среда, 1 февраля 2017 г.

ҚЎШИҒИДАН ИЗЛАНГ УНИ

Ўшанда Раъно коллеж ўқувчиси эди. Биринчи маротаба катта саҳнада  Жамила монологини  маромига етказиб  ижро этгани учун  домлалари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Абдуллаева ва Раҳим Ҳасанов ва залдагилар қизғин олқишлашди. Ўқитувчиси Тўхтаниёз Тожиев концертдан кейин секингина унинг олдига келди:
– Овозинг жуда яхши, образга кироласан, агар  ашулани юракдан ҳис этиб ижро этсанг марра сеники. Мухлислар қачон бирорта ашулани севиб қолишади, юрак қўри билан уйғунлашсагина тинглашади. Иккаламиз биргаликда Фарғона шаҳрида ўтказиладиган республика кўрик-танловига тайёргарлик кўрамиз.

Шундай қилиб режиссёр Т.Тожиев истеъдодли овоз соҳибаси Раъно билан жиддий ижодий изланишларни бошлади. Ўшанда у 1996 йили ўтказилган республика “Алла” кўрик-танловида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни  қўлга киритди. Шогирдининг бу қадар иқтидори ва истеъдоди, интилувчанлиги устозни мамнун этди. Унинг эртанги кунига умид боғлади. Янгидан-янги қўшиқлар устида тинмай изланишди.
 Раъно Ҳайитова 1998 йили Гулистон санъат коллежини тамомлагач, бир муддат болалар боғчасида ва мактабда меҳнат қилди. Вилоят  миқёсидаги турли байрам тадбирларида ўзининг ширали овози ва ижрочилик маҳорати билан кўпчилик назарига тушди. 2004 йили уни Олим Хўжаев номидаги вилоят мусиқали драма театрига ишга таклиф этишганида сал чўчиди. Бу даргоҳда санъатнинг пирлари, саҳнанинг чин фидойилари ижод қилишади ахир. Кўнглига қулоқ солди, дарвоқе унинг қалбида санъатга ички бир қизиқиш, ҳавас яшарди. Ўзига ишонч ва эртанги кунига умид уйғонгач театрга йўл олди. Ёш хонандани театрнинг аҳил ва иноқ жамоаси илиқ қаршилашди. Дунёда санъат аҳлидек келишувчан ва муросали, меҳрибон ҳам фидойи  инсонлар топилмаса керак.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Адҳам Абдуллаев, Адҳам Юсуфалиев, Зулфия Эшмуродова, Мавлуда Маматиллаохуновалардан катта саҳна ҳаётини, ижро маҳоратини  ўргана бошлади. Устозлари унга билганларини эринмай ўргатар, роллардаги ички ҳолат ҳақида батафсил маълумот бериб боришарди.
Раъно борган сари театрга боғланиб бораверди. Овози тобора  сайқалланиб, саҳнада кичик образларни ҳам ижро эта бошлади. Тақдирнинг ҳукмини қарангки, Раъно айнан шу ерда  бўлажак турмуш ўртоғи, доирачи Собиржон Муқимов билан учрашди. Санъатни қадрлайдиган ва бир-бирини руҳан тўғри англайдиган икки ёшнинг оиласи нафақат театрдагилар, балки таниган-билганларнинг ҳаваси келарди. Негаки улар бир-бирларини маънан ва руҳан тушуниб, ижод қилишарди. 
Андижон вилоятининг Балиқчи туманида таваллуд топган бу келишган ва хушсурат хонанда Раъно Ҳайитова  дадаси ва онасининг дуосини олиб асло кам бўлмади.  Вақтида улар қизидаги санъатга бўлган иштиёқни англай билишди. Юрагида  яратувчанлик ва меҳнат ишқи жўш урган  Долимжон ака билан Мавлудахон опа ҳам кўпчилик қатори Мирзачўлни ўзлаштиришга  келишди. 1987 йили Оқолтин туманидаги янги уйларга жойлашишди. Асли касби инженер бўлган дадаси ўз соҳасида, онаси ҳамшира сифатида меҳнат фаолиятини давом эттиришди. Раънонинг ўзи танлаган соҳада илм олишига асло тўсқинлик қилишмади.
