среда, 1 февраля 2017 г.

ДИЛ ЯРАСИ

Йигитнинг уйидагилар оёқяланг югуриб келган қизни ҳайратланиб, минг хавотирда ичкарига олиб киришди. Энг ажабланарлиси, йиғидан кўзлари қизариб кетган Зиёда Холмат амакининг оёқларига йиқилиб ёлворди:
– Отажон, қандай тушунсангиз шундай тушунаверинг, мени ҳайдаманглар! Ота-онамникидан қочиб келдим! Бошқа йигитга турмушга чиқмайман! Ўлгунимча сизни ва онажонимни хизматларингизни қиламан, Мурод акамсиз яшашнинг кераги йўқ! Менга ёрдам беринглар!
Холмат ака  кўпни кўрган, қолаверса жуда сермулоҳазали, қўл учида   яшасаям орияти кучли, маърифатли инсон эди. Оёқлари остига йиқилган  қизни  ногиронлик аравачаси олдидан  нари сурди:


– Ие, бу нимаси, тур,  болажоним, уят бўлади-я. Ҳалима, қизимни ичкарига олиб кир, кейинроқ гаплашамиз! Иссиқ чой беринглар, ҳей боласи тушмагурлар-ей...,- амаки аравачасини ғийқиллатганча ҳовли четига юрди. Унинг ортидан шарпадек эргашган аёли шивирлади:
– Отаси, бу қизни биласизми ўзи? Ҳа, ўша Икромбойваччанинг қизи. Муроджонни яхши кўрармиш, бошқадан совчи келибди, вой бизникига индамай кириб олаверадими? Одамлар нима дейди, бекор уйга киргиздикми, дейман?
– Шошмай тур, ўғлинг келсин, суриштирайлик, битта қишлоқнинг одами бўлсак, ота-онаси келиб қолар, - отанинг боши хам тортди.
У ичида ўғлидан норози бўлиб кетди. Ишқилиб бирон ножўя иш қилмадими, боласи тушмагур. Уй-жойлар ҳаминқадар, мол-ҳоллар саломатлигини тиклаш учун сотилиб бўлган, тўй қилишга маблағни қаердан олишади? Икромбойваччани молу дунёси ачиб ётибди, буларни назарига илармиди? Қиз тушмагур ҳали болада, катталарнинг муомаласини билармиди.
Ичкариги уйдан эса қизнинг йиғлаб гапираётгани эшитилар, қўшни келинчак ҳам унинг ёнида эди. Эру хотин Муроджонга телефон қилишди. Касалхонада ётган бемор амакисининг олдида туну кун қараб турган йигит Зиёда уйларига келганини эшитиб ҳайрати ортди.
– Амакимни  ёлғиз ташлаб кетолмайман, онажон. Эрталаб етиб бораман, аммамни айтамиз, касалхонага келадилар. Мен, сизларни уялтирадиган  ёмон иш қилмаганман...
Кечга томон ғира-ширада ҳовлига бақир-чақир қилганича қизнинг отаси, акалари кириб келишди. Бировининг қўлида болта, бировида     арқон. Кўзлари ғазабдан бўрининг кўзидек ёниб турган Икром ўдағайлади:
– Қизимни йўлдан оздирган арзанданг қани, болта билан майдалаб ташлайман! Шу кунингга мен билан қудалашишни орзулаб қолдиларингми, қашшоқлар! Мен киму сизлар ким?!
Ногиронлик аравачасида ўтирган Холмат амакининг эси чиқиб кетай деди. Ҳалима хола эса гандираклаганча унинг қўлларига ёпишди:
– Вой, менгина ўлайин ёлғиз боламнинг ўрнига, унга тегинманг, аввал мени ўлдиринг! Нима гуноҳи бор боламнинг?! Сизлар осмон, биз ермиз, бой ука.
– Қизимни уйингга яшириб ўтирибсанлар, қани  ўғлинг, ўша беномусни чақир! Зиёда тез чиқ, сениям ўлдираман! Шунчалик қадрингни ерга урасанми ногиронни боласига!
Ҳовли тўс-тўполони чиқиб бақир-чақирларга тўлди. Атрофдан қўни-қўшнилар чиқиб ҳай-ҳайлашди. Шайтон йўлидаги ота ва болаларга бас келиш қийин эди. Зиёданинг сочларидан тортиб чиққан катта акаси Ҳалима холага бақира кетди:
– Сен ўргатгансан болангга, қизни олиб келсанг, осонгина келин қиламиз, деб. Чучварани хом санабсан, сен қашшоқларга берадиган  синглимиз йўқ!
– Тепсанг бир сариқ чақа  чўнтагингндан тушмайдию мени қизимга  оғиз соладими чурвақа боланг?! Қани, мард бўлсанг олдимга чиқ, эй  дарбадар Муродча!
Икромбойваччанинг ва ўғилларининг оғзидан чиққан сўзларга чидаш оғир бўлсада, Холмат амаки оғир келди:
– Қизингдан сўра-чи, бу уйга уни ким зўрлаб олиб келибди? Ўзи келди, биз яхшиликча  насиҳат қилиб турибмиз, болам неча кундан бери уйда йўқ, туҳмат тошини отманглар!
Зиёда отасининг қўлидан зўрлик билан  чиқишга уринар, акаларидан шу уйга ташлаб кетишларини сўраб ялинарди. Улар қандай ваҳимада келишган бўлса, шундай тасира-тусир билан машинага ўтириб жўнашди.
– Муродни топиб бу қилган иши учун ўлдираман! – Икромбойваччанинг бу гапларидан Ҳалима хола ҳушидан кетиб девор тагига чўзилиб тушди. Ҳамма унга сув сепган, ичкарига судраклаган. Салкам ўн йиллар бефарзандликдан азоб чеккан, Мурод туғилганида еру кўкка сиғмаган  Холмат амаки эса бўлган воқеанинг калавасини топишга уринарди.
Аслида Мурод ҳам Зиёдани ёқтирарди. Иккаласи орқама орқа синфда ўқишган. Аммо оиласидаги катта тафовутни билгани учунми ота-онасига бу қиз ҳақида гапиришга журъати етмаганди. Зиёданинг салом хатларию совға саломларига деярли жавоб ҳам бермасди. Ростда кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб нима қиларди, унинг отаси қишлоқнинг олди бойларидан, акалариям  катта тадбиркорлар. Пул дегани пистанинг пўчоғидек гап уларга. Муроднинг отаси эса ўн марталаб операция бўлган, топганлари уни даволанишидан ортмайди. Иш вақтида оёғига темир тушиб шикастланганида катталар унга ялиниб ёлворишган. “Ўзим айбдорман, иш вақтида бўлмаган бу фалокат” деб уларнинг қистови билан тилхат ёзиб берганди. Аммо ноинсофлар бирор мартаям даволаниши учун ёрдам бермади, эгаллаб турган амалидан чўчиб осонгина жавобгарликдан қутилиб қолишганини Холмат  кейин тушунди.  Ўша  лат егани сабаб унинг оёғи йиринглаб,  кесиб ташлангандан бери  дарддан чиқмай қолган. Онаси бечора ўн йилда бир янги кўйлак киймаса, сингиллари ёш. У анчадан бери бирорта дуруст иш топиб  рўзғорни тиклашни  дилига тугиб юрарди. Кексайиб қолаётган ота-онасига юрак ютиб шу ниятини айтолмай турганди. Шу воқеа сабаб бир дўсти билан узоқларга, Россияга кетишга аҳд қилди. У Зиёдага қўлиниям теккизмаганини, унга ваъда ҳам бермаганини айтгач ота-онаси таскин топишди. Ваҳоланки, қизгина  бундай софдил, кўнгли тоза инсонларга келин бўлишни орзулаганидан ўз уйидан қочиб келганди.
Орадан уч йил ўтиб Мурод қишлоққа қайтди. Бу вақт ичида у ишлаб топган пулларини отасига юбориб турди. Унчалик катта бўлмасада,  янги уй  қуришди, “Матиз” русумли машина харид қилишди. Аммасининг эри  Холмат амакини  у ёқ бу ёққа олиб бориб турадиган бўлди. Муроднинг қайтганини эшитган Зиёда ва ота-онаси уларникига келишди. Уларни кўриб ҳамманинг оғзи ланг очилиб қолди. Икром, қизлари бошқага турмушга чиқмаётганини, бир неча марта жонига қасд қилганини айтиб кўз ёш тўкди. Ўшанда ёшлик қилиб уларга озор беришганини айтиб, узр сўраган бўлди.
– Камбағал бўлсак ҳам оримиз, ўзимизга яраша тирикчилигимиз бор,-деди Ҳалима хола  жаҳл билан. – Сизлардай бой-бадавлат бўлмасаям ўз тенгимиз билан қудалашармиз. Боламга болта кўтарганнинг қизини ўлсам ҳам келин қилмайман!
– Икки ёшнинг ўзидан сўрайлик, - деди тўшакда ётган Холмат амаки инқиллаб. – Биз катталар кечиримли бўлишимиз керак, ўтган ишга саловат. Муродни чақиринглар-чи?
Уч йил ичида анча улғайиб, келбатли йигитга айланган Мурод одоб билан салом берди ва ерга қараганча отасининг гапларини тинглади.
– Камбағаллик айб эмас, мен ота-онамни ерга уриб, дилларини вайрон қилиб хорлаган инсонларга фарзанд бўлолмайман. Зиёдани яхши кўраман, бироқ у тенгини топади. Чит кўйлакли онамнинг ўша пайти мен сабаб эзилгани ҳали эсимдан чиққани йўқ, Зиёда, кечир сенга уйланиб онаизоримни қалбини яраламайман.
Икромбойвачча хотини ва додлаб йиғлаётган қизини жаҳл билан етаклаб ғудранганича  чиқиб кетаркан, Холмат амакининг елкасидан тоғ қулагандек бўлди. Инсоннинг орияти, номуси бўлсин экан. Молу давлат топилади, йигитнинг боши йўқчиликдан эгилмасин. Насиб этса, икки ёш ҳам тенгини топар, бу воқеалар эсдан чиқар, аммо дил яраси ва ноҳақ туҳмат тамғаси ҳеч қачон ёддан чиқмайди. Бежизга  тиғ яраси битади, дил яраси битмайди деб айтишмаган-да...


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий