среда, 1 февраля 2017 г.

“САНЪАТИМНИ БУС-БУТУНЛИГИЧА СЕВАМАН” - дейди Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актирисаси Раъно Юнусова

Ўзбекистон Миллий театри саҳнасида роль ижро этишни Раъно Юнусова узоқ йиллардан бери орзуларди. Шу йилги  “Сени куйлаймиз, замондош” Ўзбекистон театрларининг II республика танловида унинг мана шу орзуси амалга ошди. Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири-одам савдосига бағишланган “Аёл қадри” деб номланган спектаклни томошабинлар катта қизиқиш билан томоша қилишди. Ушбу асардаги етакчи қаҳрамонлардан бири Хуршида образини  маромига етказиб ижро этган  Р. Юнусова “Аёл ролининг энг яхши ижрочиси учун” номинациясига лойиқ деб топилди. Ҳайъат раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи , профессор Ҳамидулла Икромов қўлидан ушбу мукофони оларкан, актрисанинг қалби қувончга тўлди. Санъаткор учун ижрочиликнинг тан олиниши, томошабинлар ҳурматига сазовор бўлиш улуғ саодат эмаси?

Раъно асли сирдарёлик, Сайхунобод туманида туғилиб  камолга етган. Ҳали жажжи қизалоқлигиданоқ ажойиб рақсга тушар, оила даврасидаги қандай тадбир бўлмасин  уни даврага  чорлашарди. Айниқса, Мунаввархон ая қизидаги бу истеъдод ва иқтидорни кўриб чин кўнгилдан яйрарди.
– Даданг раҳматли шу ўйинларингни кўрса бормиди, албатта Мукаррамахонимга олиб бориб тутқазарди,-дерди бошини чайқаб. – Майли, қизим яйраб рақсга тушадиган замонда яшаяпсан, агар ростдан шу йўлни танласанг ўзим сени қўллайман.
– Албатта раққоса бўламан, онажон!- деганди ёшгина қизалоқ турли мақомда эшилиб.
Раънодаги туғма истеъдодни вақтида англаган онаси уни Тошкент давлат Мумтоз рақс ва хореография олий мактабига ўқишга кузатди. Бу ерда у рақс санъатининг кучли намоёндалари қўлида сабоқ олди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Меҳнат шуҳрати ордени соҳибаси Насиба Мадраҳимованинг йўл-йўриқлари билан Раъно рақс оламини  бошқача нигоҳ билан кўришни ўрганди. Ёш раққосанинг ижросидаги бетакрор рақслар тезда мухлислар эътиборини қозонди.
– Рақсга тушиш-жону дилим бўлса, роллар ижро этиш, ашула айтиш шу истагимдан кам эмас эди,- дейди Раъно биз билан мулоқотда. – Саҳнада турли образларни яратишни,  қўшиқ куйлаб рақсга тушишни орзулардим. Шу истаклар мени Ўзбекистон давлат санъат ва маданият  институтига (ҳозирги Санъат олийгоҳи) етаклади. Бу даргоҳда менга ўзбек санъатининг кўзга кўринган вакиллари сабоқ беришди. Ижрочилик маҳоратини, саҳнага муҳаббат ва садоқатни улардан ўргандим. Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Баҳодир Назаров, Валижон Умаровлардан бу борада жуда кўп билим ва тажриба орттирганимни таъкидлагим келади.
Раъно Юнусова олийгоҳни тамомлагач, ўзи туғилиб ўсган  Сирдарё вилояти театрида ишлашни танлади. Вилоят мусиқали драма театрининг аҳил ва иноқ жамоаси ёш санъаткорни илиқ қарши олишди. Ўзи тенги ёшлар, устоз ҳамкасблари унга самимий кўмак беришди. Дастлабки йиллари у раққоса сифатида элга танилган бўлса, кейинчалик турли саҳна асарларидаги образлар орқали  назарга туша бошлади. Жумладан, театр жамоаси саҳналаштирган “Маъмура кампир”да биби Марям, “Таррослий ёвуз”да Гулой, “Аёллар машмашаси”да Кеккина, “Қайрағоч соясидаги эҳтирос”да Абби, “Ёр истаб”да Наталья Степановна. “Хотинлар гапидан чиққан ҳангома”да Малика, ”Ибтидо”да Катта фаришта каби эсда қоларли образларни маромига етказиб  талқин этди. У яратган турли аёл образлари ички кечинмага бойлиги билан ажралиб туради. Раъно яратаётган ҳар бир ролига чин юракдан берилиб ёндошади. Шу боис ҳам  “Аёл қадри”даги салбий образ, ҳаётда ўз йўлидан адашган Хуршида роли унинг талқинида ниҳоятда ҳаётий чиққан ҳамда республика миқёсидги танлов соҳибаси деб эътироф этилди.
– Санъат менинг ҳаётим, умрим мазмуни. Унинг ҳамма жиҳатларини, айтайлик,ўзига яраша қийинчиликларини,  ташвишларини ва саҳнадаги ижродан кейинги ширин дамларини бус-бутунлигича севаман. Агар онажоним  истакларимга қулоқ тутмаганларида ва орзуларим учун кенг йўл очиб бермаганларида албатта бу ёруғ кунлар менга армон бўлиб қолармиди. Минг шукрки, кўнглимдаги соҳада юракдан яйраб меҳнат қилаяпман,  бир ўзбекнинг бахтли онасига насиб этган саодатманд оила бекасиман. Ўғлим Сухроббек Ҳамдамов дадаси иккимизнинг йўлимиздан кетди. Айни пайтда у Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги  ашула ва рақс ансамблининг умидли хонандаларидан. Раҳматли турмуш ўртоғим Рустамбек Ҳамдамов томонидан айтилмай қолган  қўшиқлар ўғлим томонидан  янграётгани  дилимни мунаввар этади.
Раъно Юнусова талқинидаги барча миллат рақслари, “Муножот”, “Тановар”, “Нозанин” каби миллий  ўйинлари жозибадорлиги билан эътиборингизни тортса, турли  тақдирларни қамраб оладиган ранго ранг саҳнадаги образлари сизни ҳайратга солади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, устози Раҳим Ҳасанов эса ундаги овоз пардасининг сеҳрини, кучини сезиб, спектаклдаги турли ашулали образларга жалб этиб янглишмаган экан. Раъно ижросидаги классик мумтоз қўшиқларни тинглаб бунга амин бўласиз. Айниқса, театрда саҳналаштирилган “Нодирабегим” спектаклидаги Нодиранинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Бу  раққоса ва актриса ҳамда хонанда Раъно Юнусованинг санъат йўлидаги тинимсиз меҳнати самарасидир.
Шаҳар кўчаси бўйлаб қадди қомати келишган, қадамлари ўктам ва мағрур аёл кетмоқда. Унинг нигоҳларида бугунги замондош аёлнинг дадиллигини, матонатини, меҳру муҳаббатини англаш қийинмас. У яратилажак янги образининг хаёлоти билан банд. Зеро, унинг танлаган касби одамларга эзгулик уруғини тарқатишга, кимнингдир талқинида  ўзининг тўғри йўлини топиб олишига кўмаклашишга қаратилгани билан ажралиб туради. Чинакам санъаткор эса саҳнада яшайди ва ҳаёт саҳнасида бахти-саодатини топишга интилади.

Шаҳло АБДУСАИДОВА


Комментариев нет:

Отправить комментарий