среда, 1 февраля 2017 г.

СЕҲРЛИ ҚУРОЛ


Мақол – тафаккур дурдонаси бўлиб, халқ тилидан олинган, асрлар оша ихчамлашган, мўъжазгина маънолар хазинаси бўлиб, болаларга тарбия беришда ўз қудратига эга. Болалар нутқлари давомида қанчалик кўп мақол ишлатса, ўша болага нисбатан тенгдошларининг эътибори, ҳурмати ошади. Халқ мақолларида доно халқимизнинг турмуш тарзи, ўй-хаёллари, орзу-умидлари мужассам.


Дунёда қайси бир халқни олиб қарамайлик, тарбия жараёнида халқ оғзаки ижодининг намунаси ҳисобланган мақолларга мурожаат этишади. Шу боис кичик ёшдаги болалар маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда мақолларнинг ҳам ўз ўрни  ва роли бор. Башарият босиб ўтган ўтмиш давомида ҳам бизга маълумки, фарзанд тарбиясида мақоллар асосий қуроллардан бири бўлиб келган.
Мақоллар бошқа халқ оғзаки ижоди намуналаридан шуниси билан ажралиб турадики, унинг ишлатилиш доираси чегараланмаган. Юртбошимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида оила тўғрисида илгари сурган фикрларида шундай дейди: “Бугунги кунда бизнинг қилаётган барча ишларимиз фарзандларимизнинг бахт-саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Лекин бахту-саодат фақат бойлик, мол-мулк билан белгиланмайди. Одобли, билимдон ва ақллли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг катта бойлигидир”. Айнан мақолларни кўп ўқиган, ёд олган болаларда дўстлик, бирдамлик, ҳамжиҳатликка чорловчи ижобий туйғулар, ҳалол меҳнат қилишга, виждонан пок, маърифатли инсон бўлиб етишишлари учун даъват этади.
Шу нарса маълумки, болалар ўз-ўзидан тарбияланиб қолмайди, аксинча атрфодаги жамиятнинг бошқа аъзолари билан олиб борган мулоқоти давомида аста-секин шаклланиб боради. Анан шу пайтда болани ўраб олган муҳитга ҳам эътибор бериш лозим. Чунки инсонлар икки тоифага: маънавий етук ва маънавий қашшоққа бўлинишлари сир эмас. Кичик ёшдаги болаларнинг маънавий етук кишилар таъсирида бўлсагина уларда ватанпарварлик, вафодорлик, камтарлик, тўғрисўзлик, илм ва ҳунар эгаллашга бўлган интилиш ҳислари куртак ёза бошлайди ва улар ҳам келажакда ана шундай инсонлар тоифасига киришлари учун астойдил ҳаракат қилишади.
Кичик ёшдиги болалар ўзлари ўқиган, эшитган ва ёд олган мақолларини ўз дунёсида талқин қилишади. Демаким, улар бевосита фикрлашга, мушоҳада қилишга ҳаракат қилишади. Натижада уларнинг нутқи ўсиш билан бир қаторда, сўз луғат жозибадор ва дилхуш сўзларга бойиб боради.
Халқимизнинг сеҳрли қуроли ҳисобланган мақоллар халқ оғзаки ижодининг энг кичик жанри сирасига киради. Шундай бўлса-да, у ўзининг сермазмунлиги ва мавзу жиҳатидан ранг-баранглиги билан ўқувчиларни тафаккури кенгайишига хизмат қилади. Чунки мақоллар ўз ва кўчма маънода қўлланиши мумкин.
Мактабнинг бошланғич синфида таҳсил олаётган болаларга мўлжалланган айрим мақолларни кўриб ўтадиган бўлсак, фикримизни тасдиқлаган бўламиз.
Туғилган еринг – Ватанинг,
Ватанинг – номусинг.
Бу мақол орқали болалар туғилган ери “Ватан” деб аталишини яхши англаб олишади. Ҳар бир фарзанд болалигидан бошлаб чуқур билим эгаллаб, келажакда бир соҳанинг мутаххассиси бўлиб етишиш даркор. Шундагина юртимиз келажакда янада гуллаб яшнайди. Агарда болалар ўқишни ташлаб, бўш вақтларини мазмунсиз ўтказишда, юртимизнинг аҳовли аксига олиб кетади. Шу сабабдан “Ватанинг - номусинг” дейилмоқда.
Баркамол авлодни болалигидан бошлаб Ватанпарварлик руҳида камол топтириш энг олий қадрият ҳисобланади. Чунки тинчлик ҳукмронлик қилган юртда янада ривожланиш бўлади. Шунинг учун Она юртимизга содиқликни ҳеч вақт унунтмаслигимиз лозим:
Элинг сенга чўзса қўл,
Унга доим содиқ бўл.
Тарбия турларидан бири ҳисобланган – меҳнат тарбияси ҳам ўзбек халқининг менталитетига хос бўлган қадриятлардан биридир. Болаларни кичик ёшидан бошлаб меҳнатсеварликка ўргатиш даркор. Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон хор бўлмаслигини, ишининг  унуми бўлишини онгига сингдириб, ёшига хос юмушларга жалб қилиш лозим. Масалан, ўқувчиларга “Меҳнат ва ўқиш – оға-ини” эканлиги тўғрисидаги мақолни мисол қелтиришнинг ўзи кифоя. Меҳнат ва ўқиш бир-бири билан чамбарчас боғланган экан, демак, ҳар бир шахс буни тўғри  англаб, амалда қўлламоғи керак. Яна бир мақолда шундай дейилади:
Ҳаракатинг – соғлигинг,
Меҳнатинг – бойлигинг.
Демак, ушбу мақолдан кўриниб турибдики, инсон соғлом ва эпчил бўлиш учун  ҳамиша ҳаракат қилмоғи зарур. Аслини олганда ҳам бу яшаш қонунларидан бири десак ҳам, муболаға бўлмайди. Болаларнинг сўз бойлигида ҳалоллик, тўғрисўзлик, вафодорлик каби сўзлар ўз тушунчасини топса, мақсадга муддао бўларди. Чунки азал-азалдан ота-боболаримиз ҳам ўзининг ҳалол меҳнати билан ном қозонган ва бу анъанани давом эттириш ўсиб келаётган ёш авлоднинг қўлида.
Дўст билан сирдош бўл,
Ишига доим йўлдош бўл.
Ушбу мақолда энг олий туйғу ҳисобланган дўстлик ҳақида фикр юритилмоқда. Албатта ҳар бир инсон ўзига бир умрлик дўст топади. Инсоннинг дўсти унинг иккинчи “мени” ҳисобланади. Шунинг учун киши дўстига ўзига ишонгандек ишонади. Дўстлар бир-бирига ёрдами керак бўлганида аяшмайди. Уларнинг ўртасида ўзаро ишонч, вафодорлик риштаси кучли бўлади.
Билимлининг билими юқар,
Билимсизнинг нимаси юқар.
Бевосита бу мақол дўстлик билан боғлиқ. Кичик ёшдаги мактаб ўқувчиларини бир-бирларига намуна қилиб кўрсатишда ҳам юқоридаги мақол ас қотади. Билимга чанқоқ бўлган боланинг атарофдаги дўстлари ҳам шундай бўлиши амалиётда кўп синалган. Билимли болалар ўзаро билимларини синашади. Масалан, дебат, заковат, ақлий ҳужум усуллари бунга мисол бўла олади.
Ҳар ишнинг бир устаси бор,
Ҳар устанинг бир устози бор.
Бу мақолда кичик ёшдаги болаларнинг келажакда касб-ҳунар ўрганишларида, албатта, уларга устоз кўмаги лозимлини билдиради. Чунки устозсиз шогирт узоқ ва машаққатли йўлни якка ўзи босиб ўтолмайди. Устоз кўрган шогиртнинг иши унумли, касб-корида барака бўлади. Мана шу нуқтаи назардан ҳунарли кишиларнинг ишларига қараб, устози кимлигини айтиб беришади.
Халқимизда яна шундай мақоллар борки, уларда боланинг одоб-ахлоқини белгилайди. Яхши фазилатли, одобли болалар ҳамма даврларда ҳам улуғланиб келинган. Болаларнинг хулқи орқали уларнинг ота-онасига миннатдорчилик ёки аксинча норозилик ҳолатларини ҳам икки энлик гап билан ифодалашган. Масалан,
Яхши боладан раҳмат,
Ёмон боладан – лаънат.
Каматарлик ва манманлик хислатлари айнан болалик даврларидан бошлаб шакллана бошлайди. Азалдан бу икки ҳислат бир-бирига зид бўлиб, камтарлик улуғланади, манманлик эса қораланади.
Камтар етар муродга,
Манман қолар уятга.
Юқоридаги мақолда камтар инсон доимо хулқи, қилган ишлари, эгаллаган билимлари ва касб-ҳунарлари ҳақида ҳеч қачон ўзи мақтанмайди. Унинг фаолиятини атрофдаги инсонлар мақташади. Шундай бўлса-да, камтарин инсон мақтовларга ўч бўлмай, балки ўз устида тинимсиз изланишда давом этади. Шу сабабдан камтар инсон ўз кўзлаган мақсадига етади. Манман киши эса аксинча, бир ишни дўндирмасдан, фақат ўзини-ўзи улуғлайди. Шунинг учун жамоада ҳамиша кулгига қолишади.
Рост гапирган тўғри,
Ёлғончи – ўғри.
Бу мақолда ростгўйлик қадрланади, ёлғон сўз ишлатганларни ўғрига тенглаштирилади. Рост сўз ҳамиша инсонлар ҳаётида муҳимлигини болаларга пухта тушунутириш лозим. Зеро, ёлғончиликнинг умри калта бўлади.      
Болалар ўртасида ҳар ҳафтада бирон бир мавзудаги мақолларни олиб, ҳафта сўнгида энг кўп мақол ёдлаган болаларни аниқлаш орқали ҳам уларнинг нутқини теранлаштириш мумкин. Масалан, ҳайвонлар, қушлар, тозалик, фаровонлик, тинчлик, ботирлик, меҳр-оқибат, аҳиллик, ёшлик каби хилма-хил мавзулар болаларни мушоҳада қилишга чорлайди.
Халқимизнинг беқиёс дурдоналари саналган мақоллар довон ошишига, албатта, келажак авлоднинг қўлида. Чунки, таълим ва тарбия жараёнида мақолларнинг ўрни муҳим. Бу усул ҳамма вақт самарали усул ҳисобланган ва бундан кейин ҳам ушндай бўлиб қолади. Шундай экан, асрлар ошган маънолар хазинасини доимо мурожаат этган ҳолда, улардаги ибрат олишини унутмайлик.
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий