среда, 1 февраля 2017 г.


ҲУНАРЛИ ХОР БЎЛМАС
 Ота-боболаримиздан  қолган мерос – ҳунармандчиликни давом эттираётган  ёшларнинг кўплиги  кишини  қувонтиради. Зеро, аводдан авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини кейинги авлодга етказиш ҳам қарз ҳам фарздир.
Бахт шаҳридаги Нарзуллаевлар оиласини билганлар  ҳунармандлар оиласи деб аташади. Оила аъзолари миллий буюмлар, уй-рўзғор анжомлари ясаш билан шуғулланади. Улар томонидан ясаладиган бешиклар, сандиқлар, тахта-ўқловлар, болалар учун арғимчоқлар,  ўймакорлик  ишлари ва бошқа нарсалар харидоргирлиги билан ажралиб туради.

– Минг шукрки бугунги ёшларимиз орасида миллий ҳунармандчиликка қизиқадиганлари кўплаб топилади. Маҳалладаги йигит-қизлар ҳунар ўргатинг, деб ҳузуримизга  келишади, - дейди оилавий ҳунармандлар гуруҳи раҳбари Рўзижон Нарзуллаев. – Уларга бу ҳунарни ўргатамиз, шогирдлар тайёрлаймиз. Халқимиз жуда болажон. Ҳозирги кунда дўконлардан болалар учун бежирим жиҳозларни топиш мумкин. Лекин барибир ўзимизнинг миллий буюмларимизнинг ўрни бўлакча-да. Уларга халқимиз орасида талаб ва эҳтиёж катта. Ахир, бежизга кексалар дуо қилишса, уйингизнинг тўрини бешик бежасин, деб тилак билдиришмайди. Хонадонларда чақалоқ дунёга келса. Орзу-ҳавас билан бешик ёки каравот  ясаттиришади. Бу буюртмаларни мижозларнинг дидидагидек қилиб бажарган ҳунарманднинг кўнгли жойига тушади. Бугунги кунда Муборак Муродова, Моҳигул Нарзуллаева ва бошқа шу ҳунарга қизиққан ёшлар ҳам ҳунармандчилик сирларини ўрганиб, бемалол усталарга  кўмаклашишмоқда.
Келгусида оилавий  ҳунармандлар ишларини янада кенгайтириб, маҳсулотлар турини кўпайтиришни режалаштириб  қўйишган. Шу аснода эса ёш ҳунармандларни тарбиялаш, уларга билганларини ўргатиш асосий вазифалари эканини таъкидлашади.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий