Севара Абдуллаева 2003 йил 14 январда Гулистон
туманидаги Деҳқонобод шаҳарчасида таваллуд топган. Бадиий ижодга ҳавасманд
ҳолда улғаяётган қаҳрамонимиз 10 ёшидан буён шеърлар ёза бошлаган. Унинг
шеърлари “Давр ёшлари”, “Гулистон ҳаёти”
газеталарида чоп этилган. “Камалак юлдузлари” республика фестивалининг
лауреати бўлган Севаранинг “Бокира туйғулар” ва “Оппоқ орзулар” каби назмий
тўпламлари нашрдан чиққан. Қуйида сиз у билан яқиндан танишиш асносида ижодидан
баҳраманд бўласиз.
Ҳаётда қувноқ ва хушчақчақ қиз бўлсам-да, ҳар бир
топшириқни ўз вақтида бажаришга одатланганман. Чунки бир ишни вақтида қилмасам,
эртасига унинг ёнига бошқа топшириқ келиб тушиб, вазифалар ортиб кетиши мумкин.
Бундай вазиятларга сардорлик фаолиятимда кўп дуч келганман. Айни пайтда
Гулистон туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синфида аъло баҳоларга
таҳсил олмоқдаман. Насиб қилса, мактабни олтин медаль билан тамомламоқчиман.
Аниқ фанлар – алгебра ва геометрияни унчалик хушламасам-да, қунт билан
ўрганаман. Ҳаммасидан ҳам энг севимли фаним адабиёт бўлиб, унга меҳрим ўзгача.
Қанчалик кўп китоб ўқиганим сари тафаккур оламим кенгайиб боради, сўз бойлигим
ошади, энг муҳими, дунёнинг гўзаллигини англай бошлайман. Ўқиган китобларим
бўйича билимимни синовдан ўтказиш мақсадида бу йил “Ёш китобхон” республика
кўрик-танловининг туман босқичида фаол иштирок этиб, сертификатни қўлга
киритдим.
Мактабда таҳсил олиш билан бирга “Иттифоқ” сардорлар
кенгаши раисиман. Иш режамизга мувофиқ Сардорлар кенгаши аъзолари билан бирга
тадбирларни ўтказамиз. Сардорлик фаолиятим давомида кўплаб семинар-тренинглар,
фестиваллар ва танловларда фаол иштирок этиб келмоқдаман. Хусусан, ўтган йили
“Йил сардори” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 2-ўринни қўлга
киритдим. Шунингдек, “Маҳалла — менинг тақдиримда” республика танловида ғолиб
бўлгандим. Бу йил I Республика ўқувчи қизлар инновацион саммитида “Санъат ва ижод” йўналиши бўйича
муваффақиятли иштирок этиб, сертификат билан тақдирландим.
Баъзи тенгдошларим тезда тушкунлик кайфиятига
тушишади. Мен эса бундай ҳолатлардан йироқман. Олдимга мақсад қўйдимми, унга эришгунча
ҳаракат қилавераман. Агар бирор нимадан хафа бўлсам, ҳеч кимга билдирмай,
табассум билан ҳаммасини енгиб кетаман.
Суҳбатдош: Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий