тилда меҳмонларга таржима қилиниб турди.
“Севинч” НМТМ жамоаси яқинда Ўзбекистон Президенти соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус – 2018” кўрик-тановининг республика босқичида “Хизмат кўрсатиш” номинацияси бўйича қатнашиб, фахрли ўринни эгаллади.
–  Келажакда бошланғич синфлар учун хусусий мактаб очмоқчимиз, – дейди муассаса мудираси. –  Шунда ўзимизда тарбияланган болажонлар мактабда ҳам сабоқларини давом эттиришади, тил ўзлаштириш даражалари ортади. Ҳозирда бинони қуриш учун вилоят ҳокими қарори билан ер майдони ажратилди. Тез орада қурилиш ишларини бошлаймиз. Чет элликлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш йўлларини қидираяпмиз. Ўша ердан мутахассислар олиб келиш, тажриба алмашиш ниятидамиз. Дарвоқе, ҳозирда корейс тилидан кореялик йигит сабоқ бермоқда. Машғулотларини кузатиб, беихтиёр ўзим ҳам тил ўрганишга киришиб кетганман.
Ҳа, бугун юртимизда келажак авлод таълим-тарбиясига қаратилган жуда катта ғамхўрлик ва эътибор бутун дунёнинг диққат-марказида турибди. Зеро, бугун янги услубдаги таълим муассасаси – “Севинч”да тарбияланаётган болажонларимиз келгусида ўсиб улғайиб, билим олиб, етук мутахассислар бўлиб, жонажон Ватанимиз довруғини дунёларга танитишади десак, муболаға бўлмайди.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий