пятница, 24 февраля 2017 г.

БОЛАЛИКНИНГ ЁРҚИН ИЗЛАРИ


Қўлига қалам тутган инсоннинг софдиллиги унинг сийратига ҳам кўчишини умидли ёш қаламкаш Ёрқинжон Ҳайитбоев мисолида яна бир бор амин бўлдик. Унинг “Мана, мен!” деб чақнаб турган кўзларидан ўзига бўлган ишончни англаш учун назар солиш кифоя. Орзулар фаслида аслида ишонч, интилиш, ҳаракат бўлса, маррани эгаллаши шубҳасиз.  Ёрқинжон Ҳайитбоев айни пайтда Мирзаобод туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 8-синфида аъло баҳоларга ўқиб келмоқда. У шу кунга қадар 70 дан ортиқ диплом, сертификат, фахрий ва мақтов ёрлиқлар, ташаккурномалар соҳиби.

Қаҳрамонимиз 7 ёшидан бошлаб шеърий машқлар қоралаб келаётир. Унинг “Болалик баёти” деб номланган илк шеърий тўплами мухлислар эътиборига ҳавола қилинган.  Юрт мадҳи, шукроналик ҳисси, табиат кўрки, болалик қувончлари акс эттирилган шеърлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Ёрқинжоннинг устозлардан олган ўгитлари ва интилишлари самараси ўлароқ, “Камалак юлдузлари – 2016” болалар ижодиёти фестивалининг назм йўналиши бўйича республика босқичи лауреати бўлгани қувонарли ҳолдир.
– Қалбимда китобга бўлган чексиз меҳрни уйғотишда оддий деҳқон- дадажонимнинг ўрни катта, - дейди суҳбатимиз давомида Ёрқинжон Ҳайитбоев. – Ҳар бир эришган ютуғим эвазига доим мени китоб билан рағбатлантириб келадилар. Ҳадя қилинган китобни ўқиб бўлсам, янгисини совға қилишни канда қилмайдилар.  Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиш дунёқарашим, тафаккурим ўсишига сабаб бўлмоқда. Китоб жавонимни “Камолот” кутубхонаси” рукини остида чоп этилган китоблар ўзгача зийнатлантиради.
Ёрқинжон ташаббускор ўқувчилардан бири. “Камалак” болалар ташкилоти томонидан ўтказиладиган турли фестивал ва акциялар, тадбирларнинг фаол иштирокчиси бўлибгина қолмай, намунали сардор сифатида ўзини намойиш эта олди. Ҳаракатдаги дастлабки фаолиятини мактаб сардорлар кенгашида бошлаган қаҳрамонимиз, кейинчалик вилоят сардорлар кенгашида турли йўналишлар бўйича сардорликка сайланди. 2016 йилдан бошлаб у вилоят сардорлар кенгашининг раислигига бир овоздан сайланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Республика “Камалак” болалар ташкилотининг анаънавий XV анжуманида вилоят жамоасининг қўлга киритган ютуқларида унинг ҳиссаси катта. Анжуман доирасида “Қувноқлар ва зукколар” ҳамда “Қадрият, урф-одат, анъана ва болалар”  кўрик-танловлари, “Қўғирчоқ театри”даги чиқишлар Ёқринжоннинг сценарийси асосида саҳналаштирилиб, муваффақат қозонилди.
– “Камалак” болалар ташкилоти  ўзимга бўлган ишончни кучайтиради. Олдин жамоат олдида ҳаяжонланар ва фикримни баён қилаолмасдим. Уч йил ичида ўзимни бошқатдан кашф этишга мувоффиқ бўлдим. Сардор бўлиш қийин. Негаки, доимо тенгдошларимдан бир қадам олдинда туриб, ўрнак бўлишим керак деб ўйлайман. Ўқишда ҳам, қўлга киритаётган ютуқларида ҳам ҳамиша мана шуни ёдда тутиб, олдинга ҳаракат қиламан. 
Ёрқинжон сардорлик қилган жамоа ўтган йили “Камалак билимдони” республика босқичида “Энг ўзгача жамоа” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Шунингдек, Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан ўтказилган “Мустақиллик мадҳи – болалар ижодида” республика танловида фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Фарзанди камолоти йўлида Ўрмонали ака ва онаси Бувҳилол опа Ёрқинжонни доимо қўллаб-қувватлашади. Керак бўлганида унга яқин сирдош бўлиб маслаҳатларини аяшмайди.
– Онажоним қўлларини дуога очиб толеим баланд, соғ-саломат бўлишимни сўрашни канда қилмайдилар, - дейди Ёрқинжон Ҳайитбоев. – Отам эса “Ўғлим, бизнинг сендан умидимиз катта. Ўқиб, элга нафинг тегадиган  фарзад бўл” деб насиҳат қиладилар. Келажакда журналист бўлиб уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Ҳа, билимига таянган одам камол топади, кўзлаган мақсадига эришади. Ёрқинжоннинг олдинга қўйган режалари бисёр. Биз ҳам унинг ҳаёт йўллари янада ёрқин бўлишини тилаб қоламиз!


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий