среда, 1 февраля 2017 г.

ТИЛ  ВА ЛИСОНИЙ ФАОЛИЯТ

Тил тафаккур шакли бўлиб, инсон ҳаётида беқиёс ўринга эга эканлиги барчага маълум. Тил инсонларга оламни англашда, у ҳақида тасаввурга эга бўлишда, уни ўрганишда ва албатта, кундалик ҳаётда ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида  фойдаланилади. Тил бор экан, инсонлар ўзларига керак бўлган ахборотни олади, тўплайди, хотирада сақлайди ҳамда узатади. Ҳар қандай ахборот тил ёрдамида ушбу босқичларни босиб ўтади, бу эса фанда когниция ҳодисаси номини олган. Когниция ахборотнинг берилган давридан бошлаб уни қайта репрезентация бўлгунига қадар бўлган барча босқичларни ўз ичига оларкан, шубҳасиз у бунда тилга мурожаат қилади. Инсон оламни англашда ўзининг лисоний имкониятлари чегарасидан чиқа олмайди. Чунки инсон ахборотни қабул қилишга қай даражада тайёрлигига кўра унинг салоҳияти ошади. Бу эса киши лисоний фаолияти даражасини белгилаб беради.  Шу ўринда, инсонлар  қачондан бошлаб лисоний фаолиятга қодир бўла олиши ҳақида фикр юритсак.


Ёш болалар тилни ўзлаштириш жараёни давомида кўплаб қийинчиликларни бартараф этишига тўғри келади. Нега бола ўзига мутлақо нотаниш бўлган тилни ҳеч қандай ўқитувчиларсиз ёки махсус қўлланмаларсиз эгаллашга муваффақ бўлади? Наҳотки бунинг учун ўрганилаётган тилни узоқ давр мобайнида эшитишнинг ўзи кифоя қилади?  Катталар эса маълум бир тилни эгаллаш учун ҳеч бўлмаганда у тилнинг грамматик шаклини ва шу тилга хос бўлган айрим сўзларни билишлари шарт. Машҳур психолингвистлардан бўлган Татьяна Черниговскаянинг фикрича, боланинг онги шу даражада мукаммал бўладики, унинг ўзи тилни эгаллашда қулай бўлган йўлни танлай олади ва бунда болага унинг тилни ўрганишга бўлган генетик имкониятлари ёрдам беради.1
Бола ўз тилини ўзлаштиришда биринчи навбатда эшитиш кўникмасига мурожаат қилади. Унда эшитган нарсаларини анализ қилиш ва уларни маълум бир тизимга солиш қобилияти шаклланади. Бу жараёнларнинг барчаси фақатгина эшитиш орқалигина амалга оширилади. Бола ўзига керакли ахборотни тўплаб олгандан сўнг, эҳтиёжига кўра гапиришга ҳаракат қилади. Аммо барча болаларда ҳам лисоний фаолият бирдай кечмайди. Айрим болалар фақатгина сўзларни ўзидан фойдаланиб қисқа гапларни тузсалар (референциал), яна бошқалари гапларни шаклий жиҳатдан тўғри тузмасада нисбатан узун гаплар тузишади (экспрессив).[1] Масалан, “Дадам ишга кетди” гапини  биринчи турдаги болалар “дада иш кетди” шаклида берсалар, иккинчилари “кетди дада иш” шаклида беришлари мумкин. Икки ҳолатда ҳам болалар тилни ўзларига мос ва хос равишда тизимлаштирадилар ҳамда ушбу тизимни вақт ўтиши билан мунтазам равишда бойитиб, мукаммаллаштириб борадилар.
 Кўринадики, болаларда тил ўзига хос тизимга эга экан, аммо катталарнинг лисоний фаолияти ўз имкониятлари чегарасига таянади. Ҳар бир шахснинг лисоний фаолияти унинг қизиқишлари, имкониятлари, хоҳиши билан биргаликда уни атрофини ўраб турган муҳитга ҳам боғлиқдир.  Чунки боланинг лисоний нутқи шу муҳитга қараб бойиб, у бевосита жамият ҳаёти билан аралашиб боради. Атрофида шахс бўлмаган муҳитда улғайган бола товушга, ҳолатга тақлид қилишга мослашади. Катталарнинг ёрдами билан эшитган сўзларини эса тафаккурида идрок қилиб, ўзлаштиради. Шу ўринда айрим болаларнинг лисоний фаолияти бошқаларига қараганда кеч бошланишини эслатмоқчиман. Бунга асосий сабаб ота-онанинг фарзанди билан етарлича мулоқотда бўлмаганидир. Демак, лисоний фаолиятга нафақат боланинг имкониятлари балки унинг атрофини ўраб турган шахслар ҳам таъсир кўрсатишар экан. Яъни фарзанд билан кўп мулоқотда бўлиш, унинг саволларига тўла жавоб бериш натижасида катталар болага тил эгасининг ёрқин намунаси бўлиб, уни ҳам шу тилдан фойдаланишга қодир бўлишини таъминлаб берадилар.
Тилдан фойдаланишга қодир бўлиш эса ўз навбатида, олам ҳақидаги бошқа билимларни олишга ҳам кенг имкониятлар яратиши шубҳасиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА




1 Т. Черниговская, Способность к языку,  Ночь. Интеллект. Черниговская., 2009 г

[1] Мария Воейкова, Способность к языку,  Ночь. Интеллект. Черниговская., 2009 г

Комментариев нет:

Отправить комментарий