пятница, 24 февраля 2017 г.

ОДОБИМИЗ – ҲУСНИМИЗДИР


Тобора гўзаллашиб бораётган шаҳримиз жамолини кўриб баҳри дилинг яйрайди. Аммо шу гўзалликни ўзининг ғайри ихтиёрий ҳатти-ҳаракатлари билан бузаётган инсонлар борлиги киши ўйлантиради. Бошланғич синфда таҳсил олаётган кезларимда ўқитувчимиз кўчада юриш одоби ҳақида бир-биридан ажойиб ривоят ва ҳикояларни сўзлаб берганди. Дарс якунида “Сиз ҳам шунга амал қиласизми?” дея мурожаат қилиб ҳаммамизни фикрлашга чорлаганди. Ўшанда йўлда юрган пайтда таом ейиш ёки писта чақиш, сақич чайнаш, жамоат жойга туфлаш ва бурун қоқиш одобсизлик эканлигини билиб олгандим. Мана, орадан 20 йил ўтибдики, олган сабоқларимимга амал қилишни унутганим йўқ.


Инсоннинг зийнати унинг одоби биландир. Тарбиянинг асл ўчоғи оиладан бошланади. Катталарнинг юриш-туриши, муомила маданияти ҳар жиҳадан камолга еткаётган фарзандга ибрат бўлмоғи лозим. Баркамол шахсни шаклланишида ота-боболаримизнинг бизга қолдирган кенг маънавий меросидан фойдаланиш ўринлидир. Биргина халқ оғзаки ижоди намунаси сирасига кирувчи мақоллар орқали қанчадан қанча пурҳикмат маъноларни ўзлаштириш мумкин. Шунингдек, маданиятни белгилари ривожланишида кутубхоналар, музейлар, театрлар, маданият ва истироҳат боғлари, оммавий ахборот воситаларининг ҳам роли катта. 
Пиёдалар йўлагида кетиб бораётган ўспирин йигитларнинг “ким узоққа туфуриш”  ўйинини кузатиб, ҳайрон қолдим. Ахир шу йўлни босиб ҳамшаҳарлари қолаверса, ўзлари ҳам ўтиб бораётганини наҳотки сезмаётган бўлишса? Бундай хунук ишдан кейин кишини таби хира бўлиши турган гап.
Баҳор Холбекова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:
– Одамларнинг ўтишига халақит бериб йўл устида суҳбатлашиш, бақириб чақириш ёки шарақлаб кулиш хунук ишлардандир. Яшириб нима қилдик, кўчада юриш одобига ҳаммамиз ҳам риоя қила олаётганимиз йўқ. Айниқса, транспорт воситасига чиққанимизда то манзилга етгунга қадар қўл телефонларида тинмай, узоқ гаплашаётган кишиларга ҳамроҳ бўлиб қоламиз. Беҳуда, ҳеч бир тайини йўқ сўзларни баланд овозда сўзлаб йўловчилар ғашига тегаётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бу эса ҳеч бир одоб қоидаларига тўғри келмайди.
Азиза Ҳотамбоева, педагог:
– Болалигимда бобом мени олдиларига ўтказиб, аёл киши эркак кишини йўлинии кесиб ўтиши одобсизлик, деб насиҳат қилганлар. Ёши каттами ё кичик ҳар доим эркак кишига йўл беришга одатландим. Баъзида ёши катталар “отангга раҳмат, қизим” деб дуо қилишганида ич-ичимдан хурсанд бўлиб, бобомга раҳмат дейман. Биз учун оддий туюлган ҳолатлар атрофдагиларни бефарқ қолдирмасликни ёдда тутишимиз керак.
Муртозақул ҳожи ота,85 ёшда:
– Савоб ишини ҳар бир ҳаракатимизда қилишимиз мумкин. Одамларнинг юришига ҳалақит берувчи шох-шаббани ҳам олиб ташлаш чиройли одоб намунасидир. Йўл-йўлакай дуч келган жойга қўлдаги кераксиз нарсаларни улоқтириш хунук ишдир. Шуни унутмаслик керакки, маданиятни инсон ўз қўли билан яратади. Уни асраб қолиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз.
Ҳаёт йўлимиз одобимиз билан янада нурафшон бўлиши ўзимизга боғлиқлигини унутмайлик. Кўзгу қаршисида ўзимизга оро беришимиз қалб кўзгусига ҳамоҳанг бўлиши учун ҳаракат қилайлик, азизлар!

Шаҳло АБДУСАИДОВА




Комментариев нет:

Отправить комментарий