среда, 1 февраля 2017 г.

ОРЗУЛАРИ БОШЛАДИ ЙЎЛГА

Қизалоқ онасининг қўлларидан  тортқилаб ҳоли-жонига сира қўймайди, кўзига кўринган нарсани оҳангга мослаб ашуладай айтади. Муштдеккина қизчасининг атрофдаги кўринган нарсага қофияли сўзлар айтишидан эса соддагина онаизор қўрқади: бирон нарса даримадимикан? Кекса онасидан, қайнотаси Юсуф бободан маслаҳат сўрайди. Ўзи ҳам унча-мунча  шеърлар қоралаб юрган зиёли, юзларидан нур ёғилиб турадиган қайнотаси унинг гапларига мийиғида кулиб қўяди: нимасидан қўрқасан, бундан севинишинг керак. Худо  хоҳласа, шу қизалоғим Зулфияхонимга ўхшаган шоира бўлади!


Мадина мактабга қатнай бошлаганида дарсликдаги шеърларни ҳаммадан аввал ёдлаб олар, муаллиманинг жиғига тегиб ўтилмаган дарсдаги  шеърларни “мен айтай”га тушиб қоларди. У болалигидан шеърнинг сеҳрига мафтун ва  қалби эҳтиросларга лимо-лим  эди. Мадина Юсупова Янгиердаги 8-умумтаълим мактабда ўқиган кезлари барча фанларни аъло даражага ўзлаштирар, айниқса, адабиёт фани унинг жону дили эди. Шеърларни қироат  билан ўқиганида кишининг баданлари жунжикиб кетарди.
Мадинанинг дастлабки шеърий  машқлари саккизинчи синфда ўқиб юрган кезлари “Давр ёшлари” газетаси саҳифаларида кўрина бошлади. Унинг шеърдан шеърга ўсгани, ўзига хос овози ва фалсафий мушоҳадалари устоз ижодкорларнинг назаридан четда қолмади. У 2011 йили  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган ёш ижодкорлар семинарида иштирок этди. Дўрмон боғидаги мушоираларада  шеърлари билан устоз шоиру адбиларнинг назарига тушди. Илк тўпалми «Орзу боғлари» мухлислар томонидан яхши кутиб олинди.
Мадинанинг дадаси Олимбек тадбиркор,асаларичилик билан шуғулланади, онаси Мавлуда болалар тарбияси билан банд. Оилада тўрт қиз ва ўғил камолга етяпти. Мадина – оиланинг тўнғичи. Оиладаги ўзаро меҳр, тотувлик болаларнинг турли соҳалардаги қизиқишларига қанот бағишлайди.
Мадина Юсупова шеъриятдаги ва ўқишдаги муваффақиятлари боис 2015 йил Зулфия номидаги Давлат мукофотининг соҳибаси бўлди. У севинчлари ичига сиғмай шундай дейди:
– Ғолиб бўлганимни эшитиб, уйни  чир айланиб бор овозда бақирдим. Қувончдан ўзимни қаерга қўйишимни билмай  қолдим. Бу хушхабардан ота-онам ва сингилларим, устозларим менга қўшилишиб қувончдан кўз ёш тўкишди. Ҳаммамизнинг ҳаяжонимиз чексиз эди. Муҳташам “Туркистон” саройидаги тантанани таърифлашга ожизман. Бир нарсани юракдан ҳис  этдимки, мен ўзбекнинг жуда бахтли боласиман! Биз келажак эгаларига  катта ишонч билдириб, оталарча меҳр билан ҳамиша бағриларига босадиган Юртбошимиз борлиги эса энг катта бахтимиз. Юрагимда элимга, халқимга айтадиган гапларим, ёзилажак мисраларим лимо-лим. Бу юксак мукофот менгамас, барча ижодкор тенгдошларимга берилган ишонч ва умид  тимсолидир. Устоз Зулфияхоним номини шарафлашга,  ажойиб шеърлар ёзишга, устозлар ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.Бу унвон зиммамга жуда катта ижодкорлик масъулиятни юклайди.
Дарвоқе, ёш шоира, айни пайтда Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг 2-курс талабаси. У келажакда халқаро миқёсдаги журналист-ижодкор бўлишни орзулайди. Шу боис ҳам инглиз тилини мукаммал ўрганишга киришган. Орзулар унинг қўлларидан маҳкам тутиб, шахдам қадамлар ила фақат олдинга элтади. Мадина Юсупова нафақат сирдарёлик ёшларнинг, балки бутун ўзбекистондаги ижодкор йигит-қизларимизнинг бир вакиласидр. Шундай қутлуғ жаннатмакон ўлкада туғилиш бахт ва бу шараф ҳар қандай инсонни куйлашга, ижодкорликка  ундаши шубҳасиз.

Шаҳло АБДУСАИДОВА


Комментариев нет:

Отправить комментарий