среда, 1 февраля 2017 г.

ШАҲРАМНИНГ ШАХДАМ ОДИМЛАРИ


Шаҳрам Ғиёсов 1993 йил 7 июлда Бухоро шаҳрида туғилган. У бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони, Жаҳон кубоги ғолибиХалқаро тоифадаги спорт устасидир. Шунингдек, шу йилнинг август ойида Бразиланинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари  совриндори ҳамдаЎзбекистон ифтихорифахрий унвони соҳиби бўлган.

Шаҳрам, сизни XXXI ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритганингиз билан чин дилдан муборакбод этамиз! Келинг, суҳбатимизни дастлаб 22 кун давомида Ватанимиздан олисда бўлиб қайтганингиздан сўнг аэропортдаги ҳиссиётларингиздан бошласак.


Ростини айтсам, Олимпиадада ғолиб бўлиб кумуш медал олганлигимни жонажон она диёримизга қайтганда янада кучлироқ ҳис қилдим. МураббийларимизОлимпиада Жаҳон чемпионати эмас. Бу спортчиларнинг ўзгача давом этаётган анъанаси бўлиб, уни бутун дунё, халқимиз, қолаверса, Юртбошимиз кўрадидеб таъкидлашгандиШу гапларни эшитиб, Худо хоҳласа мен ҳам Олимпиадада иштирок этсам, Ўзбекистон байроғини баланд кўтараман, деб ният қилгандим. Аэропортда ота-онамни, юртдошларимизнинг хурсандчиликларини кўриб билдирилган ишончни оқлаганимдан бошим осмонга етди. Шу фурсатдан фойдаланиб, бизни дуо қилиб турган барча мухлисларимизга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.
Жаҳон миқёсидаги нуфузли мазкур спорт ўйинларига ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан тайёргарлигингиз қай даражада эди?
Жисмоний тайёргарлигимиз жуда ҳам зўр эди деб бемалол айта оламан. Олимпиадага асосий тайёргарликни узлуксиз 3 ой давомида Ангрен тоғ бағрида олиб бордик. Ҳар бир машғулотлар бизни юксак чўққиларни забт этишга ва ўз кучимизга бўлган иштиёқни тобора кучайтиришга қаратилганди. Биз эзгу мақсадимизни рўёбга чиқариш учун рингга чиққанда ҳам мураббийлар ўгитига қулоқ солишни унутмадик. Жаҳонда медаллар шодаси бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоамиз аъзолари билан биринчи поғонани банд қилишимизнинг ўзи самарали олиб борилган машғулотлар натижасида, деб биламан.
– Тақдирлаш маросими пайти шоҳсупада турган ҳолатингиздаги кечинмаларни билгимиз келади.
– Хаёлимни фақат кейинги Олимпиада ҳақидаги ўй эгаллади. Худо хоҳласа бу гал амалга ошмаган орзуимга келаси сафар етишишга ва Ўзбекистон мадҳиясини баралла янграшига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишни ният қилдим.
– Олимпиадада рингга чиққан рақибларингизнинг жанг усубларидан хабарингиз бормиди?
– Албатта, ҳар бир спортчининг рингда қўллайдиган ўз услуби бўлади. Мусобақа бошланиши биланоқ, устозларим билан бирга уларнинг жанг қилишини диққат билан кузатдик. Услубга қарши олдиндан ўйлаб чиқилган услуб бўйича рингда қўллашга ҳаракат қилдим. Ўз навбатида секундамерларнинг берилаётган кўрсатмаларига ҳам амал қилиб, финал баҳсларига етиб келдим.
– Зангори экран орқали жонли эфирларда ҳар бир спортчимизнинг чиқишларини неча минг километр узоқда бўлсак ҳам кучли ҳаяжон билан томоша қилдик. Айтинг-чи, ўша жараённинг ўзида иштирок этиб, юртдошларимизни қўллаб-қувватлашининг гашти қанақа?   
– Бир вақтинг ўзида тарихий воқеага гувоҳ бўлиш баробарида юртдошингизни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туриш елкангизга катта масъулият юклайди. Биз бир-биримиз билан ака-укадек бўлиб кетганлигимиз сабабли, зафар сари одимлаганда қувонасиз, мағлубиятга юзланса бирга куйинасиз. Айниқса, ҳакамлар томонидан ғолиб номи эълон қилинаётган пайтда кучли ҳаяжон босади. Энг муҳими ўрин олганимизда, юртимиз байроғи кўтарилганда хурсандчилигимизнинг чеки бўлмайди. Ҳаммамизни шу гўшага бўлган муҳаббат, халқимизнинг бизга билдирган ишончи орамиздаги риштани янада мустаҳкамлади. Рингда жанг олиб бораётган боксчимизни “Ўзбекистон” дея ҳайқириқларимиз билан унга ғалаба сари одимлашини кучайтиришга ёрдам берди.
– Бундай натижаларга сазовор бўлиш замирида кучли меҳнат, шижоат, ғайрат ва албатта устозларнинг ўгитлари ётади. Шаҳрам, сизни шу даражага етишишингизда кимларнинг ҳиссаси катта?
– Спорт оламига кириб келишимга амаким Амрулло Гиясов сабабчи бўлган. Амаким мени Бухоро шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига олиб келганлар ва биринчи устозим Олим Муҳаммедов раҳбарлигида шуғуллана бошлаганман. 3 йилдан буён мураббийим Равшан Ҳоджаев билан бирга  машғулотлар ўтамоқдаман. Шунингдек, мана шундай ютуқларга эришишимда албатта, ота-онамнинг ўрни ва роли беқиёс деб биламан. Уларнинг ўгитларига доимо қулоқ солиб келаман.
– Ҳақиқий спортчи кучли ирода ва матонатда тобланган бўлади. Мусобақаларда иштирокингиз давомида кимлардан руҳий қувват оласиз?
– Ростини айтсам, ҳеч кимдан руҳий қувват олмайман. Машғулотлар давомидаги кучли тайёргарликларимга таянган ҳолда, рингга чиққанда рақибимни ютишга ҳаракат қиламан.
– Кун тартибингизни қандай тақсимлайсиз?
– Кун тартибимни тақсимламайман. Кўпроқ вақтимни машғулотлар бажаришга ажратаман. Чунки юқори натижаларни қўлга киритиш учун доимий тарздаги машғулотларнинг аҳамияти катта. 
– Соғлом турмуш тарафдоримисиз?
– Соғлом турмуш тарафдориман. Алкогол ва тамаки маҳсулотларни истеъмол қилишга қаршиман.  Бундан ташқари футбол ва баскетболни ҳаваскор сифатида ўйнаб тураман.
– Ғалаба қурбонсиз, азият ва машаққатларсиз бўлмайди. Тайёргарлик жараёнларида жароҳат олишлар бўлгандир. Шундай ҳолатларни айтиб ўтсангиз? 
– Албатта ғалаба қурбонликсиз бўлмайди. Баъзан бир нарсага эришиш учун кўп нарсалардан воз кечиш керак бўлади. Хитойнинг Сиан Ан шаҳрида бокс бўйича Рио–2016 Олимпиада ўйинлари йўлланмалари учун Осиё ва Океания минтақаларининг қўшма лицензион турниридан олдин оёғим қайрилиб кетди ва 3 кун давомида машғулотлардан четлашдим. Шифокорларимизнинг муолажаси натижасида ҳаммаси изига тушиб кетди.
– “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан мукофотланганлингиз ҳақидаги хушхабарни биринчи бўлиб ким билан баҳам кўрдингиз?
– Болалигимдан “Ўзбекистан ифтихори” бўлишни орзу қилганман. Биринчи Президентимиз Фармонларига биноан Мустақиллигимизнинг 25 йиллик шодиёнаси арафасида мана шу орзуимга етишганимдан бениҳоя хурсандман. Албатта бу янгиликни қадрли ота-онам ва амакимга биринчи бўлиб етказдим. 
– Кўп сонли мухлисларингизга қандай тилаклар билдирасиз?
– Мухлисларимга катта раҳмат дейман. Илоҳим доимо соғ-саломат бўлсинлар! Худо хоҳласа, кейинги мусобокаларда ҳам уларни хурсанд килиш насиб қилсин.
– Шаҳрам, Сиз бизнинг фахримизсиз. Барча ёшларга сизнинг йўлингизни тилаган ҳолда ҳамиша шахдам ва зафарли одимларингиз давом этаверсин, деб қоламиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий