среда, 1 февраля 2017 г.

ЎЗИМИЗ БИЛГАН НОДИРА

Бундан анча йиллар аввал таҳририятга тортинибгина келган қизнинг шеърий машқлари билан танишиб, кўнглимиз ёришиб кетгани рост. Айрим нуқсонлардан холи бўлмаган қораламаларида ўзига хос илиқ фикрлар борлиги қувонтириб юборганди. Шу-шу Оқолтин туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Нодира Ғозиева таҳририятга тез-тез ташриф буюрадиган, устози Норинисо Қосимовага янги  қораламаларини интиқлик билан   тутқазадиган бўлди.


Нодира шеърдан шеърга, сатрдан сатрга “улғайиб” боргани сир эмас. У мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, Гулистон шаҳридаги академик лицейга ўқишга кирди. Унинг билим доираси кенгайиб, ўз устида тинмай изланишига янада  қулай имконият яратилди.
Қаердаки тарбия,самимийлик ва ўзаро ҳурмат кучли, оиладаги катталар ибратга молик бўлса турмуш тарзи  дилни яйратади. Нодира камолга етган оилада ўзаро меҳр, оқибат ниҳоятда кучли. Сабаби унинг бобоси Маматқул Ғозиев узоқ йиллар турли соҳада меҳнат қилиб эл ҳурматини қозонган зиёли инсон. У киши  вилоятдаги турли туманларнинг ободончилигига, турмуш тарзининг фаровонлашувига муносиб ҳисса қўшган фидойилардан. Отахоннинг ташаббуси билан чўл бағрида биринчи мактабга тамал тоши қўйилганини,қишлоққа мачит қурилиб, қабристон атрофи  ўралаганини, ичимлик суви ва табиий газ олиб келинганини оқолтинликлар жуда яхши эслашади. Тўқсондан ошган отахоннинг кўксини безаб турган “Шавкатли меҳнати учун”, “Шуҳрат” ва “Меҳнат фахрийси” каби унвонлар бежизга тақилмаган.
– Бобожоним пири бадавлатлардан, - дейди Нодира тўлқинланиб. – У кишининг 27 нафар невараси, 43 нафар чевараси бор. Бобожонимнинг ҳаёт мактаби биз  ёшларга катта сабоқдир. У кишининг эсдаликлари, ҳаётий ҳикоялари мени болалигимдан тўлқинлантириб келган. Қўлимга қалам тутиб, ижод қилишимда бобожонимнинг ҳиссалари катта...
Биз  ёшларимизнинг қўлга киритаётган ютуқлари, ўқиб-изланишлари билан ҳақли равишда фахрланамаиз. Улар ўз навбатида  вояга етган оилавий муҳити, бобо ва бувилари, ота-оналари билан ғурурланишади. Бу бизнинг  жонажон юртимизда оилага бўлган бениҳоя катта ғамхўрлик ва эътиборнинг  самарасидир. Нодира “Давр ёшлари” қошида ташкил этилган адабий тўгаракда чархланиб борди.Тенгдошларининг ижоди билан яқиндан танишиб, устоз ижодкорларнинг маслаҳатларини олди. Шеърлари  турли газеталарда тез-тез чоп этилиб устозлар назарига тушди. Унинг илк шеърий китобчаси “Қалбим чечаги” 2013 йили нашрдан чиққан эди. Бу китобчага киритилган шеърларда бахтиёр ўзбек қизининг бўй-басти, орзу умидлари ўз ифодасини топганига асло шубҳа йўқ. Изланувчан ва интилувчан  бу қиз “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаолларидан.  Унинг “Китобхон оила” республика кўрик-танловида фахрли ўринни олишида эса ота-онасининг, яъни у туғилиб ўсган оилавий муҳитнинг таъсири каттадир. Дадаси Рустам Маматқулов малакали  шифокор, онаси Ҳафиза бадиий адабиётни севади. Сингиллари,  укаси ҳам  кўп мутолаа қилишади, дарсларни аъло баҳоларга уддалашади. Маматқул бобо нафақат  бу набираларининг, балки барча фарзандларининг оиласида  илмга меҳрни уйғота билган инсон. Айниқса, ижодкор набираси Нодирадаги интилиш ва қизиқишларни қўллаб-қувватлади. Турли тадбирларда иштирок этишида, танловлардаги фаолиятида  уни маънавий қўллаб-қувватлаб борди. Аввало оиладаги ишонч, фарзанд кўнглидаги истакларини рўёбга чиқариш, қолаверса устозларнинг  меҳрли нигоҳлари, сабоқлари Нодира Ғозиевага қанот бағишлади.
2016 йилда Нодира Ғозиева  адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Бу қувончдан уни таниган-билганларнинг қалби қувончларга тўлди. Айниқса бобосининг севинганини айтмайсизми?
– Шу ёруғ кунларимни бобожоним кўрганларига  минг шукр.Биз ёшларга оталарча ғамхўрликлар кўрсатиб,   меҳр билан фарзандим дея бағрига босадиган Юртбошимиз омон бўлсинлар. Уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Бу  улуғ мукофот барча ижодкор тенгдошларимга берилган мукофотдир. Шундай  гўзал, озод ва обод юрт фарзанди эканимдан фахрланаман ва бу ифтихор албатта ёзилажак шеърларимда ўз аксини топади, - дейди Нодира.
Келажакда эл ардоғидаги ижодкорлар сафидан жой олиш, жаннатмакон юртни мадҳ этиб оламга кўз-кўзлаш унинг ягона тилаги.Унинг интилишлари, ўзига бўлган ишончи албатта тенгдошларига ҳам руҳ бағишлаши аниқ.


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий