среда, 1 февраля 2017 г.

“АББОСДАН ҚОЛИШМАЙМАН”

Фаррух МАХСУДАЛИЕВ – 1993 йил 16 сентябрда  Гулистон туманида санъаткор оиласида таваллуд топган.  Келажакда халқ ардоғидаги машҳур ҳофизлар сафидан ўрин олишни орзу қилади. Ёшлар орасида ўзининг спорт соҳасидаги муваффақияти билан жаҳонга танилган Аббос Махсудалиевнинг амакиваччаси Фаррух ҳам санъат соҳасида худди унингдек ютуқларга эришишга ҳаракат қилади.


Олти яшар болакайнинг қўлига рубоб олиб ашула айтганини кўрган қишлоқ одамлари уни роса олқишлашди. Илоё, овозингга кўз тегмасин,  Жўрахон, Комилжон, Ўлмасжон ҳофизлардек  бўлгин, деб дуо қилишди. Ўшанда Фаррух ҳофиз кимлигини-ю санъат нималигини билмасди. Унинг вужудига оҳанг қуйилиб келар ва  мириқиб ашула айтгиси келарди. Ундаги бу иштиёқни сезган дадаси, хонанда Эркин Жўраев боласидаги истеъдодни юзага чиқаришга кўмаклашди. Ўғлига эринмасдан тор чертишни, доира чалишни ва ашула айтишни ўргата бошлади. Қишлоқдаги 14-умумтаълим мактабининг тўртинчи синфини тамомлагач, Гулистондаги санъат лицейига ўқишга олиб келди. Кейинчалик эса Гулистон санъат коллежида таҳсил олиш жараёнида санъатнинг машаққатли йўлларини юракдан англай бошлаган Фаррух ўзи қизиққан соҳага бутунлай берилиб кетди.
Коллеждаги домлаларидан қашқар рубобида куй чалишни,  ашула айтиш сир-синоатларини, овоз пардаларига эътиборни қунт билан ўрганди. Абдумалик Эрматов, Илҳом Деҳқонбоев, Райим Окушев сингари  устозларидан таҳсил олди.
Қўшиқчиликка меҳри баланд  йигит илк маротаба 2006 йили “Ниҳол” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли ўринлардан бирини эгаллади. Ўзи севиб тинглайдиган ва  ўрганадиган севимли хонандалари Сардор Мамадалиев, Ботир Қодировларнинг ижрочилик маҳоратига қизиқади. Келажакда улар каби элнинг назарига тушишни, халқи учун саҳнада хизмат кўрсатишни орзулайди.
– Бизнинг оиламизни санъаткорлар сулоласи дейишади,-дейди Фаррух суҳбат чоғида.-  Муҳаммадали, Шуҳрат, Мурод Жўраев сингари амакиларимни нафақат тумандагилар, балки вилоятдагилар яхши билишади. Уларнинг ҳаммаси санъатни саодат деб билишади, ашула айтишади, тор чертишади. Муҳаммадали амакимнинг   ўғли, футболчи Аббос Махсудалиевнинг ютуғига ҳаммамиз ҳавас қилганмиз. Ўша кунлари қариндошларимиз “Аббос спорт билан дунёга танилди, сен ҳофиз бўлиб танилгин” деб дуо қилишганди. Мана шу тилакдан кўнглим тоғдек кўтарилади ва Аббосдан ортда қолмасликка интиламан.
Дарвоқе, келажакда етук санъаткор бўлишни орзу қилиб ўз устида тинмай изланаётган бу йигит айни пайтда олийгоҳга кириш мақсадида тинмай ўқиб изланаётир. Унинг ягона тилаги, давраларга шодлик улашиш, классик, мумтоз қўшиқлар ижро этиб, халқнинг ҳурматини қозонишдир. Халқимиз азалдан мусиқани ва куйни жонидан ортиқ кўради ва асрлар давомида уни эъзозлаб келаётир. Юрагида бир олам эзгу ниятлар билан яшаётган ёш санъаткор Фаррух Махсудалиевнинг келгусидаги ойдин орзуларига парвоз тилаб қоламиз. Зеро, онажони Раъно Жўраева ният қилганидек, Фаррух тор билан юртининг бахти камолини, ёруғ кунларини куйлайди.
   
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий