среда, 1 февраля 2017 г.

ОЗОД ЮРТНИНГ ОЗОДБЕГИ

Қисқача шарҳ: Озодбек Ўрмоналиев 2006 йил 31 июлда Сайхунобод туманида таваллуд топган. Айни пайтда тумандаги 17-умумтаълим  мактабининг 4-синфида таҳсил олади. Эндигина ўн ёшни қаршилаган Озодбек спортнинг шашка тури бўйича Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори ва  бир неча  карра Республика чемпиони.
Устозлари – Алишер Ортиқов Халқаро гроссмейстр,” Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози”, “Шуҳрат” медали соҳиби ва Халқаро тоифадаги ҳакам, Дилафрўз Ортиқова эса шашка бўйича уч карра Ўзбекистон ва Осиё чемпиони.


Озодбек ҳали беш ёшга тўлмасиданоқ бобоси уни спорт оламига етаклади. Ўзи Алижон ака эллик йилга яқин турли давлат идораларида ишлаган, ўз касбига садоқат билан яшаган инженер бўлсаям шашка, шахмат, қўл тўпи умуман спортнинг ҳамма турига қизиқарди. Бир маҳал ёшлигида қўл тўпи жангларида фахрли ўринларни  олиб, қанчалар завқланарди. Афсуски у маҳаллар ёшларга умуман эътибор берилмасди. Мана ҳозир эса бешикдаги болагаям иложи бўлса нимадир ўргатиб, ғамхўрлик қилинадиган кунларда яшаяпмиз. Ўн олти нафар наибрасининг орасида мана шуниси сал бошқачароқ чиқиб қолди,  кўзлари ёниб туради-да унинг.
Бобо беш яшар Озодбекнинг қўлларидан тутиб, мактаб қошида ташкил этилган шашкачилар тўгарагига олиб борди. Ўзбекистон ва Осиё  чемпиони, спорт устаси Дилафрўз Ортиқова уларни илиқ кутиб олди. Шу кундан эътиборан Озодбек учун шашка аталмиш ўзга бир олам сирларини оча бошлади. Боладаги  истеъдод ва қобилиятни пайқаган Дилафрўз унга алоҳида аҳамият берди. Озодбек етти ёшга тўлиб мактабга келганида  бемалол ўқиш-ёзишни билар, спорт мусобақаларида анчагина танилиб қолганди.
Пахтакор СФУ нинг Бахмалсой маҳалласида истиқомат қилувчи Турдиалиевлар хонадонини ҳамма яхши билади.  Алижон акани зиёли, маҳалла жонкуяри, қўни-қўшниларга ғамхўр инсон сифатида билишса, Жамила аяни меҳнаткаш, уйим-жойим, болаларим дейдиган жафокаш она сифатида, яқин маслаҳатгўй сифатида ҳурмат қилишади. Мана шундай бобо ва бувижонлар ардоғида тарбия кўрган Озодбек ҳаммадан зукко ва ҳаммадан кўра теранроқ ақл заковти тўла  ҳолда камолга етаяпти.
– Озодбек чинакамига озод элнинг озод ва танти боласи,-дейди фахрланиб Алижон бобоси. – Қаранг, болаларимиз учун, ёшларимиз учун қанчалар кенг имкониятлар эшиги очиқ турибди. Юртбошимизга минг раҳмат, омон бўлсинлар. Фарзандларимизнинг спортга бўлган қизиқишини қаранг! Ким ўйлабдики чекка қишлоқдаги ўн яшар набирам мен кўрмаган жойларни кўради деб. Яна шунчаки  сайёҳ сифатидамас, Ўзбекистон номидан байроғимизни баланд кўтариб кўнгиллар фахру ифтихорга тўлиб иззат-ҳурмат билан борди! Бу бахт ҳаммагаям насиб этавермайди! Ёшимиз олтмишдан ошиб бундай эҳтиромни  кўрмадик-ку. Набираларим тенги  барча болажонларимга такрор-такрор насиҳат қиламанки, интилинг, катта-катта ниятлар қилинг. Негаки яхши ният-ярим давлат дейдилар. Насиб қилса ҳамма эзгу тилаклар албатта ижобат бўлиб, биз орзулаган инсон сифатида камол топасизлар...
Озодбек  Ўрмоналиев  шашка санъатини ўргатган биринчи устози Диларўз Ортиқовани ниҳоятда яхши кўради. Устози ҳам тинмай у билан соатлаб ишлайди, билмаганларини ўргатиб боради. Ана шу ҳаракатлар сабаб Озодбек 2013 йили Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритиб, чемпион номига сазовар бўлди. 2014 йилда Болгарияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эса иккинчи ўринни эгаллади. Яқиндагина Монголия давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида эса фахрли биринчи ўринни эгаллади. У жуда ёш бўлишига қарамасдан 7 карра Осиё чемпионидир. Озодбекнинг медаллари шунчалар кўпки агар ҳаммасини бўйнига таққудек бўлса боши эгилиб қолади. Уларнинг ҳар бири ёш спортчи учун қадрли, ҳар бирини жуда катта ақлий меҳнати билан қўлга киритганини эсдан чиқармайди.
– Монголияда бўлиб ўтган чемпионатда  вилоятимиз шашкачилари алоҳида нуфузга эга эканини кўрсатишди, - дейди Халқаро тоифадаги ҳакам Алишер Ортиқов. – Етти нафар шашкачи ўғил-қизларимиз катта ғалаба билан қайтишди. Лазиз Нуралиев 8 ёшли чемпион, Озодбек Ўрмоналиев, Шаҳло Турсунмуродова, Васфия Бердиқулова, Бобир Донобоев бу мусобақанинг ғолиблари бўлишди. Ушбу чемпионатда  болаларга  ҳам маънавий ҳам моддий кўмак берган кишиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Айниқса, Озодбекнинг чемпионатга  боришида  “Бек” МСЖ раҳбариУлуғбек Сотволдиевнинг беминнат ҳомийлик ёрдами айтишга арзигуликдир.  Биз фарзандларимизнинг эртанги кунига ишонган, ҳамиша вақтида қўллаб турадиган бу каби юртдошларимиз билан фахрланамиз.
Озодбекнинг дадаси Шуҳратжон Турдиалиев, ветеринар. Онаси Нилуфар опа тиббиёт ҳамшираси. Оилада камолга етган икки ўғил ва икки қизнинг кенжатойи Озодбек бўлгани учунми, ҳамма унинг кўнглига қарайди. Унинг моҳир шашкачи бўлишида ака-опаларининг муносиб улуши  бор, улар тинимсиз дона суришади.  Унинг биринчи  “жанг майдони” ана шу меҳрибонлари даврасида кечган.
Биз ҳам кўпчилик мухлислар номидан Озодбекни спорт соҳасидаги муваффақиятлари билан қутлаб, келгусида ватанимиз шарафини янада юксакларга кўтаришига ишонамиз. Омад ва бахт доимо ҳамроҳ бўлсин, Озодбек!
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий