среда, 1 февраля 2017 г.

ҲАММАГА МЕҲР КЕРАК

Кечки пайт қишлоқда иш қизигандан қизийди. Кундузи  рўзғорнинг икир-чикирлари билан куйинган уйдагиларнинг  кун ботишига яқин қолганида унутилаёзган юмушлари эсга тушади. Одатдагидек Шарофат ая болаларига дакки берди:
– Олапарга овқат солганмисизлар? Бечора ит кун совуқлигидан  жағи такиллаб тургандир? Ўзинглар иссиқ чой ичамасанг қандай аҳволга тушасан изғирин пайти...Аёл жаврай-жаврай итқозондаги иссиқ аталани каттагина идишга қуйиб, Олапарнинг инига қараб кетди.

– Ҳар куни онангни жавратгунича  дарров итга овқатини берсаларинг бўлади-ку? - дейди болаларига Жамол ака. – Кечки пайт мол-ҳолга, жониворларга емиш бериш керак-да.Уларнинг тили бўлмаса айтишга, тирик  жонлар-ку улар ҳам, ейди-ичади. Айтганча, товуқхонанинг эшигини бекитдингларми, дон-дун сочдиларингми... Ҳа боласи тушмагурлар-ей, айтавериб жағинг синиб кетади-я...
Шу куни кечаси роса совуқ бўлди. Майдалаб ёғаётган совуқ ёмғир ярим тунга бориб шаррослаб қуя бошлади. Ҳамма ширин уйқуда ётган маҳали Шарофат холанинг ташвишли овозидан  катталар уйғониб кетди.
– Салим, даданг молхонага кириб кетганича келмаяпти, борай десам оёқ ўлгур яхши ишламайди, бор-чи, нима гап экан. Сариқ сигирнинг бола қиладиган куни яқин эди...
– Шу сигирингиз ҳам келиб-келиб шунақа совуқ кунда болалайдими, эй...- ижирғаниб устига чопонини илди Салим.
Орадан  бирор соат ўтиб, ота-бола кулишиб кириб келишди. Салимнинг қўлида чиройли бузоқча, кўзлари  қоп-қора, рангини айтмайсизми, худди атайлаб қилингандек ярми оқ, ярми қора.
– Вой жонивора, эсон-омон қутилиб олибди-я, - Шарофат хола дарров бузоқчага жой ҳозирлади. - Бугунча бизнинг ёнимизда шу иссиқ хонада туратурсин. Совқотиб қолибди-я, жонивор.
Шу оқшом оиладигилар анча бесарнжом бўлишгани билан тонг отгач ҳамманинг кайфияти кўтарилди. Болакайлар оёғида зўрға ирғалиб турган чиройли бузоқчани кўриб роса кулишди. Рашид уни даст кўтариб молхонага олиб кетаркан, болакайлар орқасидан югуришди. Онасини кўриши билан бузоқча худди ёш боладай ўйноқилаб югурса бўладими? Уни кўрган катта-ю кичикнинг   завқи келди. Бузоқчанинг туғилиши хонадонга байрамона  руҳ олиб киргандек бўлди. Айниқса, молдан ташвиш тортиб турадиган  Шарофат холанинг қувончи чексиз эди. У дамо-дам молдан хабар олар, “жонивордир, одамдир болани дунёга келтириш осонмас-да” деб қўяди.
Бу воқеани нега айтаётибман? Биз ёшлар бугун она табиатни асраб-авайлаш, уни авлодларга  гўзаллигини сақлаган ҳолда етказиш ҳақида кўп эшитамиз. Экологик маданият, атроф-муҳитнинг мусаффолиги ҳақида атрофлича билим ва кўникмаларга эгамиз. Шундай экан, нафақат ўз саломатлигимиз балки ҳайвонлар, ўсимликлар қўйингки, она табиат ҳақида қайғуришимиз лозим. Мабодо ҳовлимизда жониворлар бор экан, унга яхши муносабатда бўлайлик. Уларнинг уволига қолиш катта гуноҳ саналади. Масалан, айрим кишилар мушугининг йилда болалаганидан шикоят қилади ва  мушукчаларни кўзи очилмасдан овлоқларга ташлаб келишади. Шу ҳам инсофданми? Қишлоқ жойидаги итларга кўпинча қотган нон билан сув бериб қўйишади. Ахир улар ҳам тирик жон, иссиқроқ нарса ейиши керак-ку.
Бир воқеани ҳали ҳануз ачиниб эслайман. Содиқ исмли катта итимиз бўларди. Ҳайбатидан одам чўчигани билан жуда меҳрибон, одамга зарар етказмасди. Шу ит бир куни  қўшни хонадондаги челакда турган икки литр сутни ичиб қўйибди. Бундан жаҳли чиққан уй эгаси уйда турган ов милтиғи билан итнинг кетидан тушиб отиб ташлабди! Қаранг,  арзимаган сутни деб! Ахир у ит, одам эмас-ку, айбини тушунтирсанг. Шу жазони бермасдан эгасига айтилса бўлмасмиди? Бу ваҳшийликнинг бир кўринишидан ташқари одамгарчиликнинг, инсофнинг йўқлиги эмасми? Биздаги инсонийлик мана шунақа арзимас бўлиб кўринган юмушлардаям сезилиб қолади.
Она ер, она замин бизни кафтида кўтариб туради. Бағридаги барча нозу неъматларини сахийлик билан қўшқўллаб тутқазади. Мана шу неъматларга шукрона келтирганимиз ҳолда инсонларнинг чин дўстлари – ҳайвонот оламидаги тилсиз жониворларни ҳам унутмаслигимиз керак.
Шахло АБДУСАИДОВА


Комментариев нет:

Отправить комментарий