 Бугунги кунда Раъно Ҳайитовани вилоят театр мухлислари яхши билишади. “Жавоҳирлар шаҳри сеҳргари”да Меҳрибон пари, “Заҳарли томчилар”да Муаззамхон Аъзамхонова, “Бу чоллар ёмон чоллар”да Кабирахон, “Инсон ўзинг”да Раҳима образларини жуда чиройли талқин қилиб томошабинлар эътиборини қозонди. Нафақат ашулачиликда балки спектакллардаги етакчи образларни ижро этиш унга қанот бағишлади.
Шу йилнинг март ойида Раъно Ҳайитова биринчи маротаба ўзининг “Қўшиқлардан изланг мени” деб номланган концерт дастурини мухлисларга ҳавола этди. Ушбу яккахон концертда томошабинлар гуллар билан санъаткорни олқишлашди. Хонанда ижросидаги “Ёлғиз доғман”, “Сувратинг”, “Онасиз бу дунё қоронғу”, “Шароб”, “Титрадим”, “Дилхирож”, “Ватан” сингари  қўшиқларни завқ билан тинглашди. Хонанда учун бундан ортиқ бахт борми дунёда?
-        Анча йил бурун Тошкентдан бир гуруҳ санъаткорлар билан биргаликда  севимли устоз хонандамиз Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова ҳам келганди,-дейди Раъно биз билан суҳбатда.- Мен у кишининг ашуласидан куйладим. Саҳнада мени табриклаб дуо бердилар. Шунақа севинганман эътибор ва ишончлари учун. Ўша дамни сира эсдан чиқармайман, негаки устозлар дуоси олтинга тенг.
Ободлик-оиладан бошланади. Раъно Ҳайитованинг саҳнада, одамлар даврасида эмин-эркин ижод қилиши, ўз устида ишлаши турмуш ўртоғи  Собиржон ака Муқимовга ҳам боғлиқ. У киши санъатни қадрлайди, доирачи сифатида эл ҳурматини қозонган жуда камтарин ва камсуқум инсон. Концерт сафарларида,турли тадбирларда, қолаверса “келин салом”ларда узоқ қолиб кетган Раънодан асло нолимайди. Аксинча, унинг ижодини, санъатини ҳурмат қилади ва  болаларга ғамхўрлик кўрсатиб бош бўлиб туради. Санъаткорни аввало ўз оиласидагилар тўғри тушуниши  ва албатта бунинг учун маънавий  етук бўлишлари керак, деб таъкидлайди Раъно. Бу оилада камол топаётган Асадбек, Севара, Ситора аъло баҳога ўқишлари билан биргаликда санъатга меҳр қўйишган. Негаки ота-оналаридаги санъатга, мусиқа ва қўшиққа ошуфталик уларга гўдаклигидан юққан. Оила даврасидаги кичик саҳна давраси уларнинг фаровон турмуш тарзидан далолат беради.
Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят драма театри актрисаси, хонанда Раъно Ҳайитованинг орзулари чексиз. У янги репертуари устида иш олиб бориш билан биргаликда янги саҳна асаридаги образ устида ҳам изланмоқда. Саҳнадаги роллари ва яратаётган қўшиқлари ўзиники сифатида  эътироф этилишини ният қилади ва шунга интилади. Хонанда ижросидаги дилбар мумтоз наволар эса радио ва  телевидение орқали  янграб дилларга бир олам ҳузур, завқу шавқ бахш этаверади. Раъно Ҳайитова таъкидлаганидек, қўшиқларидан унинг ўзини излаймиз.


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий