среда, 1 февраля 2017 г.

ОРЗУЛАРИ ОЙДИН БИБИХОНИМ

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган бадиий гимнастикачиларнинг Халқаро очиқ турнирида ўз чиқишлари билан ҳакамлар эътиборини тортган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган ёшгина қиз фахрли ўринга лойиқ деб топилди. Бундан қувончи ичига сиғмаган Бибихоним янада  баландроқ чўққилар сари интила бошлади. Зеро, интилиш ва ўзингга ишонч муваффақият калитидир.

Суҳбатдошимиз Янгиер шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, спортнинг бадиий гимнастика тури ихлосманди  Бибихоним Ҳамзаевадир.
 Спорт оламига жуда барвақт, етти-саккиз ёшларида ташриф буюрган қизалоқ дастлабки кунларда  орзулар мамлакатига кириб қолгандек сезганди ўзини. Гимнастикачи қизалоқларнинг юриш-туришига, тик қадди қоматию одобига астойдил ҳаваси келган  Ҳамза Нуралиев набираси Бибихонимнинг қўлларидан етаклаб  шу ерга олиб келганди. Янгиер спорт мактаби тренери Ирина Ивановна Бибихонимдаги лаёқатни дарров   илғади ва жону дили билан бадиий гимнастика сирларини ўргата бошлади. Бибихоним дастлаб шаҳар миқёсидаги беллашувларда чиниқиб борди. Истеъ додли ва иқтидорли  қиз тинимсиз машғулотлардан  кейин вилоят ҳамда республика мусобақаларида иштирок этиб кўпчиликнинг эътиборини қозонди.
Бибихоним айни пайтда “Алпомиш” спорт саройида устози  Нияра Джимиловадан гимнастика сир-асрорларини ўрганиб, ўз устида тинмай изланмоқда. Ўзининг енгил ҳаракатлари ва чиройли рақслари билан тренерининг  назарига тушгани сир эмас. Спортчи қиз ўтган йили  Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Республика миқёсидаги чемпионатда биринчи ўринни  қўлга киритганида устозлари беҳад мамнун бўлишди. Бибихоним  бу йил ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб,  фахрли биринчиликни қўлга киритди. Мусобақа совриндори сифатида ғолиблик  кубогини қўлга тутганида ўзига бўлган ишонч ва спортга муҳаббати янада ошганини ҳис этди.
– Ёшларнинг спортга меҳр қўйиши албатта, оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ,- дейди гимнастикачи  қизнинг онаси, Янгиер  шаҳридаги 14-умумтаълим мактабининг   инглиз тили муаллимаси Гулором Нуралиева. – Қизимиздаги бадиий гимнастикага бўлган қизиқишини,лаёқатни нафақат дадаси ва мен, балки бобо ва бувилари  ҳам қўллаб-қувватлашди. Айниқса,  спорт мактаби  ёнида истиқомат қиладиган Юлдуз аммаси Бибихонимни шу йўналишга кўпроқ жалб этди. Сабаби қадди қомати келишган, тартибли ва гимнастика либосидаги чиройли қизалоқлар унга роса маъқул келганди. Қизимиз мактабда аълочи ўқувчилардан. У физика, биология ва химия, инглиз тили фанларини жуда  яхши  кўради ва аъло баҳоларга ўзлаштиради. Унинг  спорт соҳасидаги муваффақиятларидан, устозларининг беминнат кўмагидан беҳад мамнунмиз. Келажакдаги орзуларига етишишида албатта спорт катта аҳамият касб этиши шубҳасиз. Бибихонимдан андоза олган ўғилларимиз – Улуғбек ва  Озодбек ҳам спортнинг футбол турига қизиқишади. Улар ҳам опаларига ўхшаб бўш вақтларини фақат спорт машғулотларига бағишлашади.
Юз-кўзларидан ёшларга хос шижоат ва орзу ҳавасларнинг учқунлари  акс этиб турган Бибихоним Ҳамзаева биз билан суҳбатлашаётиб шуларни таъкидлади:
– Спортни, бадиий гимнастикани роса яхши кўраман. Ҳар бир машғулотдан, мусобақалардан янгилик топишга интиламан. Келажакда  бобожоним Қоплон Юсуфбеков ва раҳматли Анора бувижонимнинг касбини эгаллашни ният қилмоқдаман. Уларнинг ҳар иккаласи эл саломатлигини асраган моҳир шифокорлар бўлишган. Спорт эса ҳамиша мен билан бирга бўлади. Ҳозир устозим  Нияра опа раҳбарлигида Жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик кўраяпман. Насиб этса, устозларимнинг, ота-онамнинг, бобо ва бувижонларимнинг ишончини қозониб, албатта ғолибликни қўлга киритаман.
Вилоятимизда худди Бибихонимга ўхшаб спортнинг турли йўналишларида сабру тоқат ва матонат билан интилиб юксак марралар сари интилаётган ўғил-қизларимиз  талайгина. Уларнинг кўнгилларида шу она юрт номини дунёга танитиш, ўзбек спортини янада юксалтиришдек эзгу ниятлар ҳукмрондир. Бибихоним ҳам бадиий гимнастика маликалари сафидан муносиб ўрин эгаллашига ишонамиз.
 Ўз  навбатида  кўпчилик мухлислар номидан қутлаб, келгуси изланишларида  фақат омад ёр бўлишини тилаб қоламиз. 
Шаҳло АБДУСАИДОВА


Комментариев нет:

Отправить комментарий