пятница, 24 февраля 2017 г.

ТАТУАЖ ЁХУД СОХТА ҲУСН



Таъзия бўлган хонадондан тўп-тўп бўлиб хотин-халаж тарқалди. Хонадондан узоқлашган аёллар марҳума дугоналари ҳақида илиқ хотираларни ёдга олишар экан, улардан бири ачинганча сўз қотди:
- Раҳматлининг қизлари ўзига ўхшамабди-да, эсиз. Умри давомида қоши ўсмадан, кўзи сурмадан бошқасини кўрмаган. Қизлари "дод" деб фарёд чекишаяпти-ю, аммо уларнинг юзларидаги пардоз-андозни кўриб, ажабланиб қолдим.

- Вой, нимасини айтасиз, - дея гапга қўшилди улардан бири. - Ўзбекчиликка мутлақо тўғри келмайди. Нима бўлганда ҳам мусулмонмиз-ку!
Бу гапни эшитиб кетаётган аёллар бошларини сарак-сарак қилишганча "тавба" дея ёқаларини ушлаб қўйишди. Орада яна гап кўтарилиб:
- Йўқ, улар аслида бўяниб олишмаган. Буни номини татуаж дейишади. Ҳозир қизлар орасида урф тусига кирган. Худди ҳозиргина пардоз қилганга ўхшаб тураверасиз, сув тегса ҳам ўчмайди.
- Э, ўргилдим шунақа пардоздан! - деди бошидаги рўмолини тўғирилганча  аёл. - Мана шундай эл-у халқнинг олдига юзинг шувут бўлиши учун керакми?
Бу мавзу марҳуманинг маъракасида ҳам қайта-қайтга кўтарилаверди...
Ҳақиқатдан ҳам моданинг бир турига айланишга улгурган татуажлар бугунги кунда оммалашиб бормоқда. Хўш, табиийликдан сунъий ҳуснга ўтишнинг нима зарурияти бор?

ТАТУАЖ ЎЗИ НИМА?

Европада кенг тарқалган татуировка бугунги кунда "оммавий маданият" кўринишини сифатида  ёшлар орасида "машҳур". Тарихда қадимги юнон ва римликлар қул ва жиноятчиларни жазолаш мақсадида ундан фойдаланишган. XVII асрга келиб Японида жиноятчилар танасига жазо сифатида маъноси "кучук" сўзини англатувчи иероглиф чизилган. Татуаж ҳам татировканинг бир тури бўлиб, юз аъзолари - қош, кўзнинг тепа ва пастги қисми, лаб атрофига 1 ёки 2 миллиметр қатламига махсус игна ёрдамида санчиб, бўёқлар юбориш орқали ҳосил қилинадиган пермамент пардоздир. Бундай пардоз тури узоқ муддатга мўлжалланган бўлиб, сув текканда ҳам ўчмайди.

ФОЙДАЛАНИШ ЗАРУРИЯТИ

Турмушга чиқаётган қизларнинг аксарияти гўзаллик салонларида татуаж қилдиришади. Бўлажак келинчаклар пардоз-андозни ишлатишда етарлича тажрибага эга эмаслигини биринчи сабаб қилишса, иккинчиси уй юмушларидан вақт орттириб ўзларига оро беролмасликларини таъкидлашади. Ўрта ёшдаги аёллар эса юзларида пайдо бўла бошлаган нуқсонларни яшириш учун татуаждан фойдаланиши урфга кириб боряпти. Аёллар тўй-томоша ва базмларга борганда пардози кўнгилдагидек чиқмай, асабийлашишдан кўра доимо мафтункор кўринишни маъқул кўришади.

ГЎЗАЛЛИКНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?

Шаҳримиз кўчаларида жойлашган гўзаллик салонларида "Татуаж қиламиз" деган эълонларга бу сафар бефарқ қарамадик. Салонларда юз аъзоларини татуаж қилдириш қанчага тушишига қизиқиб кўрдик. Мутахассисларнинг тажрибасига қараб нарх 40 000 сўмдан 70 000 сўмгача бўлиб, юз аъзоларини қилдиришга ўртача 165 000 сўмни ташкил га тушар сарфланар экан. 

КАФОЛАТЛАНМАГАН, АММО СЕРМИЖОЗ

Қайси гўзаллик салонига кирмайлик, мутахассислар деярли бир хил жавоб эшитдик.
Камола - гўзаллик салони ходими:
- Биз қилинган татуажимиз мижозга салбий таъсир қилишии мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирамиз. Жараёндан игна билан қилинганлиги учун кучли оғриқ бўлишини, бир ойгача татуаж қилинган аъзога сув текизмаслик ва устидан пардоз қилмаслик мақсадга мувоффиқ эканлигини айтиб ўтамиз.
Нодира - гўзаллик салони ходими:
- Шу кунга қадар ҳеч қайси мижозим норози бўлиб келагани йўқ. Уларга жараён ҳақида тўғри тушунириш лозим деб ўйлайман. Ҳар бир мижозим кўз олдида бир марталик ишлатиладиган воситалардан фойдаланаман ва бу ҳақида ёзув дафтаримга қайд қилиб қўяман.
  Шу тобда ўз соғлиғини таваккалчиликка алмаштираётган мижозлар нега бундай йўл тутишаётганини кишини ўйлантириб қўяди. Ваҳоланки, бирон еримиз оғриса, дорихоналардан сотиб олаётган дори-дармонларнинг йўриқномасини ўқиб чиққанлан сўнг истеъмол қиламиз-ку!

ШИФОКОРЛАР БУ ҲАҚИДА ҚАНДАЙ ФИКРДА?

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ғарб давлатларининг пермамент пардози бизнинг шарқона қарашларимизга тўғри келмайди. Шарқ аёллари ўзининг зукколиги ва мафтункорлиги билан машҳур. Таббий гўзалликникни йўқотмаган ҳолда, ўзимизни ва келажагимизни "оммавий маданият" унсурларидан фориқ тутайлик. Зеро, жозибалик ортидан соғлигимизга путр етмасин.

Косметолог шифокор Вазира Алимова:
- ТАТУАЖ - пармамент пардоз бўлиб, яъни юздаги аъзолар - лаб, кўз ва қошни узоқ вақт (3, 5, 7 йилгача) кетмайдиган қилиб бўяб, пардоз бериш. Пармамент пардозда санаб ўтилган аъзоларнинг терисига татуаж учун мўлжалланган игна ёрдамида махсус бўёқ юборилади. Бу пигментларнинг узоқ вақт ушланиб туришини таъминлайди. Ушбу пардоз муолажаси оғриқли бўлиб, бир-икки соатга чўзилади. Татуаж узоқ муддатгача пардоз буюмларини унутиб, лаб, кўз ва қошга шакл бериш, тери нуқсонлари бўлмиш чандиқ ҳамда пигмент доғларни яшириш, хол қўйиш ёки табиий холларга бир оз ранг бериш, умуман ҳар қандай вазиятда гўзал кўриниш имконини беради.
Татуажнинг салбий томонлари билан танишиб чиқамиз.
Кўз татуажи.Татуажнинг мазкур тури кўзларга ишлов бериш, жумладан, игна ёрдамида шакл чизиш йўли билан кўз ва қовоқ шакли тўғриланади, унинг нуқсонлари яширилади. Бироқ мазкур муолажа оғриқли бўлиб, кўзнинг кўриш қобилияти, қовоқ терисига зиён етказади. Тери сезувчанлиги ва мимика (имо- ишора)га салбий таъсир кўрсатади.
Қош татуажи.Қош татуажи соч илдизининг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Қошлар учун бундай турдаги пардозни қилиш қошларингиз тукини бутунлай йўқотиб, уларнинг тўкилиш эҳтимолини оширади. Бунда янги қошлар ўсишдан тўхтайди.
Лаб татуажи. Лаб татуажи лаблар шаклини тўғрилаш, катталаштириш ҳамда лабнинг ичини бўёқ билан тўлдириш мақсадида амалга оширилади. Лабни татуаж қилгандан сўнг оғиз атрофида шишлар пайдо бўлиб, уларнинг битиши узоқ вақтга чўзилади. Бундан ташқари, инфекцион касалликлар билан хасталаниш эҳтимоли ошади. Агар сиз герпес вирусига тўқнаш келмаган бўлсангиз, мазкур муолажадан сўнг у сизда пайдо бўлиши ёки унинг организмингизда кучайиши кузатилади.
Татуаж нимаси билан хавфли?Маълумки, татуажда асбоб-ускуналардан фойдаланилади. Демак, асбоб- ускуналарни нотўғри стерилизациялаш, сифатсиз бўёқ ва мутахассис тажрибасининг етишмаслиги - пермамент пардозининг навбатдаги салбий оқибатларидан бири саналади. Татуажнинг хавфли томони шундаки, у юзнинг асаб ва томирларига жароҳат етказиши мумкин.Татуаж аллергияни келтириб чиқаради.Татуаж яна осонликча ўтиб кетмайдиган аллергияни келтириб чиқаради. Айниқса, аллергияни "чақиради". Бўёқларнинг баъзилари ўз таркибида аллергия ҳамда терида чандиқнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи моддаларни сақлайди. Одатда, бу моддадан мато ва сочлар учун бўёқларни ишлаб чиқаришда фойдаланишади. Мазкур модданинг татуаж туфайли терида узоқ вақт туриши аёлларнинг пардоз воситаларига, маиший кимё (кишиларнинг кундалик ҳаётида, масалан, рўзғорда қўлланиладиган кимёвий маҳсулотлар) маҳсулотларига нисбатан аллергиянинг пайдо бўлишига олиб келади. Бунда аллергия турли хил - ачишиш, қичишиш, қизариш, ғурра ва шамоллаш аломатлари билан ифодаланиши кузатилади. Нима бўлганда ҳам юзингизни татуаж қилишдан олдин пардознинг бу тури терингиз учун арзир-арзимаслиги, қолаверса, ташқи кўринишингиз илгаридек табиий бўлмаслиги ҳақида обдон ўйлаб кўринг. Муддати тугагач у на сиз ва на бошқасига кўркамлик ва жозибадорлик бағишлай олмаслигини ҳам унутманг.

Шаҳло АБДУСАИДОВА


Комментариев нет:

Отправить комментарий