среда, 1 февраля 2017 г.

ШИРИН СЎЗ – ЖОН ОЗИҒИ

Орамизда шундай касб эгалари борки уларнинг ҳузурида бўлганингда нафақат муаммонгни ҳал этиб, аксинча яшашга янгича иштиёқ ҳам  кўтаринки кайфиятда қайтасан. Гулистон шаҳрида жойлашган  мўъжазгина “Анора стомасервис” хусусий фирмасида бўлган киши бунга ишонч ҳосил қилади. Ўз ишининг устаси, жонкуяр ҳам ширинсўз шифокор Анора   Саидбекова беморларнинг ҳурмат-эътиборини қозонган.
– Ҳузуримга келган ҳар қандай инсон  ёшми, кексами қатъий назар нажот излаб келганини юракдан ҳис қиламан,-дейди у. Аввало беморга руҳий кайфият зарурлигини яхши  биламан. Шунинг учун оқ халатли шифокордан, айниқча тиш докторидан сал ҳайиқиброқ турган  беморга далда беришдан ишимни бошлайман.Керак бўлса ўзим севган куй-қўшиқларни хиргойи қиламан. Сабаби  қаршимдаги  жони оғриётган инсонга далда,  енгиллик бўлсин, чалғисин, дейман-да...

 Ҳа, Анора Саидбековани  билганлар ҳазил-ҳузулга мойиллигини, кўнгилни топиб гапиришини, ниҳоятда одобли, камтарин ва соддалигини таъкидлашади. Шу сабаб ҳам унинг иш куни  белгиланган беморлар рўйхати асосида кечади. Бу тартиб-интизом ҳам шифокорнинг ўз ишига масъулият билан ёндошишидан далолатдир. Баъзан шундай шифокорлар бўладики ҳузурига кириш учяун соатлаб       навбат кутишингга тўғри келади. Умид билан кириб дардингга бирор жўяли  гап, наф ололмаганингдан ўкинасан. Анора эса ҳар бир соатдан унумли фойдаланишга интилади, беморларни асло куттирмайди, айтилган вақтда уни қабул қилади, ёрдам беради.
 Одамлар саломатлигини асраб-авайлашга астойдил киришганига ҳам ана-мана деб  йигитрма йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Дастлаб устозлар кўмагида меҳнат фаолиятини бошлаган Анора кейинчалик хусусий фирма очиб иш юритаётганининг ўзи унинг касбига нисбатан изланувчанлигидан далолатдир.
– Яхшиларга суяниб яшаш кишига куч-қувват бағишлайди,- дейди Анора Саидбекова. – Мен билан узоқ  йиллардан бери ишлаб келаётган ҳамшира қиз Азиза Умматова билан туғишгандек бўлиб кетганмиз. Қолверса деҳқон фарзандиман. Отамнинг ерларида деҳқончилик қилишни ҳам севаман. Гулистон туманида фермер хўжалигимиз бор, давлатга пахта топширамиз, ғалла етказиб берамиз. Муҳими, катта оилада камолга етганим меҳнатсеварликка ундаган бўлса ажабмас. Онажонимнинг умрилари зиёда бўлсин, дастурхон бошидаги дуолари ҳамиша бизга мадад бериб туради. Ҳамма фарзандлари ўзидан тинчиган, касб-корли, неваралари ҳам бугун эл хизматида. Онажонимга ўхшаган кексалар бизнинг баракамиз, файзимиз, суянган тоғларимиздир.
Бу йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилингани кўпчилик қатори шифокор Анора Саидбековага ҳам  ўзгача илҳом ва кўтаринкилик бағишлади. У болажонларнинг саломатлигини асраб авайлаш, онажонларнинг соғлигига боғлиқлигини яхши билади. Тиш-гўзалликдир, улар соғлом бўлса инсон узоқ йил умр кўради, дардга чалинмайди. Мана шу гўзлалликни ардоқлашда шифокор асло тиним билмайди, соҳага оид янгиликлар билан танишади, замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланишга интилади.

      Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий